– Мамлакатимизда илк бор “маҳаллабай” тизими жорий этилиб, барча маҳаллаларда “ҳоким ёрдамчиси” лавозими жорий этилди. Сиз учун бу лавозимнинг мазмун-моҳияти нимада, уни қандай тушунасиз?
– Маҳаллаларда ҳоким ёрдамчиси лавозимининг жорий этилиши билан, айниқса, туман марказидан олисда жойлашган маҳаллаларда истиқомат қилаётган, оиласида муаммоси бўлган аҳоли мурожаатларини тўғридан-тўғри тинглаш, зарур бўлса, жойига чиқиб ўрганиш, тегишли мутасаддиларни жалб этган ҳолда ижобий ҳал этиш бўйича энг самарали институт яратилди, деб ишонч билан айтишим мумкин. Ушбу тизим ёрдамида маҳалла ҳудудида бўш турган, самара келтирмаётган бино ва ер майдонларини хатловдан ўтказиш, улардан фойдаланиш мақсадида белгиланган тартибда тадбиркорлик субъектларига ажратиш бўйича тегишли ташкилотларга таклифлар бериш, мазкур жойларда ташкил этилаётган корхоналарга маҳаллада истиқомат қилаётган ишсиз аҳолини ишга жойлаштириш, бу орқали эса оилаларга моддий даромад олиб келиш каби ишлар амалга оширилмоқда. Бир сўз билан айтганда, ушбу лавозимнинг жорий этилишини ҳурматли юртбошимиз ташаббуслари билан яқин келажакда маҳаллий аҳоли фаровонлигини кўзлаб ўйланган ва самарали натижасини бериши мумкин бўлган стратегик ислоҳотлардан бири деб ҳисоблайман.
– Ўзингиз ва ушбу лавозимга қандай келганингиз ҳақида батафсилроқ сўзлаб беринг. Ҳоким ёрдамчиси бўлган маҳаллангиздаги ишлар билан аввал қанчалар таниш эдингиз? Илгариги қандай иш тажрибангиз ҳоким ёрдамчиларига юклатилган вазифаларни ҳал қилишга имкон бермоқда?
– 2022 йил январь ойидан бошлаб Тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш буйича Кегейли тумани Нурли бостан МФЙда ҳоким ёрдамчиси лавозимида иш бошлаганман. Унга қадар 2004 йили Қорақалпоқ давлат университетини тамомлагач, 2004-2016 йиллари Кегейли тумани халқ таълими бўлими услубчиси, Мониторинг бўлими бошлиғи, мудири ўринбосари, тумандаги 1-сонли мактаб директори, 2016-2022 йилларда эса туман ҳокимлигининг бош мутахассиси, ҳокимликнинг ташкилий-назорат гуруҳи раҳбари, туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлари бўйича ўринбосари лавозимларида ишладим. Аввалги иш тажрибам, бу соҳага ўтгач фуқаролар билан бўладиган мулоқотимда, қолаверса, ёшларнинг бандлигини таъминлаш, касбга кайта ўқитиш борасида катта имкониятлар берди. 2023 йилнинг 17-25 декабрь кунлари Ўзбекистон делегацияси таркибида хизмат сафарида бўлиб, Япониянинг SME Support Japan ташкилоти ўқув-семинарида иштирок этдим. Тадбир доирасида Японияда кичик ва ўрта корхоналарнинг ҳозирги ҳолати, улар дуч келаётган муаммолар, давлатнинг ўзига хос корхоналари, уларнинг раҳбарлари, кадрлар тақчиллилиги ҳамда рақамлаштириш тизимини жорий қилиш ва уни оммалаштириш юзасидан чора-тадбирлар ҳақида тажриба алмашилди.
– Маҳаллангиз ҳақида батафсил маълумот беринг. У қаерда жойлашган, қишлоқда ёки шаҳардами, катталиги қанақа, маҳалла аҳлининг ишлаши учун қандай йирик корхоналар мавжуд, маҳалла аҳолиси, асосан, қайси фаолият турлари билан шуғулланади? Маҳаллада қандай ижтимоий инфраструктура объектлари бор (мактаб, боғча, тиббий пункт ва ҳ.к.)?
– Маҳалламиз Кегейли туманининг марказида жойлашган бўлиб, маҳалла иқтисодиётининг асосий “драйвери” – хизмат кўрсатиш соҳаси ҳисобланади. Маҳаллада 1 та ихтисослаштирилган мактаб, 2 та умумтаълим мактаби, 2 та МТМ, 1 та поликлиника, 3 та хусусий клиника, 1 та туман тиббиёт шифохонаси, 3 та нон ва нон махсулотларини ишлаб чиқаришга мўлжалланган цех, 2 та мебель цехи, 2 та тўйхона, 12 та умумий овқатланиш шохобчалари, 8 та кичик ишлаб чиқариш корхоналари мавжуд.
