Ҳоким ёрдамчилари – халқ орасида ("Гулистон" маҳалласи)

Ҳоким ёрдамчилари – халқ орасида (

– Мамлакатимизда илк бор “маҳаллабай” тизими, cўнг барча маҳаллаларда “ҳоким ёрдамчиси” лавозими жорий этилди. Сиз учун бу лавозимнинг мазмун-моҳияти нимада?

– Президентимизнинг ташаббуси ўлароқ ташкил этилган бу лавозим халқ манфаатини таъминлаш, уларнинг оғирини енгил қилиш мақсадида жорий этилди. Ҳокимнинг қадами ҳар бир маҳаллага етмаслиги мумкин, аммо унинг жойлардаги ёрдамчилари маҳаллалардаги барча хонадонларда кечаётган муаммолар ҳақида маълумотга эга, бунда ҳудудларда аниқланган камчиликларни оз фурсатда, ортиқча қоғозбозликсиз ҳал этилишига имкон беради. Бу орқали эса фуқароларда давлатдан миннатдорлик туйғуси ҳосил бўлади. Ҳамма ишларимиз инсон қадрини таъминлаш учун қилинмоқда, десам адашмайман.

– Ўзингиз ва ушбу лавозимга қандай келганингиз ҳақида батафсилроқ сўзлаб беринг. Ҳоким ёрдамчиси бўлган маҳаллангиздаги ишлар билан аввал қанчалик таниш эдингиз? Илгариги қандай иш тажрибангиз ҳоким ёрдамчиларига юклатилган вазифаларни ҳал қилишга ёрдам бермоқда?

– Иш фаолиятимни 2022 йилнинг январь ойидан бошлаганман. Унга қадар Бекобод туман Халқ банки Зафар филиалида фаолият олиб борар эдим. Ушбу йўналишда Гулистон маҳалласида ҳоким ёрдамчиси лавозимида бўш иш ўрни борлигини эшитиб, номзодимни қўйдим. Ўзим фаолият юритаётган маҳалла фуқаролар йиғинида туғилиб ўсганман. Аввалги иш тажрибам фуқаролар билан кечадиган мулоқотимда ҳам асқотди. Қолаверса, шу маҳаллада туғилиб ўсганим ҳам менга анча қўл келди, десам янглишмаган бўламан. Айнан иқтисодиёт йўналишида фаолият олиб борганлигим учун Хитой тажрибасини ўз ишимда қўллашим ҳам айни муддао бўлди.

– Маҳаллангиз ҳақида батафсил маълумот беринг. У қаерда жойлашган, қишлоқда ёки шаҳардами, катталиги қанақа, маҳалла аҳлининг ишлаши учун қандай йирик корхоналар мавжуд, аҳоли, асосан, қайси фаолият турлари билан шуғулланади? Маҳаллада қандай ижтимоий инфраструктура объектлари бор?

Маҳалла Бекобод туманининг маркази Зафар шаҳрида жойлашган бўлиб, асосан, кўп каватли уйлардан иборат. Ҳудуд иқтисодиётининг ўсиш “драйвери” хизмат кўрсатиш соҳаси ҳисобланади. Маҳаллада битта мактаб ва 2 та МТМ, нон ва нон маҳсулотларини ишлаб чиқаришга мўлжалланган 5 та цех, 25 дан зиёд умумий овқатланиш шохобчалари ҳамда 15 та кичик ишлаб чиқариш корхоналари мавжуд. Аҳолининг кўпчилиги шу ернинг ўзида, шунингдек, шаҳардаги ташкилот ва муассасаларда меҳнат қилади.

– Ҳудудда аҳолининг қайси ижтимоий гуруҳлари кўпчиликни ташкил этади, қанча камбағал ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли бор? Тадбиркорлик қай даражада ривожланган? Маҳаллангизнинг “ижтимоий портрети”ни рақамлар билан кўрсатиш мумкинми?

– Маҳаллада жами хонадонлар сони 738 та бўлиб, аҳоли сони 3756 нафарни ташкил этади, оилалар сони эса 1015 та. Булардан 1-тоифага кирган оилалар 100 та; 2-тоифадагилар 885 та; 3-тоифага киритилган оилалар 30 тани ташкил этади. Ижтимоий кўмакка муҳтож гуруҳларга киритилган фуқаролар сони 40 нафарга етиб, ҳозирги кунда 66 нафар ишсизлар аниқланган. Кўмакка муҳтожлар тоифасига киритилган фуқароларга манзилли ёрдам кўрсатиш мақсадида аниқ чора-тадбирлар режаси тузилган бўлиб, ҳозирда уни амалга ошириш бўйича режали ишлар олиб борилмоқда.

– Маҳалла аҳолиси билан қандай алоқа ўрнатдингиз?

Маҳалламда иш бошлаган заҳотим унинг Тelegram иловасидаги гуруҳини ташкил этдим. Ҳудудда истиқомат қилувчи барча фуқаролар унга аъзо бўлишди. Ҳар куни фаол фуқаролар билан биргаликда маҳалладаги муаммоларни муҳокама қиламиз, уларнинг ечими устида фикр алмашамиз. Одамлар маҳалла идорасига шахсан келолмаган тақдирда ҳам мана шу гуруҳ орқали мулоқот қилиш имконига эга. Бундан ташқари, маҳалла фаоллари билан ҳудуддаги муаммолар ва ютуқлар ҳақида давра суҳбатлари ўтказиш орқали ҳам одамлар билан яқиндан танишдим.

– Ҳоким ёрдамчиси сифатида маҳаллангизда бир қатор тадқиқ ва сўровлар ўтказгансиз. Илтимос, уларнинг натижалари ҳақида бизга батафсил маълумот берсангиз, нималарни аниқладингиз?

Албатта, ишларни ҳудудни ҳар томонлама яхшилаб ўрганишдан бошлаганмиз. Ҳоким ёрдамчиси сифатида маҳалланинг Тelegram гуруҳида “Сизни қийнаётган қандай муаммолар бор?” номи остида онлайн сўровнома ўтказдим. Унинг натижаларидан, асосан, болалар ўйингоҳлари ташкил этиш, кузатув камераларини ўрнатиш ва ёритгич чироқларини кўпайтириш кераклиги маълум бўлди. Ҳозирда шу масалаларни ҳал этиш бўйича амалий ишлар давом этмоқда. Умуман, кўплаб масалалар халқ билан доимий мулоқот доирасида назоратга олиниб, масъуллар тарафидан ечиб борилмоқда.

– Ўтказилган тадқиқ ва ўрганишлар натижасида маҳалла аҳолиси орасида камбағалликнинг қандай асосий сабаблари аниқланди? Уларни бартараф этиш ва мавжуд муаммоларни ҳал қилиш учун қанақа ёндашувлар ишлаб чиқдингиз?

Хатлов жараёнида олинган маълумотларга кўра, маҳаллада яратилган иш ўрни кўп бўлса-да, бериладиган иш ҳақи фуқароларни унчалик қониқтирмайди. Аҳолининг деярли барчаси ўзига тўқ оилаларда истиқомат қилади ва кўпчилиги, асосан, давлат ташкилотида ишлайди. Фаолиятим давомида “Аёллар дафтари”да турувчи 30 нафар ишсиз фуқароларга жами 90 млн сўмлик субсидия асосида зарур асбоб-ускуналар олиб беришга муваффақ бўлдик. Бугунги кунда ушбу фуқароларимиз ўзини ўзи банд килиш асосида фаолият юритмокда, оиласига даромад келтирмоқда.

– Айтингчи, маҳалла аҳлини ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида қандай ишлар амалга оширилди?

Маҳалла раиси, хотин-қизлар фаоли ва ёшлар етакчилари билан ҳамкорликда ишсиз ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли билан бирга ишлаш ва уларга ёрдам кўрсатиш мақсадида “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди. “Йўл харитаси” асосида ишсиз ва ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган фуқаролар тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиши учун йил давомида Моно-марказларда касб-ҳунарга ўқитилиб, уларга субсидия ва енгиллаштирилган кредит асосида асбоб-ускуналар олишда ёрдам кўрсатилди.

– Тажрибангиздан келиб чиқиб айтингчи, маҳаллада қайд этилган камбағаллик ҳолатлари қандай сабабларга кўра келиб чиқмоқда? Сизнингча, маҳалладаги камбағаллик даражасини қисқартириш учун яна нималар қилиш керак?

Хатлов жараёнида 66 нафар фуқаронинг ишсизликдан қийналиб келаётгани аниқланди. Улар касбга йўналтирилиб, ҳозирги кунда янги касб бўйича ўқишини битириш арафасида. Фикримча, фуқароларимизга камбағаллик уят тушунча эканлигини сингдира олишимиз ва уларни бу ҳолатдан олиб чиқиб кетиш учун Хитой тажрибасини қўллашимиз керак. Уйда боқиманда кайфиятда ўтириб олган одамларни эмас, оз бўлса-да, оиласини боқишга ҳаракат килаётган фуқароларни қўллаб-қувватлаш тарафдориман!

– Маҳалланинг барқарор ривожланишида транспорт, энергетика, коммунал, ижтимоий ҳамда бошқа инфратузилмаларнинг мавжудлиги ва ҳолати муҳим аҳамиятга эга. Бу борада маҳаллангиздаги муаммоларни қандай тавсифлаб бера оласиз? Уларни ҳал этиш ҳамда маҳаллани ободонлаштириш борасида қандай ишлар олиб боряпсиз?

Маҳалла Бекобод тумани марказида бўлганлиги учун газ, электр энергияси ва сув таъминотида умуман муаммо йўқ. Ободонлаштириш ишларида ҳам фуқаролар жуда фаол, ҳар ҳафта дам олиш кунлари ҳашар ташкиллаштирамиз, ўзимиз истиқомат қилаётган ҳудудни янада чиройлироқ қилишга ҳаракат қиламиз. Қолаверса, бунда сўнгги йилларда давлатимиз томонидан Ўзбекистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга катта эътибор берилаётгани, бу ишларга улкан маблағлар ажратилаётгани ҳам муҳим роль ўйнамоқда.

– Сиз маҳаллангизнинг иқтисодий ривожланишини энг яхши таъминлай оладиган асосий “ўсиш нуқталари” (драйверлари), тармоқ йўналишларини аниқлаш мақсадида сўров ўтказдингизми? Агар ўтказилган бўлса, натижалар нимани кўрсатди?

– Юқорида айтиб ўтилгани каби маҳалла тадбиркорлик ва хизмат кўрсатишга ихтисослашган, аҳолининг аксарияти ушбу йўналишда фаолият юритади. Шунингдек, эндиликда ишлаб чиқариш соҳасини ривожлантириш орқали яна қўшимча иш ўринлари яратиш ҳам бугун олдимизга қўйган мақсадлардан биридир. Маҳаллада бунинг учун барча инфраструктуравий имкониятлар етарли.

– “Маҳаллабай” тизими маҳаллий даражада ҳал қилиб бўлмайдиган муаммоларни бартараф этишда барча даражадаги бошқарув органларининг яқин ўзаро ҳамкорлигини кўзда тутади. Бу ҳамкорлик қандай йўлга қўйилган? Амалиётингизда шундай ҳолатлар бўлганми? Ушбу муаммо қандай ҳал қилинганига аниқ мисоллар келтирсангиз.

Маҳалла 2-секторда жойлашган бўлиб, Бекобод тумани прокуратураси билан узвий ҳамкорликда фаолият юритамиз. Масалан, Собир Раҳимов кўчаси 43-уйда яшовчи фуқаронинг уйи ёнғин чиқганлиги сабабли буткул ёниб кетган эди. Сектор раҳбари бошчилигида унинг уйини қайтадан тиклаш ва ижтимоий ҳолатини яхшилаш учун амалий ёрдам берилди. Кам таъминланган оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатиб турилади. Шунингдек, аввал жиноий жавобгарликка тортилиб, муддатини ўтаб келган фуқароларимизга қўшма қарор асосида оёққа туриб олгунига қадар амалий ёрдам берилмокда.

– Бугунги кунда мамлакатимизда коррупциянинг ҳар қандай кўринишига қарши аёвсиз кураш олиб борилмоқда. Сиз ўз фаолиятингизда коррупция ҳолатларига йўл қўймаслик учун нима ишлар қилмоқдасиз?

Давлатимиз томонидан берилаётган иш ҳақи ва оиламдаги тўкинчилик ортиқча коррупцияга ҳожат қолдирмайди. Мен бир давлат хизматчиси сифатида бундай ишлардан нафратланаман. Шу йўлни танлаётган фуқароларимизни ҳам бу йўлдан қайтараман. Бундан ташқари, бажарилган ишлар, сарфланган маблағлар юзасидан депутатлар, маҳалла аҳолиси олдида доимий равишда ҳисобот бериб борилади. Бу ҳам, ўз навбатида, коррупция ҳолатларининг юзага келмаслигига катта ёрдам беради.

– Фаолиятингиз давомида маҳаллада нималар ўзгарди, аҳолининг бунга муносабати қандай? Уларнинг ҳоким ёрдамчилари институтига ва умуман “маҳаллабай” тизимига ишончи ортдими? Келажак режаларингиз ҳақида сўзлаб берсангиз.

Фаолиятим давомида 25 та янги тадбиркорлик субъектини яратдим, ушбу тадбиркорларимиз маҳалладаги ишсиз фуқароларимизни ишга қамраб олишга ҳаракат қилишмоқда. Албатта, аҳоли ҳам буни кўриб-билиб турибди, айниқса, уларнинг “Авваллари кредит олиш, тадбиркорликни йўлга қўйиш учун умримиз бино ҳовлисида ўтар эди, ҳоким ёрдамчилари келиб, тадбиркорлигимизни қийинчиликсиз бошлаб олдик”, — деган сўзларини эшитиш кишига қувонч бағишлайди. Асосийси, халққа фойдамиз тегса бўлди.

Шу билан бирга, маҳалладаги ташландиқ ердан самарали фойдаланган ҳолда “Менинг маҳаллам менинг боғим” шиори остида кичик боғ барпо этилди. Ҳозирги кунда менга ишониб топширилган бу лавозимда сидқидилдан ишлаб, Президентимиз ва халқимиз билдирган ишончни, албатта, оқлайман!

Жамолиддин Турдимов

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

"Иқтисодий шарҳ" журнали №4/2024

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар