Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга мурожаат қилиш анъанаси дастлаб 2017 йил декабрь ойида жорий этилган бўлиб, мазкур Мурожаатномада кўтарилган масалалар ўз долзарблиги билан барча фуқароларимиз ва халқаро ҳамжамиятнинг диққат эътиборини ўзига тортиб келмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ўз мурожаатида одатда ўтган йилни сарҳисоб қилади ва яқин келажакда республикани ривожлантиришнинг асосий йўналишларини белгилаб беради. 2020 йил 24 январда Президентимизнинг Олий Мажлисга учинчи маротаба мурожаати кутилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил Олий Мажлисга Мурожаатномасида жами 7673 та сўз ишлатилган бўлса, 2017 йилда эса жами 12069 та сўз ишлатилган.
2018 йилдаги Мурожаатнома матнида келтирилган сўзлар асосида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан энг кўп ишлатилган сўзларнинг контент анализи амалга оширилиб, уларни тасвирий ифодаловчи сўзлар жамланмаси тузилди.
Расмда Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йилги Олий Мажлисга мурожаатномасида энг кўп ишлатилган сўзлар ўрин олган.
Расмда Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йилги Олий Мажлисга мурожаатномасида энг кўп ишлатилган сўзлар ўрин олган.
Марказ томонидан Мурожаатномаларда энг кўп ишлатилган 15 та сўз таҳлил қилинди. Бунда сўзлар таҳлил қилинаётган матн ичида қанча кўп ишлатилган бўлса, тасвирда сўз шунча катта кўринади.
Ҳар иккала Мурожаатномада энг кўп ишлатилган сўз бу “давлат” сўзидир.
2018 йилги Мурожаатномада “давлат” сўзи 53 марта ишлатилган бўлса, 2017 йилда 81 марта ишлатилган.
Иккинчи ва учинчи ўринларда энг кўп ишлатилган сўзлар “биз” ва “янги” сўзлари бўлиб, улар 2018 йилда 2017 йил билан таққослаганда ўрта ҳисобда 15 тага камайган. Буни фақат биз ўзимиз, ўз кучимиз билан янги Ўзбекистонни қуриш имкони ва бурчига эгамиз деб тушунсак бўлади.
2017 йилга нисбатан “Вазирлар Маҳкамаси” сўз бирикмаси 2018 йилда 7 марта кўп ишлатилган. Бу эса мамлакатимиздаги ижро органи – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси олдига жуда катта вазифалар ва топшириқлар қўйилганлигидан ҳамда унинг халқ олдидаги масъулияти оширилганлигидан далолат беради.
Бундан ташқари Мурожаатномада “халқаро”, “тизим”, “таълим”, “солиқ”, “замонавий” сўзлари энг кўп қўлланилган ва уларга алоҳида урғу берилган.
Президентимизнинг 2020 йил 24 январда бўлиб ўтиши кутилаётган Олий Мажлисга Мурожаатномасида энг долзарб мавзулар қайсилар бўлиши ва энг кўп қайси сўзлар ишлатилиши мумкин деб ҳисоблайсиз?
Оставить комментарий