– Ҳудудда аҳолининг қайси ижтимоий гуруҳлари кўпчиликни ташкил қилади, қанча камбағал ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қўллаб-қувватлашга муҳтож, тадбиркорлик қай даражада ривожланган? Маҳаллангизнинг “ижтимоий портрети”ни рақамлар билан кўрсатиш мумкинми?
– Маҳаллада жами хонадонлар сони 559 та бўлиб, аҳоли сони 2 395 нафарни ташкил этади, оилалар сони эса 655 та.
- 1-тоифа – 28 та;
- 2-тоифа – 467 та;
- 3-тоифа – 64 та.
Ижтимоий гуруҳларга кирган фуқаролар сони 62 нафарни ташкил этади. Ҳозирги кунда 87 нафар ишсизлар борлиги аниқланган.
– Маҳалла аҳолиси билан қандай алоқа ўрнатдингиз, маҳалла аҳли билан танишишингиз қандай кечди, аҳоли билан қандай мулоқот ўрнатиш қийин бўлмадими?
– Мен учун бу масалада қийинчилик бўлмади, сабаби ўзим ушбу маҳаллада туғилиб, ўсганман. Лавозимга киришган кунимдан бошлаб, аввало, ушбу маҳалла раиси, маҳалла раисининг хотин-қизлар бўйича ўринбосари, ёшлар етакчиси вазифасида фаолият юритаётган ходимлар билан яқиндан танишиб, дастлабки режаларни белгилаб олдим. Маҳалла фаоллари ва 22 та кўча бошилари билан учрашув ташкиллаштириб, маҳалладаги мавжуд муаммолар рўйхатини туздим. Албатта, ҳозирги ахборот технологиялари ривожланган даврда Telegram ижтимоий тармоғида гуруҳ ташкил қилиб, фуқароларни аъзоликка чорладим. Ҳар куни фаол фуқароларим билан маҳалладаги муаммоларни ўз жойида ўрганиб, муҳокама қилиб, унинг ечими устида тегишли ташкилотлар билан тизимли иш олиб бораман. Бундан ташқари, маҳалла ҳудудида яшовчи ҳар бир оилани хатловдан ўтказиш орқали маҳалладаги ишсиз аҳоли рўйхати шакллантирилди, ҳудуддаги мавжуд бўш турган бинолар ва ерлар тўғрисидаги маълумотларга мутасадди ташкилот ходимларини жалб этган ҳолда аниқлик киритилди ва чуқур ўрганишлар олиб борилди. Ушбу объектлардан оқилона фойдаланиш мақсадида туман ҳокимлиги мутасаддилари иштирокида ҳамда истиқболли бизнес режалар асосида уларни ишсиз аҳолига танлов асосида олиб бериш ишлари йўлга қўйилди.
– Ҳоким ёрдамчиси сифатида маҳаллангизда бир қатор тадқиқ ва сўровлар ўтказгансиз. Илтимос, уларнинг натижалари ҳақида бизга батафсил маълумот беринг, нималарни аниқладингиз?
– Ҳоким ёрдамчиси сифатида “Маҳалла муаммолари” номи остида маҳаллада онлайн сўровнома ўтказдим. Сўровнома натижасига кўра, асосан, маҳалла йўлларини таъмирлаш, тунги ёритгич чироқларини ўрнатиш ва кўп қаватли уйларда яшовчи фуқаролар томонидан уй атрофига чиқиндиларни чиқариш жойларини янгидан қуриш керак, деган жавоблар энг юқори фоизларни ташкил этди. Ушбу аниқланган муаммоларни бартараф этиш давлатимиз томонидан ҳар бир маҳаллага ажратилган 500 млн сўмдан фойдаланилиб, маҳалла фаоллари билан маслаҳатлашган ҳолда ижобий ҳал этилди.
– Ўтказилган тадқиқ ва ўрганишлар натижасида маҳалла аҳолиси орасида камбағалликнинг қандай асосий сабаблари аниқланди? Уларни бартараф этиш ва мавжуд муаммоларни ҳал қилиш учун маълум бир тартибда ёндашувлар ишлаб чиқдингизми? Ушбу соҳаларда қандай чора-тадбирлар кўряпсиз ва амалга оширишни режалаштиряпсиз?
