— Мамлакатимизда илк бор “маҳаллабай” тизими, унинг ортидан барча маҳаллаларда “ҳоким ёрдамчиси” лавозими жорий этилди. Сиз учун бу лавозимнинг мазмун-моҳияти нимада, уни қандай тушунасиз?
— Ҳурматли Президентимиз ташаббуслари билан мамлакатимизда “маҳаллабай” ишлаш тизими жорий этилган. Бундан асосий мақсад — “Инсон қадри” тамойилининг узвий давоми сифатида ҳар бир хонадондаги муҳит билан яқиндан танишиш деб ўйлайман. Шу билан бирга, мамлакатимизда мутлақ янги институт бўлган “ҳоким ёрдамчиси” лавозими жорий қилинди. Ушбу лавозимнинг асосий мазмун-моҳияти ҳокимларнинг ҳудуд қуйи бўғини – маҳалладаги одамлар орасидаги вакилидир. Улар аҳолининг қизиқиши, хоҳиш-истаги ҳамда турмуш тарзи билан яқиндан танишиб, юзага келган муаммоларга тез фурсатда ечим топилишига кўмаклашишлари зарур. Шунингдек, ҳоким ёрдамчилари фуқаролар билан давлат ўртасидаги кўприк ҳисобланади.
— Ўзингиз ва ушбу лавозимга қандай келганингиз ҳақида батафсилроқ сўзлаб беринг. Ҳоким ёрдамчиси бўлган маҳаллангиздаги ишлар билан аввал қанчалар таниш эдингиз? Аввалги қандай иш тажрибангиз ҳоким ёрдамчиларига юклатилган вазифаларни ҳал қилишга имкон бермоқда?
— Мен ушбу лавозимга ўтишдан аввал Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги Наманган вилоят ҳудудий бошқармасида фаолият олиб борганман. Илк бор маҳаллаларда ҳоким ёрдамчиси лавозими жорий этилади, деган хабар билан Telegram-каналларда танишганимда, ўзим туғилган Тўрақўрғон туманидаги бирон-бир маҳаллада ишлаш истаги пайдо бўлган. Ушбу лавозим жорий этилгандан кейин номзодларни саралаш ишлари бошланганда менга туман ҳокимлиги томонидан маҳаллага ҳоким ёрдамчиси лавозимига ўтиш таклифи берилди. Ҳозирда фаолият олиб бораётган “Истиқлол” маҳалласи ҳақида ҳам тасаввурга эга эдим, чунки иш фаолиятим даврида туманда Маҳаллани қўллаб-қувватлаш бўлимида фаолият олиб борганман. Ишлаш давомида олдин ишлаган лавозим вазифаларимдан олган тажрибаларим менга анча ёрдам бермоқда. Бу фуқаролар билан мулоқот қилишда, корхона ва ташкилотлар билан алоқаларни йўлга қўйишда ҳамда энг асосийси фуқароларда хоҳиш-истак уйғотиб, ишонч ҳосил қилишда намоён бўлмоқда.
— Маҳаллангиз ҳақида батафсил маълумот беринг. У қаерда жойлашган, қишлоқда ёки шаҳардами, катталиги қандай, маҳалла аҳлининг ишлаши учун қандай йирик корхоналар мавжуд, маҳалла аҳолиси, асосан, қайси фаолият турлари билан шуғулланади? Маҳаллада қандай ижтимоий инфраструктура объектлари бор (мактаб, боғча, тиббий пункт ва ҳ.к.)?
— Маҳалладаги 532 та хонадонларда 2585 нафар аҳоли истиқомат қилади. Маҳалла туман марказидан 2-3 км узоқликда жойлашган бўлиб, ўрта даражадаги маҳалла ҳисобланади. Маҳалла ҳудуди асосан, аҳоли хонадонларидан иборат бўлиб, аҳолининг асосий қисми ҳудуддаги корхона, ташкилот ва давлат ташкилотларида ишлайди. Ҳудудда 6 та юридик ҳамда 8 та ЯТТлар фаолият олиб бориб, савдо дўконлари, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш, нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳамда хизмат кўрсатиш шохобчалари ишлаб турибди. Аҳоли қўшимча даромад топиш мақсадида тикувчилик, чорвачилик ва деҳқончилик билан шуғулланиб келади. Ҳудудда давлат муассасалари йўқлиги учун фаолиятим давомида 2 та оилавий мактабгача таълим ташкилоти ташкил этилиб, уларнинг сонини 4 тага етказилди. Маҳалланинг эски бўш биносини таъмирлаб, маҳалла болалари учун тўгараклар фаолияти йўлга қўйилган.
— Ҳудудда аҳолининг қайси ижтимоий гуруҳлари кўпчиликни ташкил қилади, қанча камбағал ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қўллаб-қувватлашга муҳтож?
— Ҳудуд аҳолисининг асосий қисми доимий ва мавсумий ишлар билан банд ҳисобланади. Ўтган давр мобайнида маҳалланинг бешлиги (ҳозирда еттилик бўлган) билан олиб борилган амалий ишлар натижасида ҳудудда камбағал оилалар деярли қолмади. Бироқ кам даромадли ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар учун алоҳида индивидуал дастур ишлаб чиқилиб, муаммоси мавжуд ҳар бир оила аъзосининг муаммосини бартараф этиш чоралари кўрилмоқда. Масалан, касаллиги борлар тиббиёт муассасаларига йўналтирилиб, ишсизларнинг бандлигини таъминланиб, хоҳиш-истагига қараб имтиёзли кредитлар ва субсидиялар ажратиш орқали уларни банд қилиш чоралари кўрилмоқда.
— Ўтказилган тадқиқ ва ўрганишлар натижасида маҳалла аҳолиси орасида камбағалликнинг қандай асосий сабаблари аниқланди? Уларни бартараф этиш ва мавжуд муаммоларни ҳал қилиш учун қайси ёндашувларни ишлаб чиқдингиз?
— “Хонадонбай” ўрганиш натижасида камбағалликнинг асосий сабаблари фуқароларда ўзига ишонч йўқлиги, ҳуқуқий ва иқтисодий билим савиялари етишмаслиги ҳамда боқиманда кайфиятига тушиб қолганликларидир. Ушбу тоифадаги оилаларнинг муаммоларини бартараф этиш мақсадида маҳалладаги намунали, илғор ва тадбиркор хонадонларда амалий семинарлар ташкил этилди. Ўзига ишончи бўлмаган 15 та оиладаги хонадон аъзоларида тадбиркорлик кўникмаларини ҳосил қилиш учун Наманган ва Қўқон шаҳарларидаги тадбиркорлар кўргазма майдонларига саёҳат уюштирилди. Туман, вилоят ва республика миқёсидаги тадбиркорлар олиб бораётган ишлар аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилиниб, тарбиркорликка қизиқишлари шакллантирилди.
— Маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш бўйича қандай ишлар амалга оширилди? 2023 йилда бу борада қандай натижаларга эришилди?
— 2022 йилгача “Истиқлол” маҳалласида атиги 6 та тадбиркорлик субъектлари мавжуд бўлган. “Хонадонбай” ўрганишлар натижасида тадбиркорликка қизиқиши бор фуқароларга давлатимиз томонидан яратиб берилган имтиёзли кредитлар ҳамда субсидиялар олиб берилди. Шунингдек, ўз имкониятларидан самарали фойдаланишлари натижасида бугунги кунга келиб, савдо ва хизмат кўрсатиш хамда ишлаб чиқариш йўналишларида уларнинг сони 15 тага етди. Бундан ташқари, маҳалладаги хонадонларда тадбиркорликни йўлга қўйиб, қўшимча даромад олишлари борасида 30 га яқин хонадонлар тикувчилик, 40 дан зиёдида иссиқхоналар ташкил этилди. Фаолиятим давомида аҳолида тадбиркорлик кўникмасини ташкил этиб, бунинг ортидан кўзланган мақсадга эришиш мумкин эканлигини аҳоли онгига сингдирдим.
— Маҳалланинг барқарор ривожланишида транспорт, энергетика, коммунал, ижтимоий ва бошқа инфратузилмаларнинг мавжудлиги ва ҳолати муҳим аҳамиятга эга. Бу борада қандай ишлар олиб боряпсиз?
