Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази республика бўйлаб тадбиркорлар ўртасида ҳар ой ўтказиладиган сўровлар асосида Ўзбекистондаги бизнес-муҳит таҳлили натижаларини тақдим этди.
Олинган маълумотлар асосида бизнеснинг жорий ҳолатига берилган баҳолар ва яқин уч ой учун кутилмаларни акс эттирувчи бизнес-муҳитнинг йиғма индикатори ҳисоблаб чиқилди.
Ўзбекистонда бизнес-муҳит йиғма индикатори динамикаси
Август ойида бизнес-муҳит йиғма индекси 59 бандни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 4 бандга юқори бўлди.

Индекснинг 50 банддан юқори бўлиши тадбиркорлик муҳитида оптимистик баҳолар устунлигини кўрсатади.
Баҳоларга кўра, бизнеснинг жорий ҳолати индекси ва кутилмалар индекси ўтган йилга нисбатан ҳар бири 4 бандга ошиб, мос равишда 53 ва 66 бандни ташкил этди.
Сўнгги уч ойда ҳар ўн нафар тадбиркордан тўрт нафарида (40%) бизнес ҳолати яхшиланган.
Респондентларнинг ярми (50%) бизнеснинг жорий ҳолатини «яхши» деб баҳолаган, ҳар тўртта корхонадан бирида (25%) эса сўнгги уч ойда ходимлар сони кўпайган.
Тадбиркорларнинг қарийб учдан икки қисми (66%) яқин уч ойда маҳсулотларига талаб ошишини кутмоқда.
Бизнес-муҳит индексининг тармоқлар бўйича динамикаси

Ўтган йилга нисбатан бизнес-муҳит индикатори саноат ва хизматлар соҳасида ошган бўлса, қишлоқ хўжалиги ва қурилишда бироз пасайиш қайд этилди.
Саноатда бизнес-муҳит йиғма индикатори 5 бандга ошиб, 53 бандни ташкил этди. Ўзгаришлар яқин уч ойдаги ривожланиш истиқболлари бўйича кутилмаларнинг 18 бандга ўсиб, 73 бандга етиши билан боғлиқ. Бизнеснинг жорий ҳолатига берилган баҳолар эса 6 бандга пасайиб, 35 бандни ташкил этди.
Ўтган йилга нисбатан саноатда яқин уч ойда бизнес ҳолати яхшиланишини кутаётган тадбиркорлар улуши 74 фоизга (+5 ф.п.), маҳсулотга талаб ошишини кутаётганлар улуши эса 67 фоизга (+7 ф.п.) етди. Шу билан бирга, бизнесининг жорий ҳолатини яхши деб баҳолаган тадбиркорлар улуши бироз пасайиб, 35 фоизни (-4 ф.п.) ташкил этди.
Хизматлар соҳасида бизнес-муҳит йиғма индикатори сезиларли даражада яхшиланиб, 7 бандга ошди ва 64 бандни ташкил этди. Бу бизнеснинг жорий ҳолатига берилган баҳоларнинг 11 бандга ҳамда яқин уч ойдаги ривожланиш истиқболлари бўйича кутилмаларнинг 4 бандга ошиши билан боғлиқ.
Хизматлар соҳасидаги компанияларнинг ярмидан кўпи (56%) бизнеснинг жорий ҳолатини яхши деб баҳолаган (+9 ф.п.). Соҳа вакилларининг 72 фоизи яқин уч ойда бизнес ҳолати яхшиланишини кутмоқда (+3 ф.п.). Сўнгги уч ойда бизнес ҳолати яхшиланганини қайд этган компаниялар улуши ҳам 5 фоиз бандга ошиб, 44 фоизни ташкил этди.
Қишлоқ хўжалигида бизнес-муҳит йиғма индикатори 53 бандни (-4 п.) ташкил этди. Аграр соҳада жорий баҳолар 47 банд даражасида ўзгаришсиз қолган бўлса, тадбиркорларнинг кутилмалари 8 бандга пасайиб, 60 бандни ташкил этди.
Сўнгги уч ойда вазият яхшиланганини тадбиркорларнинг 37 фоизи маълум қилди (2025 йилда 42%). Шу билан бирга, тадбиркорларнинг 41 фоизи маҳсулотга талаб ошганини қайд этди, бу ўтган йилги кўрсаткичдан бироз паст (49%).
Қурилишда бизнес-муҳит йиғма индикатори ўтган йилга нисбатан деярли ўзгармади (-1 п.) ва 60 бандни ташкил этди. Соҳада жорий баҳолар 3 бандга ошиб, 63 бандга етган бўлса, бизнес кутилмалари 4 бандга пасайиб, 58 бандни ташкил этди.
Сўнгги уч ойда қурилиш корхоналарининг 41 фоизида жорий вазият яхшиланди (бир йил аввал 37%). Шу билан бирга, корхоналарнинг 46 фоизи бизнесининг жорий ҳолатини яхши деб баҳолади (бир йил аввал 37%). Яқин уч ойда маҳсулотга талаб ошишини кутаётган компаниялар улуши эса 57 фоизни ташкил этди (аввал 61%).
Бизнес юритишдаги тўсиқлар камаймоқда

Бизнес юритишда тўсиқларга дуч келмаётган тадбиркорлар улуши 67 фоизга (+8 ф.п.) етди. Энг юқори кўрсаткич хизматлар соҳасида 72 фоизни ташкил этди. Кейинги ўринларда қурилиш (63%), қишлоқ хўжалиги (61%) ва саноат (60%) қайд этилди.
Бизнес учун асосий чекловлар қаторида солиққа тортиш билан боғлиқ тўсиқлар қайд этилди, уларнинг улуши 18 фоизга (-1 ф.п.), банк тизими билан боғлиқ тўсиқлар эса 13 фоизга (-2 ф.п.) пасайди. Бошқа молиявий қийинчиликларга дуч келаётган тадбиркорлар улуши 10 фоизга (-2 ф.п.) қисқарди, респондентларнинг 7 фоизи (-1 ф.п.) талаб етарли эмаслигини кўрсатди. Солиқ соҳасидаги асосий қийинчиликлар солиқ маъмуриятчилиги (13%) ва солиқ ставкалари даражаси (5%) билан боғлиқ.
Тармоқлар кесимида қишлоқ хўжалигида солиқ маъмуриятчилиги 11 фоиз (+3 ф.п.) ва кредит олишдаги қийинчиликлар 9 фоиз (-2 ф.п.) билан кўпроқ қайд этилди. Саноатда талаб етарли эмаслигини кўрсатганлар улуши 12 фоизни (-1 ф.п.), кредит олишдаги қийинчиликлар 11 фоизни (+5 ф.п.), солиқ маъмуриятчилиги билан боғлиқ муаммолар 8 фоизни (+4 ф.п.) ташкил этди.
Қурилишда солиқ маъмуриятчилиги билан боғлиқ муаммолар улуши 12 фоизга (+7 ф.п.) ошди, кредит олишдаги қийинчиликлар эса 7 фоизга (-6 ф.п.) пасайди. Хизматлар соҳасида тадбиркорларнинг 16 фоизи солиқ маъмуриятчилигини, 8 фоизи (+3 ф.п.) эса ер олишдаги қийинчиликларни қайд этди.
Иқтисодиёт тармоқлари рақобатбардошлиги
ва инвестицион фаолликни ўрганиш шўъбаси: (78) 150 02 02 (441)
Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар шўъбаси: (78) 150 02 02 (417)
Изоҳ қолдириш