Ҳоким ёрдамчилари фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича 2023 йил давомида амалга оширилган ишлар юзасидан Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги брифинг ўтказди.
2023 йил учун маҳаллалар кесимида ишлаб чиқилган “Йўл харита”ларига асосан январь-декабрь ойларида амалга оширилган ишлар юзасидан агентлик ҳисоботи тингланди.
Ўтган йил давомида ҳоким ёрдамчилари кўмагида 1,6 млн нафар фуқаролар ўзини-ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатга олинган бўлиб, улардан 101 минг нафари якка тартибдаги тадбиркорликка, 112 минг нафари ҳақ тўланадиган жамоат ишларига ҳамда 58 минг нафари эса ҳунармандчиликка жалб қилинган.
Шунингдек, 241 минг нафар фуқароларга эса ижара асосида ер ажратилиб берилган.
Йил сарҳисобида, ҳоким ёрдамчиларининг тавсияномалари асосида 472 мингта лойиҳага 10 трлн. сўмлик кредитлар ажратилгани таъкидланди. Хусусан, кредитларнинг 215 мингтаси хизмат кўрсатиш ва кичик ишлаб чиқариш, 138 мингтаси қишлоқ хўжалиги ва 119 мингтаси ҳунармандчилик соҳаларига йўналтирилган.
“Тадбиркорликни бошлаш истагида бўлган фуқароларга тез ва юқори даромад топиш имконини берадиган бизнес лойиҳаларни тақдим этиб борилиши кредит ажратишда ижобий сифат ўзгаришларига олиб келди. Хусусан, 2022 йилда ажратилган кредитларнинг қарийб 50 фоизи қишлоқ хўжалиги соҳасига, 32 фоизи хизмат кўрсатиш ва кичик ишлаб чиқариш йўналишида ажратилган бўлса, 2023 йилда бу кўрсаткич тегишлича 30 фоиз ва 55 фоизни ташкил этди.
Ҳоким ёрдамчилари фаолияти давомида фойдаланиши учун “Онлайн маҳалла” платформасига тижорат банклари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган 500 дан ортиқ бизнес-режалар жойлаштирилган”, дейди Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ахборот хизмати раҳбари Носир Боймирзаев.
Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 73 минг нафар фуқарога 356 млрд. сўмлик субсидиялар ажратилганига алоҳида тўхталиб ўтилди. Шунингдек, “Ишга марҳамат” мономарказлари ва бошқа нодавлат таълим муассасаларида 181 минг нафар фуқаролар касб-ҳунар ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитилган.
2023 йилда ҳоким ёрдамчилари томонидан шакллантирилган 54 мингта "маҳаллабай" микролойиҳалардан 51 мингтаси ишга туширилиб, натижада 206 мингта иш ўринлари яратилган.
Ҳисобот даврида 86 мингта юридик ва 98 мингта якка тартибдаги тадбиркорлик субъектлари давлат рўйхатидан ўтказилгани қайд этилди.
Ҳоким ёрдамчилари фаолиятининг самарадорлигини ошириш мақсадида қуйидаги янги йўналишларда ишлар ташкил этилган:
- Камбағал оилалар билан ишлаш самарадорлигини ошириш, молиявий ресурсларни биринчи навбатда уларга йўналтириш, оилаларни камбағалликдан чиқишига тўсиқ бўлаётган муаммоларни аниқлаш ва ҳал этишга кўмаклашиш мақсадида “Индивидуал дастур” амалиёти жорий этилди.
Ҳоким ёрдамчилари томонидан 1,1 млн.дан ортиқ камбағал оилаларга индивидуал дастурлар ишлаб чиқилиб, қисқа даврда бу оилаларнинг 95 минг нафар ишсиз аъзолари доимий иш ўринларига жойлаштирилди, 36 минг нафарига имтиёзли кредит ва 8 минг нафарига субсидиялар ажратилди.
- Ҳисобот даврида сўнгги 3 йилда ўзини-ўзи банд қилиб келган шахслардан 51 минг нафари кичик бизнес субъекти сифатида фаолиятини бошлади.
- Аҳолига ижара асосида ажратилган ер майдонларидан самарали фойдаланиш, экилган экинлар ва етиштирилган маҳсулотлар ҳисобини юритиш бўйича “Онлайн маҳалла” платформасида очилган “Ажратилган ерлар” модули такомиллаштирилди.
- Аҳоли томорқаларида экилган экинлар ва етиштирилган маҳсулотлар ҳисобини юритиш мақсадида “Онлайн маҳалла” платформасида “Аҳоли томорқаси” модули ишлаб чиқилди.
- Аҳоли мурожаатларини тизимли ҳал этиш, уларни назоратга олиш ва доимий мониторинг қилиш мақсадида “Онлайн маҳалла” электрон платформаси Халқ қабулхонаси платформасига интеграция қилинди.
Тизим доирасида маҳаллада ҳал этиш имкони бўлмаган 5 мингдан ортиқ фуқароларнинг мурожаатлари ҳоким ёрдамчилари томонидан платформа орқали тўғридан-тўғри тегишли масъул ташкилотларга юборилди ва Халқ қабулхонаси томонидан ижроси назоратга олинди.
- Маҳаллаларда тадбиркорликнинг ривожланганлиги, ишсизлик, ижтимоий реестрдаги оилалар коммунал ва ижтимоий инфратузилма билан таъминланишидан келиб чиқиб, маҳаллалар рейтинги ишлаб чиқилди.
Унга кўра, республика бўйича 9441 та маҳалладан 3550 таси “аъло”, 3841 таси “яхши”, 1731 таси “қониқарли”, 319 таси “қониқарсиз” деб баҳоланди.
2023 йилда хорижий давлатларнинг кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш борасидаги тажрибасини ўрганиш мақсадида 105 нафар ҳоким ёрдамчилари ва масъул ходимлар Япония, Туркия, Россия ва Хитой давлатларида малака ошириб қайтишди.
Шунингдек, 2023 йилнинг 21-25 август кунлари Хитойнинг “Камбағалликни қисқартириш халқаро маркази” томонидан 9400 нафар ҳоким ёрдамчилари учун онлайн ўқув-семинарлари ташкил этилган.
Изоҳ қолдириш