— Мамлакатимизда “маҳаллабай” иш тизими кенг йўлга қўйилиб, барча маҳаллаларда “ҳоким ёрдамчиси” лавозими жорий этилди. Сиз учун бу лавозимнинг мазмун-моҳияти нимада, уни қандай тушунасиз?
— “Маҳаллабай” иш тизимининг жорий этилиши жойлардаги муаммоларни қуйи бўғинда туриб тўғридан-тўғри ҳал этиш имконини беради. Шу маънода, шахсан Президентимизнинг ташаббуслари билан йўлга қўйилган янги “вертикал тизим” айни муддао бўлди. Янги тизимнинг йўлга қўйилиши натижасида ҳар бир маҳалла кичик ҳудуд сифатида ривожланиб, бу ерда барча фуқароларнинг ўз салоҳиятини намоён этиши учун ҳамма шароитлар яратилмоқда десам, адашмайман. Ҳоким ёрдамчисининг функционал вазифаси – тадбиркорликни ривожлантириш, аҳолини иш билан таъминлаш ва хонадон даромадини кўтариш эвазига камбағалликдан чиқариш ҳисобланади. Асосий мақсад – маҳаллани ҳар томонлама ривожлантириш, аҳоли муаммоларини ҳал этиш орқали ҳудудда яшовчи аҳоли турмуш даражасини оширишдир. Асосий мақсад – маҳаллани ҳар томонлама ривожлантириш, аҳоли муаммоларини ҳал этиш орқали ҳудудда яшовчи аҳоли турмуш даражасини оширишдир 2022 йил декабрь ойида мен Олмалиқ шаҳрида муҳтарам Президентимиз билан учрашувда иштирок этдим ва бу ерда “маҳаллабай” иш тизими йўлга қўйилиши ҳақида илк маротаба эшитдим. Бу менга катта мотивация берди. Мамлакатимиз ривожи учун муҳим лойиҳанинг асосий иштирокчиларидан бири сифатида иштирок этаётганимдан мамнунман.
— Ўзингиз ва ушбу лавозимга қандай келганингиз ҳақида батафсилроқ сўзлаб беринг. Ҳоким ёрдамчиси этиб тайинланган маҳаллангиздаги ишлар билан аввал қанчалар таниш эдингиз? Илгариги қандай иш тажрибангиз ҳоким ёрдамчиларига юклатилган вазифаларни ҳал қилишга имкон бермоқда?
— 2022 йил 11 январдан бери Уймавут МФЙда ҳоким ёрдамчиси бўлиб ишлаб келмоқдаман. Маълумотим олий. Ушбу лавозимга келгунга қадар 16 йил давомида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланганман. Қишлоқ хўжалиги мутахассислиги бўйича Тошкент давлат аграр университетини битирганман. Бундан олдин Тошкент ўрмон хўжалигида директор ўринбосари бўлиб ҳам ишлаганман. Кейинчалик 2006 йилда тендерда ер ютиб олиб, фермерликни ривожлантиришга ҳиссамни қўшдим. 2006 йилда “Sadibek-Atakent” кўп тармоқли фермер хўжалигини ташкил этиб, унга раҳбарлик қилиб келдим. “Ташаббус-2021” кўрик-танловида Республикада 3-ўрин соҳиби бўлишга эришдим. “Илғор фермер” кўкрак нишони билан тақдирланганман. Тадбиркорлик билан шуғулланганим менга янги ишимда ҳам жуда қўл келди. Чунки тадбиркор кўпчилик билан учрашади, мулоқот қилади, фаолиятини кенгайтириш ва янги иш ўринлари ташкил қилиш, қўл остидагиларига ўз вақтида ойлик тўлаш учун бош қотиради. У орқали одамларнинг ҳаётини яқиндан билади.
— Маҳаллангиз ҳақида батафсил маълумот беринг. У қаерда жойлашган, қишлоқда ёки шаҳардами, катталиги қандай, маҳалла аҳолисининг ишлаши учун қандай йирик корхоналар мавжуд, аҳоли, асосан, қайси фаолият турлари билан шуғулланади?