– 2023 йил бошида маҳаллада янгидан қайта хатлов ўтказилди. Хатлов жараёнида хонадонлар 3 тоифага ажратилиб, хонадоннинг ижтимоий-иқтисодий аҳволи ўрганиб чиқилди. Ўрганишлар даврида, асосан, 1-тоифадаги 28 та хонадоннинг 87 нафар фуқаросининг иш билан банд эмаслиги аниқланиб, ушбу фуқароларни камбағалликдан чиқариш бўйича индивидуал дастур ишлаб чиқилди. Бу дастур асосида:
- ишга жойлаштириш;
- деҳқончилик фаолиятини бошлаш учун ер ажратиш;
- касб-ҳунар ва тадбиркорлик йўналиши бўйича Мономарказга ўқишга йўналтириш;
- тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун имтиёзли кредит ажратиш;
- тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун субсидия ажратиш чоралари кўрилмоқда.
– Айтингчи, маҳалла аҳлини ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида қандай ишлар амалга оширилди?
– Маҳалла раиси, Хотин-қизлар фаоли ва Ёшлар етакчилари билан биргаликда маҳалладаги ишсиз ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли билан биргаликда ишлаш ва уларга ёрдам кўрсатиш мақсадида “Йўл харита” ишлаб чиқилди. Ушбу “Йўл харита” асосида ишсиз ва ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган фуқаролар йил давомида тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш мақсадида Мономарказларда касб-ҳунарга ўқитилди, ушбу фуқароларга субсидия ва енгиллаштирилган кредит асосида асбоб-ускуналар олишда ёрдам кўрсатилди. Эндиликда улар ўзини ўзи банд қилиб келмоқда.
Бундан ташқари, маҳалладаги камбағал оилаларни ўрганиб, уларни қўллаб-қувватлаш учун аниқланган муаммоларни туман ҳокимлгига олиб чиқиш асносида фуқаро Махсетбай Аллабаевнинг уйи маҳалладаги фаол тадбиркорлар ҳомийлигида қайта қуриб берилди, Саригул Пирлепесова хонадонининг томи ҳомийлар томонидан шиферланди ва Гулбаҳор Асанованинг уйи таъмирлаб берилди. Шунингдек, ҳомийларнинг кўмаги билан маҳалламиздаги 11 та хонадонларнинг том қисми шиферланди. Субсидия асосида томорқа ерлари учун енгил конструкцияли иссиқхоналар қуриб берилиб, маҳалла ҳудудини оқова сув билан суғориш учун 5 та 150 ммлик сув насоси олиб берилди.
– Тажрибангиздан келиб чиқиб айтингчи, маҳаллада қайд этилган камбағаллик ҳолатлари қандай сабабларга кўра келиб чиқмоқда? Сизнингча, маҳалладаги камбағаллик даражасини қисқартириш учун яна нималар қилиш керак?
– Хатлов жараёнидан аниқланган 87 нафар фуқаролар, асосан, ишсизликдан қийналган фуқаролар ҳисобланади.Ушбу рўйхатга кирган одамларимизнинг 26 нафарига 1 гектардан деҳқончилик учун ер берилди, 24 нафари касбга ўқитилди ва 15 нафар фуқарога 2 тадан асалари уяси субсидия асосида олиб берилиб, 22 нафар фуқарога бизнесга илк қадам мақсадида 5 млн сўмдан нақд пулда кредитлар берилди. Маҳалладаги камбағаллик даражасини қисқартириш учун тадбиркорликни янада ривожлантириш ва иш ўринларини яратиш зарур деб биламан.
– Маҳалланинг барқарор ривожланишида транспорт, энергетика, коммунал, ижтимоий ва бошқа инфратузилмаларнинг мавжудлиги ва ҳолати муҳим аҳамиятга эга. Бу борада маҳаллангиздаги муаммоларни қандай тавсифлаб бера оласиз ва уларни ҳал этиш, маҳаллангизни ободонлаштириш борасида қандай ишлар олиб боряпсиз?
– Маҳалла Кегейли тумани марказида жойлашганлиги учун коммунал ва транспорт масалаларида муаммо йўқ. Шундай бўлсада, маҳалламиздаги кўчаларнинг 2,1 км.га шағал тўшалди ва 6 та кўчага тунги чироқлар ўрнатилди. Маҳаллада ободонлаштириш ишлари маҳалла фаоллари ва кўча бошилари билан биргаликда маслаҳатлашган ҳолда олиб борилмоқда. Бу борада маҳаллада “Яшил макон” 40 кунлик акцияси давомида мингдан ортиқ манзарали ва мевали дарахтлар экилди.
– Сиз маҳаллангизнинг иқтисодий ривожланишини энг яхши таъминлай оладиган асосий “ўсиш нуқталари” (драйверлари), тармоқ йўналишларини аниқлаш мақсадида сўров ўтказдингизми? Агар ўтказилган бўлса, ушбу сўров нимани кўрсатди? Бу ҳақда, шунингдек, аниқланган “ўсиш нуқталари”ни ривожлантириш учун нима қилаётганингиз ҳақида кўпроқ гапириб беринг.
