2026 йил январь–июль ойлари якунларига кўра, Марказий Осиё давлатларининг ўзаро савдоси юқори ўсиш суръатларини сақлаб қолди. Унинг ҳажми 25,4 фоизга ошиб, 8,1 млрд долларга етди.
Минтақа ички савдоси кўрсаткичи сифатида ҳар бир мамлакатнинг Марказий Осиёнинг бошқа давлатларига экспорт етказиб бериш ҳажмлари йиғиндиси олинган. Бундай ёндашув икки карра ҳисобга олишнинг олдини олади, чунки бир хил савдо операцияси бир мамлакат экспорти ва бошқа мамлакат импорти сифатида акс этади. Туркманистон бўйича Марказий Осиё мамлакатлари миллий статистика идораларининг кўзгу маълумотларидан фойдаланилган.
Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари минтақа давлатларига етказиб бериш ҳажмини оширди. Асосий ҳажм ва ўсиш Қозоғистон ҳамда Ўзбекистон ҳиссасига тўғри келди. Қозоғистоннинг минтақа мамлакатларига экспорти 26,8 фоизга ошиб, 4,5 млрд долларни, Ўзбекистон экспорти 34,5 фоизга ошиб, 2 млрд долларни ташкил этди. Қирғизистон етказиб бериш ҳажмини 18,3 фоизга, 523 млн долларгача, Туркманистон 10,4 фоизга, 844 млн долларгача, Тожикистон 6,2 фоизга, 209 млн долларгача оширди.
Ўзаро экспорт таркибида энг катта улуш Қозоғистон ҳиссасига тўғри келиб, умумий ҳажмнинг 55,9 фоизини ташкил этди. Ўзбекистоннинг улуши 24,7 фоиз, Туркманистонники 10,4 фоиз, Қирғизистонники 6,4 фоиз, Тожикистонники 2,6 фоизни ташкил қилди. Қозоғистон ва Ўзбекистон биргаликда минтақа ички етказиб бериш ҳажмининг 80,6 фоизини таъминлади. Шунингдек, Марказий Осиё ўзаро экспорти ўсишининг қарийб 90 фоизи ушбу икки мамлакат ҳиссасига тўғри келди.
Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо минтақа ичидаги энг йирик савдо йўналиши бўлиб қолмоқда. 2026 йилнинг етти ойида икки томонлама савдо ҳажми 3,3 млрд долларни ташкил этди. Қозоғистоннинг Қирғизистон ва Тожикистон билан, шунингдек, Ўзбекистоннинг Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон билан савдо алоқалари ҳам салмоқли ўрин тутади. Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги савдо ҳам ўсишда давом этмоқда. Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон ўртасидаги тўғридан-тўғри савдо ҳажмлари эса нисбатан паст даражада қолмоқда.
Ўзаро савдодаги иштирокига кўра, Марказий Осиё мамлакатларини икки гуруҳга ажратиш мумкин. Қозоғистон ва Туркманистон асосан минтақавий нетто-экспортёрлар сифатида иштирок этса, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон нетто-импортёрлар бўлиб қолмоқда.
Минтақа билан савдодаги мамлакатлар тенденциялари
2026 йил январь–июль ойларида Қозоғистоннинг Марказий Осиё мамлакатлари билан товар айирбошлаш ҳажми 5,9 млрд долларга етиб, 25 фоизга ошди. Экспорт 26,8 фоизга ошиб, 4,5 млрд долларни, импорт 19,2 фоизга ошиб, 1,4 млрд долларни ташкил этди. Экспорт импортдан уч баравардан зиёд бўлди, минтақа билан савдодаги ижобий сальдо қарийб 3,2 млрд долларни ташкил қилди.
Марказий Осиё Қозоғистон умумий ташқи савдосининг 6,7 фоизини, жумладан экспортнинг 8,9 фоизини ва импортнинг 3,7 фоизини ташкил этди. Минтақанинг Қозоғистон учун маҳсулот сотиш бозори сифатидаги аҳамияти товарлар етказиб бериш манбаси сифатидаги аҳамиятидан анча юқори бўлиб қолмоқда.
Қозоғистоннинг асосий ҳамкори Ўзбекистон бўлиб, унинг минтақа мамлакатлари билан савдосидаги улуши 55 фоизни ташкил этди. Қирғизистон улуши 25 фоиз, Тожикистон 14 фоиз, Туркманистон 5 фоизни ташкил қилди.
Барча йўналишларда ўсиш қайд этилди. Ўзбекистон билан савдо 30 фоизга, Тожикистон билан 25 фоизга, Қирғизистон билан 20 фоизга, Туркманистон билан 6,1 фоизга ошди. Қозоғистон жорий йилда минтақа мамлакатлари билан савдо ҳажмини фаол оширмоқда.
Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатлари билан савдоси 28 фоизга ошиб, 5,4 млрд долларга етди. Экспорт 35 фоизга ўсиб, 2 млрд долларни, импорт 25 фоизга ўсиб, 3,4 млрд долларни ташкил этди. Салбий сальдо қарийб 1,4 млрд доллар бўлди. Савдо тақчиллиги асосан Қозоғистон ва Туркманистон билан савдода кузатилди, Қирғизистон ва Тожикистон билан савдода эса Ўзбекистон ижобий сальдони сақлаб қолди.