— Мен масъул бўлган Уймавут маҳалласи Тошкент вилоятининг Қибрай тумани марказидан 4 км узоқликда жойлашган бўлиб, кўп миллатли қишлоқ хисобланади. Хонадонлар – 527 та, аҳоли сони – 3047 нафар, оилалар сони – 800 та. Ҳудудда йирик саноат корхоналари ҳам мавжуд. Иқтисодиётнинг ҳамма соҳаларида фаолият юритиб келаётган тадбиркорлик субъектлари бор. Бугун маҳаллада минерал сув ишлаб чиқариш корхонаси, бўёқ ишлаб чиқариш корхонаси, 2 та мебель ишлаб чиқариш цехлари, 2 та йирик тўқимачилик фабрикаси ҳам мавжуд, бу ерда 300 дан ортиқ фуқаролар ишлайди. Фермер хўжаликлари, хизмат кўрсатиш шохобчалари (пойабзал таъмирлаш устахонаси, тикувчилик ательеси, тўй либосларини ижарага бериш хизматлари, гўзаллик салонлари ва ҳ.к) ҳам бор. Маҳалламизда 5 та овқатланиш маскани, 2 та метан газ қуйиш шохобчалари барқарор фаолият юритиб келмоқда.
Мен иш бошлаган пайтимда маҳаллада 24 та тадбиркорлик субъекти мавжуд бўлган бўлса, Бугунги кун ҳолатига маҳаллада 72 та бизнес субъект фаолият юритмоқда.
— Маҳаллани ривожлантиришда қайси соҳаларга устуворлик берилди?
— Маҳалламиз “драйвери”, яъни ўсиш нуқтаси қишлоқ хўжалигининг боғдорчилик, сабзавотчилик ва чорвачилик йўналишлари ҳисобланади. Маҳалламиз “драйвери” қишлоқ хўжалигининг боғдорчилик, сабзавотчилик ва чорвачилик йўналишлари ҳисобланади Аҳоли ўз томорқаси ва ижарага олинган ерларда қулупнай экиш ва мавсумда уларни йўл бўйларида сотиш билан шуғулланади. Шундан келиб чиқиб, маҳалладаги 6 нафар фуқарога аукционда 50 сотих, 1 гектардан деҳқончилик учун ер олиб беришга муваффақ бўлдим. Олдин аҳоли, асосан, деҳқончилик билан шуғулланган бўлса, эндиликда кўпчилик саноат корхоналарига ишга жойлашмоқда. Қўшимчасига, томорқасида деҳқончиликни ҳам йўлга қўймоқда. Давлатимиз томонидан ажратилаётган имтиёзли кредитлардан ҳам самарали фойдаланишга ҳаракат қиляпмиз. Хусусан, Уймавут МФЙ бўйича ўтган йили 1,2 млрд имтиёзли кредитлар ажратилган бўлса, ҳозирги кунда бу кўрсаткич янада ошди. Шуниси ҳам муҳимки, улар 100 фоиз вақтида қайтарилмоқда.
— Ишни нимадан бошладингиз? Натижалар қандай бўлди?
— Ишни аҳолини тўлиқ ҳатловдан ўтказиш билан бошладик. Хатлов натижалари бўйича хонадонлар 4 тоифага бўлиб чиқилди. Ҳоким ёрдамчиси сифатида ишни бошлаганимда маҳаллада 186 нафар ишсиз фуқаро истиқомат қилар эди. 2022 йилнинг охирида уларнинг барчаси доимий ишга жойлаштирилди ёки ўз ўзини банд қилиши ҳисобига уй шароитида иш билан таъминланди. 2023 йил бошида маҳаллада атиги 8 нафар киши ишсиз эди. “Темир дафтар”да эса биронта фуқаро қолмади. Йил бошида “Аёллар дафтари”да 84 нафар аёл ва қизлар бўлган бўлса, “Ёшлар дафтари”да 19 нафар фуқаро бор эди. Уларнинг ҳаммасига жорий йил давомида бепул касб-ҳунарга ўқитиш ва субсидия асосида асбоб-ускуна олиб бериш, ижтимоий кўмакка муҳтож бўлган оилалар фарзандларининг ҳарбий хизмат ва ўқиш контрактларини тўлаб бериш имтиёзли кредит ажратиш ҳисобига ҳал этилиб, ҳозирда расман 2 нафар ишсиз қолди, холос.
Режали ва тизимли ишлаш орқали кўзланган натижаларга эришиш мумкин, яъни бирон иш бошлашдан олдин “Йўл харитаси” ишлаб чиқилади.
Натижаларимиз ҳам ёмон эмас. Масалан, Назирчаева Васила исмли фуқаромизга субсидия асосида компьютер жамланмаси олиб берилди. Ҳозирда у маҳаллада “ксерокопия” ва компьютер хизматлари кўрсатмоқда ва шу аснода оила бюджетига ўз ҳиссасини қўшмоқда. Яна бир фуқаромиз Ихлосова Зуҳрахон тикувчилик ательесида оддий тикувчи бўлиб ишлар эди. У ҳам ўз ишини очиш истагини билдирди. Зуҳрахонга ҳам туман марказидан 1 сотих жой Е-Аукциондан ютиб олиб берилди. Фуқаро шу ерга 33 млн имтиёзли кредит асосида контейнер ўрнатиб, тикув ательесини очди ва ўзи тадбиркор бўлиб, янги 5 та иш ўрни яратди. Бунга ўхшаган мисоллар жуда кўп. Маҳалламизда 20 йилдан бери бўш турган бир хонадон бор эди. Эгасини топиб, бу ерда қозоқ миллий таомлари кафесини очиш борасида таклиф бердик. Хонадон эгалари Қозоғистондан 100 минг доллар инвестиция олиб келиб, бу ерни таъмирладилар ва замонавий қозоқ миллий таомлари ошхонаси очилди. Бугунда бу жой туманда машҳур “Байтерек” бешбармоқ кафеси сифатида танилди. 20 дан ортиқ фуқаро доимий иш билан таъминланди. Ҳаракатларим натижасида шу йили “Энг яхши ҳоким ёрдамчиси” танловида Тошкент вилоятида биринчи ўрин, республикада эса учинчи ўринга сазовор бўлдим.
— Ишингизда камбағал уй хўжаликларини қўллаб-қувватлаш учун қандай инновацион ва тайёр усулларни қўлладингиз? Мисоллар келтиринг ва ушбу уй хўжаликлари билан ишлаш натижалари ҳақида батафсил маълумот беринг.
— Асосий эътиборни лидер тадбиркорларга қаратиб маҳаллада “Миришкор тажрибаси” асосида кооперацияни ривожлантириб, “Бир махалла-бир маҳсулот”, “Бир кўча-бир маҳсулот” тамойилларини қўлладик. Лидер тадбиркор фермер билан 12 та хонадонда чорвачилик йўналишида, 2 та хонадон билан паррандачилик йўналишида кооперацияни йўлга қўйдим. Текстиль йўналишида 5 та хонадон билан кооперация ҳамкорлигини яратдик. Бу йил касаначиликни ривожлантирдик. Маҳалла хонадонларидаги корхонага бориб ишлай олмайдиган, болалар тарбияси билан машғул бўлган аёллар, ногиронлиги бор фуқароларни касаначилик услубида иш билан таъминладик. Тадбиркор уларга эрталаб ярим тайёр маҳсулот олиб бориб, кечқурун тайёр маҳсулотни олиб кетади. Шу билан бир қаторда ногиронлиги бор ёки етим фарзандлари бор хонадонларга моддий ёрдам кўрсатишга сахий тадбиркорларни бириктирдик. Лекин аҳоли орасида боқиманда кайфиятда бўлган, давлат менга ёрдам беради, деб ўтирган кишилар ҳам йўқ эмас
— Тажрибангиздан келиб чиқиб айтингчи, маҳаллада қайд этилган камбағаллик ҳолатлари қандай сабабларга кўра келиб чиқмоқда? Сизнингча, маҳалладаги камбағаллик даражасини қисқартириш учун яна нималар қилиш керак?