– “Драйвер”ни аниқлаш бўйича сўров ўтказилмади. Лекин иш бошлаганимизда хатлов ўтказганмиз. Маҳалла туман марказида жойлашганлиги учун хизмат кўрсатиш соҳасида имкониятларга эга. “Ўсиш нуқталари”ни ривожлантириш учун қўшимча:
- ишлаб чиқаришни ривожлантириш;
- томорқадан унумли фойдаланиш ва минерал ўғит – биогумус ишлаб чиқаришни “драйвер”га айлантириш ишларини бошлаганман.
– “Маҳаллабай” тизими маҳаллий даражада ҳал қилиб бўлмайдиган муаммоларни ҳал қилишда барча даражадаги бошқарув органларининг яқин ўзаро ҳамкорлигини кўзда тутади. Бу ҳамкорлик қандай йўлга қўйилган? Амалиётингизда шундай ҳолатлар бўлганми? Қандай муаммога ёрдам берилгани, қайси ташкилотдан ва бу муаммо қандай ҳал қилинганига аниқ мисоллар келтиринг.
– Маҳалла 1-секторда жойлашган бўлиб, туман ҳокими билан узвий ҳамкорликда фаолият юритамиз. Албатта, маҳалла даражасида ҳал қилиб бўлмайдиган муаммолар учрайди. Фарзанларининг оғир касаллиги туфайли тиббий операция учун маблағ зарурлигидан Айгул Айипова, Бийбигул Даужанова, Рустем Сейткамаловлар мурожаат қилган. Ушбу фуқароларнинг муаммолари туман ҳокимлигининг депутатлар сессиясига киритилиб, барча даражадаги бошқарув органлари ҳамкорлигида ҳал қилиб келинмоқда.
– Бугунги кунда мамлакатимизда коррупциянинг ҳар қандай кўринишига қарши аёвсиз кураш олиб борилмоқда. Сиз ўз фаолиятингизда коррупция ҳолатларига йўл қўймаслик учун нима ишлар қилмоқдасиз?
– Давлатимиз томонидан берилаётган иш ҳақи ва оиламдаги тўкинчилик коррупцияга ҳожат қолдирмайди ва мен бир давлат хизматчиси сифатида бундай ишлардан нафратланаман. Шунингдек, маҳаллабай иш тизими доирасида амалга ошириладиган барча ишлар жамоатчилик олдида, шаффоф амалга оширилади. Бу ҳам коррупция ҳолатларининг олдини олишда муҳим рол ўйнайди.
– Фаолиятингиз давомида маҳаллада нималар ўзгарди, аҳолининг бунга муносабати қандай? Уларнинг ҳоким ёрдамчилари институтига ва умуман “маҳаллабай” тизимига ишончи ортдими? Келажак режаларингиз ҳақида сўзлаб беринг.
– Аҳолимизнинг амалга оширилаётган ислоҳотларни ич-ичидан сезиб турганлигини ҳис қилиш қийин эмас. Чунки биринчи қадам ташланди, аҳоли вакиллари билан муносабатлар ўрнатилди, ҳудудда ўтказилган хатловлар ўз якунига етказилди, аҳолининг ишсиз ва бандлиги таъминланган қатламининг реал яшаш даражаси тоифаларга асосан ажратиб олинди. Эътиборимизни турмуш даражаси нисбатан оғирроқ бўлган хонадонларга қаратишдан бошладик. Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасидан иш билан банд бўлмаган аҳоли вакилларига тадбиркорлик қилиш ва ўзини ўзи банд қилиш учун субсидиялар, кредит ресурслари ва бошқа харажатлар учун ажратилган маблағлардан оқилона фойдаланиб, уларни даромад келтирадиган фаолиятга жалб этиш вазифаси босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Бундан ташқари, иш билан банд бўлмаган аҳолини касб-ҳунарга, тадбиркорлик ва ҳунармандчиликка ўқишга йўналтириш вазифалари амалда қўлланилмоқда. Бошлаган ишларимиз ўзининг самарали натижасини бера бошлаганда, ишончим комилки, аҳоли томонидан Президентимизнинг “Инсон қадри учун” тамойили асосидаги халқимизнинг фаровонлигини янада ошириш, тадбиркорликни жадал ривожлантириш ҳамда фаол фуқаролик жамиятини шакллантиришга қаратилган ислоҳотларнинг нақадар тўғри эканлигига амин бўламиз.
Изоҳ қолдириш