Минтақа Ўзбекистон ташқи савдосининг 10,9 фоизини, экспортнинг 10,1 фоизини ва импортнинг 11,4 фоизини таъминлади. Ташқи савдо оқимларидаги яқин улушлар Марказий Осиёнинг Ўзбекистон учун ҳам маҳсулот сотиш бозори, ҳам товарлар етказиб бериш манбаси сифатидаги роли нисбатан мувозанатли эканини кўрсатади.
Ўзбекистоннинг минтақа билан савдосида Қозоғистон улуши 61 фоизни, Қирғизистон 14 фоизни, Туркманистон 15 фоизни, Тожикистон 11 фоизни ташкил этди. Айни пайтда нисбатан кичик савдо йўналишларида юқори ўсиш қайд этилди. Қирғизистон билан товар айирбошлаш 54 фоизга, Тожикистон билан 45 фоизга ошди. Қозоғистон билан савдо 24 фоизга, Туркманистон билан 16 фоизга ўсди. Натижалар Ўзбекистоннинг минтақавий савдо географияси кенгайиб бораётганини кўрсатади.
Қирғизистоннинг Марказий Осиё мамлакатлари билан товар айирбошлаш ҳажми 2 млрд долларга етиб, 12,3 фоизга ошди. Импорт 10,3 фоизга ўсиб, 1,5 млрд долларни, экспорт эса 18,3 фоизга ўсиб, 523 млн долларни ташкил этди. Экспортнинг юқорироқ суръатларда ўсишига қарамай, салбий сальдо юқори даражада сақланиб, 942 млн долларни ташкил қилди.
Марказий Осиё Қирғизистон ташқи савдо айланмасининг 19,9 фоизини, импортнинг 17,6 фоизини ва экспортнинг 31,4 фоизини ташкил этди. Минтақа мамлакатлари Қирғизистон учун, айниқса, маҳсулот сотиш бозори сифатида катта аҳамиятга эга.
Қирғизистоннинг минтақавий савдоси асосан икки йўналишда жамланган. Қозоғистон минтақа мамлакатлари билан товар айирбошлашнинг 61 фоизини, Ўзбекистон 36 фоизини ташкил этди. Тожикистон улуши 2,1 фоиз, Туркманистонники 1,4 фоиз бўлди. Ўзбекистон билан савдо 40,3 фоизга, Тожикистон билан 3,3 бараварга ошди. Қозоғистон билан товар айирбошлаш 0,6 фоизга, Туркманистон билан 25,8 фоизга камайди.
Тожикистон Марказий Осиё мамлакатлари билан товар айирбошлаш ҳажмини 30 фоизга, 1,4 млрд долларгача оширди. Импорт 35 фоизга ўсиб, 1,2 млрд долларни, экспорт 6,2 фоизга ўсиб, 209 млн долларни ташкил этди. Натижада минтақа билан савдодаги салбий сальдо 977 млн долларга етди.
Марказий Осиё Тожикистон умумий ташқи савдосининг 17,6 фоизини, импортнинг 19,2 фоизини ва экспортнинг 11,7 фоизини ташкил этди. Минтақанинг мамлакат учун товарлар етказиб бериш манбаси сифатидаги аҳамияти маҳсулот сотиш бозори сифатидаги аҳамиятидан юқори.
Қозоғистон Тожикистоннинг минтақа мамлакатлари билан савдосида етакчи ҳамкор бўлиб, унинг улуши 64 фоизни ташкил этди. Ўзбекистон улуши 30 фоиз, Туркманистон 3,4 фоиз, Қирғизистон 2,7 фоизни ташкил қилди.
Етти ой давомида минтақанинг барча мамлакатлари билан товар айирбошлаш ҳажми ошди. Хусусан, Қозоғистон билан савдо 32,7 фоизга, Ўзбекистон билан 13 фоизга ўсди. Қирғизистон ва Туркманистон билан савдода энг юқори ўсиш суръатлари қайд этилган бўлса-да, уларнинг ҳажмлари ҳали ҳам нисбатан кичик.
Кўзгу маълумотларига кўра, Туркманистоннинг Марказий Осиё мамлакатларига экспорти 844 млн долларни ташкил этиб, 10 фоизга ошди. Туркманистон ҳиссасига минтақанинг ўзаро экспортининг 10 фоизи тўғри келди. Асосий йўналишлар Ўзбекистон ва Қозоғистон бўлиб қолмоқда, Қирғизистон ва Тожикистонга етказиб бериш ҳажмлари эса нисбатан паст.
Умуман, 2026 йил январь–июль ойлари натижалари минтақа ички савдосида ижобий динамика сақланаётганини кўрсатади. Ўзбекистоннинг Қирғизистон ва Тожикистон билан савдоси сезиларли даражада ўсди, Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги савдо алоқалари ҳам фаоллашди.
Шу билан бирга, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон ўртасидаги тўғридан-тўғри савдо оқимлари ҳали ҳам кичик ҳажмда қолмоқда, савдодаги йирик номутаносибликлар ва мамлакатлар кесимида айрим йўналишларга юқори даражада боғлиқлик сақланиб қолмоқда.
Мазкур шароитда асосан икки томонлама савдодан кўп томонлама ишлаб чиқариш алоқаларига ўтиш алоҳида аҳамият касб этади. Бунинг учун нотариф тўсиқларни янада қисқартириш, чегараолди инфратузилмасини ривожлантириш, техник талабларни яқинлаштириш, хомашёга боғлиқ бўлмаган экспортни кенгайтириш ва трансчегаравий қўшилган қиймат занжирларини ривожлантириш зарур.
Руслан Абатуров
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотар маркази
Изоҳ қолдириш