— Мен маҳаллада ишни бошлаб, фуқаролар билан мулоқотда шу нарсани билдимки, кўпчилик фуқароларда у ёки бу тадбиркорлик билан шуғулланиш, ўз ишини очиш нияти бўлган, лекин иш бошлаши учун билими ёки маблағи етишмагани, ёки зарур инфраструктура йўқ ёхуд ери йўқлиги маълум бўлди. Шундан келиб чиқиб, уларга кўмак беришга ҳаракат қилдик. Билими етишмаса, ўқув курсларига йўлланма берилди, тажрибаси кам бўлса, семинар тренинглар ташкиллаштирилди, ишни нимадан бошлашни билмаганларга тўғри йўл кўрсатилиб, мотивациялар берилди. Маҳалла ҳудудида мутахассислиги бўйича иш топилмаса, туман раҳбарларига ва секторимиз раҳбарига мурожаат қилиб, давлат муассасаларига ишга жойлаштирилди. Давлат томонидан берилган имкониятлардан фойдаланган ҳолда 6 ойлик имтиёзли даврга эга 14 фоизли кредитлар ажратилган бўлиб, бундай кредитларни олиш учун фуқаролардан талаб жуда кўп бўлди. Ўз ишини бошлайман деган фуқароларнинг баъзилари тикув машиналари сотиб олиб иш бошлади, яна бошқалари чорвачилик йўналишида бизнесни йўлга қўйди. Масалан, маҳаллада яшовчи Зулхумор опа Мирсалимовага 2022 йил бошида ўзим кафил бўлдим, у 21 млн 650 минг сўмлик имтиёзли кредит эвазига тикув машиналари харид қилиб, ўз хонадонида тикув цехини очди. 4 нафар аёл уй бекаларини иш билан таъминлаб, кредитни ўз вақтида ёпиб келмоқда. Йирик текстиль комбинати билан хамкорлик кооперациясини йўлга қўйиб, у кишига ёрдам берилди. Натижада бугунда бу корхона бизнеси муваффақиятли ривожланмоқда.
— Маҳалланинг барқарор ривожланишида транспорт, энергетика, коммунал, ижтимоий ва бошқа инфратузилмаларнинг мавжудлиги ва ҳолати муҳим аҳамиятга эга. Бу борада қандай ишлар олиб боряпсиз?
— Маълумки, аҳоли турмуш даражасини яхшилашда инфратузилманинг аҳамияти жуда катта. Тадбиркорликни ривожлантиришда ҳам кўп нарса шу инфраструктурага боғлиқ. Инфраструктура бўлса, бизнес тараққий топади. Шуларни билган ҳолда, маҳалламизда бир қатор ишлар амалга оширилди. Биринчи навбатда Уймавут маҳалла худуди 2022 йили 100 фоиз юқори тезликдаги Интернет тармоғи билан таъминланди. Бунда маҳалламиз фуқароси тадбиркор Зиямуҳамедов Фарҳод ташаббус кўрсатди. Ҳокимлик томонидан кўчамизга 1400 метр асфальт қопламаси ётқизилди. Бир қатор кўчаларга тунги ёритиш чироқлари ўрнатилди. Ҳомийлар маблағи жалб этилиб, мактабимиз ва қабристон худуди капитал таъмирланди. Секторимиз томонидан 50 дона эски симёғочлар янги бетон устунларга алмаштирилди. Эски электр симлари янги СИП кабелларга алмаштирилди. Янги трансформаторлар ўрнатилди. 700 метр газ қувурлари янгиланди. 2023 йилда ПҚ-408 қарорга мувофиқ, аҳоли орзуси бўлган оқова сув тармоқлари 60 фоиз ўтказилди ва хонадонларга сув қувури 100 фоиз тортилиб, тоза ичимлик суви билан таъминланди. Барча кўчалар шағаллаштирилди, аҳоли кўмагида бир кўчага бетон қопламаси ётқизилди. Газ таъминоти яхшиланди, хонадонларга ўрта босимли кичик редукторлар ўрнатиб чиқилди. Шунингдек, ўз маблағларим ҳисобига Соҳибкор кўчасига янги трансформатор сотиб олиб, тунги ёритиш чироқлари ва видеокузатув камералари ўрнатишда ташаббус кўрсатдим.
