Ҳурматли анжуман иштирокчилари!
Хонимлар ва жаноблар!
Сиз, азизларни меҳмондўст Ўзбекистон заминида Кўп ўлчовли камбағаллик бўйича юқори даражадаги конференциянинг очилиши билан самимий қутлайман. Анжуман ишида ушбу соҳанинг таниқли экспертлари иштирок этмоқда.
Бугунги кунда дунёда давом этаётган турли можаролар, гуманитар, эпидемиологик ва иқлим инқирозлари Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш ҳамда камбағалликнинг барча кўринишларини қисқартириш борасидаги саъй-ҳаракатларга жиддий таҳдид солмоқда.
Ана шундай шароитда дунёнинг кўплаб давлатлари нуфузли экспертлар мулоқотига катта қизиқиш билдириб, камбағалликни қисқартириш бўйича энг долзарб муаммоларга самарали ечим топишга умид боғламоқда.
Қадрли дўстлар!
Жорий йилда мазкур нуфузли тадбирга Ўзбекистоннинг мезбон сифатида танлангани мамлакатимизда камбағалликни қисқартириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг халқаро эътирофи бўлди, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
Сўнгги беш йилда илғор хорижий ёндашувлар ҳамда мамлакатимизнинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб, энг қуйи бўғин – маҳалла даражасига тушган ҳолда камбағалликка қарши курашиш борасида муваффақиятли тажриба яратилди.
Энг аввало, аҳоли даромадларини оширишда фуқароларнинг касб-ҳунар эгаллаши ва ўз бизнесини бошлашига кўмаклашишни устувор вазифа этиб белгиладик.
Ҳокимнинг маҳалладаги ёрдамчилари институти бу борада аҳолига ҳар томонлама кўмак бермоқда. Биргина жорий йилнинг ўзида 250 минг ишсиз фуқароларни касбларга ўқитиш, 2 миллион аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш юзасидан катта ҳажмдаги ишлар олиб борилмоқда.
Иккинчидан, Янги Ўзбекистонда ҳар бир фуқаронинг яшаш шароитини яхшилаш, таълим ва тиббий хизматлар кўлами ва сифатини ошириш инсон қадрини улуғлашга қаратилган ислоҳотларимизнинг асосий йўналиши бўлиб келмоқда.
2024 йилнинг ўзида боғча ва мактаблар барпо қилиш, тиббий хизматни кенгайтириш, маҳаллаларда ичимлик суви, электр энергияси, йўл инфратузилмасини яхшилаш учун бюджетдан 31,5 триллион сўм ажратилди. Энг муҳими, ушбу лойиҳаларни амалга оширишда “Ташаббусли бюджет” тизими орқали маҳаллаларнинг иштироки кенгайиб бормоқда.
Учинчидан, ижтимоий ҳимоя тизимини кучайтириб, давлат кўмагига муҳтож оилаларга сифатли хизматлар кўрсатиш кўламини кескин оширдик. Шу мақсадда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил этилди, туманларда “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари фаолияти йўлга қўйилди.
Натижада 2 миллион 300 мингдан зиёд муҳтож оилалар, хотин-қизлар, ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар кафолатланган ижтимоий ҳимоя билан қамраб олинди. Бу – 2017 йилга нисбатан 4 баробар кўп, демакдир.
Шу ўринда бир масалага эътиборингизни қаратмоқчиман: муҳтож оилаларда туғилган болаларнинг салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш бўйича барча имкониятларни яратиб бериш давлатимиз сиёсатида муҳим ўрин эгаллаган.
Ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, юртимиздаги барча болаларнинг ҳар томонлама етук инсон бўлиб камол топишига устувор аҳамият қаратмоқдамиз. Хусусан, кейинги йилларда болаларнинг мактабгача таълим билан қамров даражаси 27 фоиздан 74 фоизга оширилди. Болалар ўртасидаги камбағаллик даражаси охирги уч йилда 22 фоиздан 14 фоизга пасайди.
Бундан ташқари, ёшларни юқори даромадли ва замонавий касбларга ўқитиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Масалан, “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси амалга оширилди, ҳар бир туманда IT марказлар фаолияти йўлга қўйилди.
Умуман, сўнгги уч йилда мамлакатимизда кўмакка муҳтож 3 миллион аҳолининг турмуш шароитини яхшилаб, камбағаллик даражасини 17 фоиздан 11 фоизга туширишга эришдик.
Ҳурматли анжуман иштирокчилари!
Республикамизда эҳтиёжманд аҳолини қўллаб-қувватлаш бўйича кенг қамровли сиёсатни изчил давом эттириб, келгуси уч йилда камбағаллик даражасини 7 фоизгача пасайтиришни мақсад қилганмиз.
Бундай юксак марраларга эришишда Ўзбекистон халқаро ташкилотлар ва хорижий мамлакатлар билан ўзаро тажриба алмашиш, биргаликда турли дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш орқали яқин ҳамкорликни изчил давом эттиришдан манфаатдор.
Кўп ўлчовли камбағаллик бўйича ўзаро мулоқот ана шундай эзгу мақсадларга хизмат қилади, унинг якунида ишлаб чиқиладиган амалий таклиф ва тавсиялар жаҳон миқёсида камбағалликни камайтиришда янги қадам бўлади, деб умид қиламан.
Фурсатдан фойдаланиб, конференция фаолиятига, унинг барча иштирокчиларига муваффақият тилайман.
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Изоҳ қолдириш