2024 йил 20 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ўзбекистон Бош вазири лавозимига номзодни кўриб чиқишга бағишланган мажлиси бўлиб ўтди ва унда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади.
Президент ўз нутқида депутатлар ва сиёсий партиялар вакиллари билан фаол мулоқот ўрнатиб, уларнинг қарорлар қабул қилиш жараёнидаги иштироки муҳимлигини таъкидлади.
Давлатимиз раҳбари эришилган натижаларга эътибор қаратиб, беш йиллик давр якунларини сарҳисоб қилди ва 2030 йилгача бўлган стратегик мақсадларни белгилаб олди.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (Марказ) мутахассислари ушбу нутқнинг мамлакатнинг стратегик ривожланишига оид лингвистик таҳлилини ўтказдилар.
Ушбу таҳлил нафақат нутқ мазмунини, балки унинг Ўзбекистондаги сиёсий муҳит ва жамоатчилик идрокига таъсирини яхшироқ тушуниш имконини беради, бу эса ҳукумат ва жамиятнинг ўзаро ҳамкорлиги келгуси беш йилга мўлжалланган мақсадлар доирасида мамлакат келажагини шакллантиришга қандай таъсир қилишини кўрсатади.
Таҳлил қуйидагиларни кўрсатди:
Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги нутқида жами 3318 та сўз ишлатган. Энг узун сўзлар 23 ҳарфдан иборат бўлиб, бу сиёсий ва иқтисодий мавзуларга хос мураккаб атамалар мавжудлигини кўрсатади. Шу билан бирга нутқда қўлланилган сўзлар ўртача 7 та ҳарфдан иборат бўлган.
Нутқ матнидан сўзлар булути ҳосил қилинди ва бу нутқдаги энг муҳим мавзуларни тасаввур қилиш имконини яратади ҳамда Ўзбекистондаги давлат сиёсатининг устувор йўналишларини яхшироқ тушунишга ёрдам беради.
1-расм. Ўзбекистон Президентининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 20.11.2024 йилда ўтказилган мажлисидаги нутқида энг кўп қўлланилган сўзлари
Президент нутқининг лингвистик таҳлилида асосий калит сўзлар, "ҳукумат" сўзи 29 марта, “аҳоли” ва “давлат” сўзлари 18 марта, “раҳбар” сўзи 16 марта, “қонун” ва “дастур” сўзлари 15 марта, “иқтисодиёт” сўзи 14 марта ва “тизим” сўзи 13 марта ишлатилган.
“Мамлакат” ва “депутат” сўзлари 9 марта қўлланган бўлса, “Ўзбекистон”, “халқимиз”, “хизмат” ва “сифат”, “парламент” сўзлари 8 марта, “инвестиция” ва “имконият”, “вазирлик” сўзлари 7 марта, “энергия”, “таълим” ва “ёшлар” сўзлари 6 марта тилга олинган.
Икки сўзли ибораларни таҳлил қилиб, шуни таъкидлаш мумкинки, “Вазирлар маҳкамаси” ибораси 6 марта, “Марказий Осиё”, “Бош вазир” иборалари 5 марта, “янги ҳукумат” ибораси 4 марта қўлланилган. “Янги Ўзбекистон”, “ташқи сиёсат”, “камбағалликни қисқартириш” иборалари эса 3 марта тилга олинган.
Уч сўздан ташкил топган иборалардан “келгуси беш йил” ибораcи 5 марта, “ялпи ички маҳсулот” ибораcи 3 марта, “парламент ва ҳукумат”, “ижро этувчи ҳокимият”, “жон бошига даромад” ва “сув тежайдиган технология” иборалари 2 марта тилга олинган.
Шундай қилиб, таҳлилда давлат сиёсатининг бошқарув, иқтисод ва ижтимоий масалалар каби энг муҳим жиҳатларига алоҳида эътибор қаратилган.
Йўналишлар ва уларда ишлатилган сўзларнинг ўзаро боғланиши
2-расм. Йўналишлар ва уларда ишлатилган сўзларнинг ўзаро боғланиши
Тақдим этилган таҳлилда давлат сиёсатининг турли йўналишлари ўртасидаги боғлиқликни кўрсатадиган калит сўзлар таъкидланган.
Ялпи ички маҳсулот ҳажмини оширишда калит сўзлар "аҳоли", "маҳсулот", "имконият" ва "тизим" ҳисобланади. Бу сўзлар ресурсларни самарали бошқариш ва ўсиш учун имкониятлар яратиш муҳимлигини таъкидлайди.
Иқтисодий ўсиш суръатини ошириш йўналишида "ҳукумат", "экспорт", "инвестиция", "хизмат" ва "технология" сўзлари асосий ўрин эгаллади. Улар иқтисодиётни рағбатлантиришда давлат ва хусусий секторнинг ролига эътибор қаратмоқда.
Камбағалликни камайтиришда "маҳалла", "оила", "аҳоли", "дастур" ва "таълим" каби сўзлар марказий ўринни эгаллади. Бу атамалар маҳаллий жамоалар ва таълим шароитларини яхшилашга қандай ёрдам беришини кўрсатади.
Шу билан бирга, иқтисодиёт ва аҳоли даромадларини ўстириш йўналишида "саноат", "энергия", "ҳукумат", "даромад" ва "инвестиция" сўзларига алоҳида урғу берилган. Бу иқтисодиётни ривожлантириш ва турмуш даражасини оширишга комплекс ёндашув зарурлигини кўрсатади.
Соғлиқни сақлаш, таълим ва спортни ривожлантиришга тегишли калит сўзлар "ҳукумат", "тиббий", "таълим", "сифат" ва "мактаб" муҳим аҳамият касб эттирди. Ушбу атамалар инсон капиталига сармоя киритиш муҳимлигини таъкидлайди.
"Қонун", "раҳбар", "ҳукумат", "ҳамкорлик", "парламент", "депутат", "давлат" ва "сифат" терминлари давлат халққа хизмат кўрсатиши шарт йўналишида муҳим аҳамият касб этди.
Ташқи сиёсат концепциясини янги таҳрирда қабул қилишда "Осиё", "давлат", "минтақавий" ва "ҳамкорлик" сўзларига алоҳида эътибор қаратилган.
2025 йилни номлаш мавзуси "яшил энергия", "иқлим", "атроф-муҳит" ва "асраш" атамалари билан боғлиқ.
Шундай қилиб, юқоридаги таҳлилдан кўринадики, мамлакат иқтисодиёти ва аҳоли даромадларини ошириш бўйича комплекс ёндашув қўлланилиб, ҳар бир йўналишда аниқ стратегик мақсадлар ва амалга оширилиши зарур бўлган вазифалар белгилаб берилган.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими
Барча саволлар учун қуйидаги телефон орқали боғланиш мумкин: (78) 150 02 02 (417)
Изоҳ қолдириш