— Олиб борилаётган ишлар самарадорлигини ошириш бўйича қандай таклифларингиз бор?
— “Маҳаллабай” иш тизими йўлга қўйилиб, ҳоким ёрдамчиси лавозимларининг жорий этилиши тарихий воқеа бўлди, деб ўйлайман. Мамлакатимиз ривожланишида, Янги Ўзбекистон пойдевори қурилишида ўз ҳиссамни қўшаётганимдан бениҳоят хурсандман. Камбағалликни қисқартириш, аввало, аҳоли даромадини оширишдан бошланади, шу боис Хитой тажрибасидан кўпроқ фойдаланиш керак. Бунинг учун ҳоким ёрдамчиларини Хитойга тажриба алмашиш учун юбориш зарур, ўқув семинарларига жалб қилиш даркор. Замон жадал суръатлар билан ривожланаётган бир даврда, билимни доимо ошириб туриш керак, барча соҳаларни рақамлаштириш керак, деб ҳисоблайман. Шундагина, қилаётган ишларимизнинг самарадорлиги ошади, кўзланган натижага эришилади. Таклифим шуки, маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчиси лавозимини албатта давом эттириш зарур. Хусусан, ҳоким ёрдамчиларига кўпроқ ваколатлар бериш керак. Шунда халққа янада кўпроқ ёрдамимиз тегади, деб ҳисоблайман.
— Бугунги кунда мамлакатимизда коррупциянинг ҳар қандай кўринишига қарши аёвсиз кураш олиб борилмоқда. Сиз ўз фаолиятингизда коррупция ҳолатларига йўл қўймаслик учун нима ишлар қилмоқдасиз?
— Иш жараёнида коррупция билан боғлиқ ҳолатларнинг олдини олиш учун ишларни ошкоралик ва шаффофлик тамойиллари асосида ташкил этишга ҳаракат қилмоқдамиз. Иш жараёнида коррупция билан боғлиқ ҳолатларнинг олдини олиш учун ишларни ошкоралик ва очиқлик тамойиллари асосида ташкил этишга ҳаракат қилмоқдамиз Барча ишлар қонун доирасида, одилона олиб борилиб, маҳалла фаоллари ва оқсоқоллари, депутатларни жалб этган ҳолда муҳокама қилинади. Бажарилаётган ишлар бўйича масъуллар ва жамоатчилик назорат кенгаши улар олдида ҳисоботлар бериб борилади. Буларнинг бари ишимизда коррупция ҳолатларига йўл қўймасликка имкон беради.
— Фаолиятингиз давомида маҳаллада нималар ўзгарди, аҳолининг бунга муносабати қандай? Уларнинг ҳоким ёрдамчилари институтига ва умуман, “маҳаллабай” тизимига ишончи ортдими?
— “Маҳаллабай” иш тизими Янги Ўзбекистонни қуришга катта ҳисса қўшади, деб ишонч билан айтиш мумкин. Маҳаллада 2 йил давомида “Бешлик” ишлаган бўлсак, энди янги йилдан “Еттилик” бўлиб ишни ташкил қиламиз. Маҳаллалардаги бунёдкорлик ишлари натижаларини маҳалла ҳаёти, аҳоли турмуш шароитларининг яхшиланаётганидан ҳам яққол кўриш мумкин! Мен ишлаётган даврда маҳаллам аҳолисини давлатга бўлган ишончи янада ортди, фидойи ватанпарвар инсонлар кўпайди. Бу эса, “маҳаллабай” тизимининг самарадорлигидан далолат беради. Мен учун - муаммоси ижобий ҳал этилган, ўз мақсадига эришиб тадбиркор бўлган, даромади кўпайиб хонадони фаровонликка юз тутган фуқароларнинг хурсандчилигини кўриш – бу энг катта бахтдир!
Жамолиддин Турдимов
"Иқтисодий шарҳ" журнали №12/2023
Изоҳ қолдириш