— Маҳалла тумандаги 2-сектор ҳудудига киради. Маҳалланинг инфратузилмаси ривожланиши аҳоли кайфиятига катта таъсир қилади. Шу маънода, сектор билан биргаликда сўнгги уч йилда 3,7 км ички йўллар бетонлаштирилди, 100 фоиз хонадонлар тоза ичимлик суви билан таъминланди, 3 та электр подстанциялар (ТП) тўлиқ таъмирланди ҳамда 6 км.дан зиёд газ тармоғи таъмирланди. Бундан ташқари, аҳоли мурожаатидан келиб чиқиб, 450 метр пиёдалар йўлаги ташкил этилди. Хусусан, ҳомийлик асосида 2 та кўчаларга тунги чироқлар ҳамда хавфсиз ҳудудга айлантириш мақсадида 8 та кузатув камераси ўрнатилди. Маҳалладаги оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасаларида болалар учун яратилган шароитлар билан доимо танишиб, кузатиб борамиз.
— Бугунги кунда мамлакатимизда коррупциянинг ҳар қандай кўринишига қарши аёвсиз кураш олиб борилмоқда. Сиз ўз фаолиятингизда коррупция ҳолатларига йўл қўймаслик учун нима ишлар қилмоқдасиз?
— Ўз фаолиятимда коррупцион ҳолатларга йўл қўймаслик учун, энг аввало, кўз олдимга оиламни келтираман. Бугунги кунда давлат томонидан менга берилаётган ойлик маошим етарли бўлиб, қанча фуқаролар давлат хизматчиси бўлишни орзу қилишларини ўйлайман. Шунингдек, ҳар бир қилаётган ишимни шаффоф, маҳалла “еттилиги” билан бамаслаҳат ташкил этиб, ҳар чоракда амалга оширилган ишлар бўйича Кенгаш олдида ҳисобот бериб бораман. Бу ҳам иш жараёнидаги турли коррупция ҳолатларининг олдини олишга ёрдам беради.
— 2024 йилда маҳаллани янада ривожлантириш бўйича қандай режаларингиз бор?
— Мамлакатимизда давлат раҳбари томонидан кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Яратилган имкониятлардан келиб чиқиб, ҳар бир хонадонни томорқадан самарали фойдаланишларига эришиш, тадбиркорлар сонини янада орттириш асосий мақсадларимиздан биридир. 2024 йилнинг ўзида 4 та микролойиҳа ишга тушириб, иш ўринлари кўпайтириш мақсади белгиланган. Маҳаллада ижтимоий, иқтисодий ва инфратузилмалар бўйича амалга ошириладиган ишлар юзасидан аниқ “Йўл харита”си ишлаб чиқилмоқда ва манзилли ишлар ташкил этиляпти. Масъуллар билан биргаликда маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириб, иш ўринларини яратиш орқали камбағалликдан ҳоли ҳудудга айлантириш режаси ишлаб чиқилган. Уни изчил амалга ошириш учун ҳормай, толмай ишлаймиз.
— “Маҳаллабай” иш тизими самарадорлигини ошириш бўйича қандай таклифларингиз бор?
— Ҳурматли Президентимиз томонидан “Маҳаллабай” иш тизими самарадорлиги бўйича барча шароитлар яратилди. Жумладан, маҳалланинг ўзида муаммоларни бартаъраф этиш мақсадида “маҳалла еттилиги” ташкил этилди. Менимча энди фақат шу “еттилик” бир ёқадан бош чиқариб фаолиятини олиб борса, тизимда самарадорликка эришилади.
— Фаолиятингиз давомида маҳаллада нималар ўзгарди, аҳолининг бунга муносабати қандай? Уларнинг ҳоким ёрдамчилари институтига ва умуман “маҳаллабай” тизимига ишончи ортдими?
— Менинг фикримча, аҳолида маҳалла институтига ишонч янада ортди. Фуқаролар қаерга мурожаат қилишса ҳам муаммолари маҳаллада ечилишига кўзлари етди. Тўғрисини айтсам, менга маҳалладагилар “ҳоким” деб мурожаат қилишади. Бу ҳам фуқароларнинг “ҳоким ёрдамчиси” институтига ишончини билдиради. “Маҳаллабай” иш тизими янги Ўзбекистонни қуришда ўз ўрнига эга деб ҳисоблайман. Маҳаллалардаги аҳоли кайфиятини олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари, аҳоли турмуш шароитларининг яхшиланаётганида ҳам яққол кўриш мумкин. Бу эса тизимга ишонч ортганидан далолат беради.
Жамолиддин Турдимов
"Иқтисодий шарҳ" журнали №3/2024
Изоҳ қолдириш