Ўзбекистон автомобиль бозорида барқарор фаоллик сақланиб қолмоқда

Ўзбекистон автомобиль бозорида барқарор фаоллик сақланиб қолмоқда

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Ўзбекистон автомобиль бозоридаги фаоллик динамикасини мунтазам таҳлил қилиб боради. Шарҳ автомобиль бозорининг асосий сегментлари ва ҳудудлардаги ўзгаришларни қамраб олади.

Август ойи якунларига кўра, барча турдаги автотранспорт воситалари (бирламчи, иккиламчи ва электромобиллар) савдоси 79 мингтадан ошди, бу ўтган ой кўрсаткичига деярли мос келади.

Енгил автомобиллар бозоридаги вазият

Август ойида енгил автомобиллар савдоси 62,5 мингтани ташкил этиб, ўтган ойга нисбатан 2,2%га ошди.

Ҳудудлар динамикаси

Бир ой давомида автотранспорт воситалари савдоси республикадаги 14 та ҳудуддан 9 тасида ўсди. Энг юқори ўсиш Бухоро (19,1%), Тошкент (11,9%) ва Хоразм вилоятларида (10,8%) қайд этилди.

Ўтган ойга нисбатан фаолликнинг энг катта пасайиши Тошкент шаҳрида (-10,1%), Андижон (-2,7%) ва Фарғона вилоятларида (-2,1%) кузатилди.

Бирламчи енгил автомобиллар бозори

Бир ой давомида янги енгил автомобиллар савдоси 20,5%га ўсиб, 30,6 мингтага етди. Ўсишга асосий ҳиссани маҳаллий ишлаб чиқарилган автомобиллар қўшди, уларнинг савдоси қарийб 25%га ошиб, 25,3 мингтани ташкил этди.

Хорижда ишлаб чиқарилган янги автомобиллар савдоси 5,3 мингтани ташкил этиб, ўтган ойга нисбатан 7%га ошди..

Иккиламчи енгил автомобиллар бозори

Бир ой давомида фойдаланилган енгил автомобиллар савдоси 10,8%га камайиб, қарийб 32 мингтани ташкил этди.

Электромобиллар бозоридаги вазият

Август ойида бирламчи ва иккиламчи бозорларда электромобиллар савдоси 9,2 мингтани ташкил этиб, ўтган ой даражасида сақланиб қолди.

Фаолликнинг ўсиши республиканинг аксарият ҳудудларида қайд этилди. Энг кўп электромобил Тошкент шаҳрида (6,3 мингта), Фарғона (662 та) ва Тошкент вилоятларида (455 та) сотилди.

Электромобиллар савдоси Тошкент шаҳрида юқори даражада жамланган бўлиб, пойтахт ҳиссаси бозор умумий ҳажмининг 68,5%ини ташкил этди.

Шу билан бирга, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан электромобиллар савдоси 44,5%га ўсди.

Жаъфар Хидиров

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар