Ҳудудларда солиқ, экспорт ва биржа фаоллиги ўсди

Ҳудудларда солиқ, экспорт ва биржа фаоллиги ўсди

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази 2026 йилнинг январь-август ойларида Ўзбекистон ҳудудларида тадбиркорлик фаоллиги ҳолатини таҳлил қилди.

Таҳлил солиқ ва божхона тушумлари, товарлар экспорти, тижорат банклари томонидан ажратилган кредитлар ҳамда Ўзбекистон Республика товар-хомашё биржасидаги битимлар динамикасини қамраб олди.

2026 йил 1 январдан 31 августгача республика бўйича солиқ тушумлари 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 39,9 фоизга ўсиб, 196,2 трлн сўмни ташкил этди.

Солиқ тушумларининг юқори ўсиши Тошкент вилоятида 35,1 фоиз, Сирдарё вилоятида 31,6 фоиз, Самарқанд вилоятида 28,9 фоиз, Навоий вилоятида 28,3 фоиз ва Жиззах вилоятида 28,2 фоиз даражасида қайд этилди.

Мазкур даврда республика бўйича божхона тушумлари 17,6 фоизга ошиб, 55,4 трлн сўмни ташкил этди.

Божхона тушумларининг сезиларли ўсиши Қорақалпоғистон Республикасида 68,6 фоиз, Наманган вилоятида 48,1 фоиз, Фарғона вилоятида 37,7 фоиз, Навоий вилоятида 31,2 фоиз ва Тошкент вилоятида 25,3 фоиз даражасида кузатилди.

2026 йил 1 январдан 31 августга қадар республикада товарлар экспорти 11,1 млрд долларни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 30,9 фоизга ўсди.

Экспортнинг сезиларли ўсиши Бухоро вилоятида 58,3 фоиз, Тошкент вилоятида 57,9 фоиз, Андижон вилоятида 35,1 фоиз, Навоий вилоятида 34,7 фоиз, Сурхондарё вилоятида 34,4 фоиз ва Тошкент шаҳрида 32,8 фоиз даражасида қайд этилди.

2026 йил 1 январдан 31 августга қадар тижорат банклари томонидан ажратилган кредитлар ҳажми 263,0 трлн сўмни ташкил этиб, 2025 йилнинг шу даврига нисбатан 5,5 фоизга ўсди.

Кредитлашнинг сезиларли ўсиши Самарқанд вилоятида 45,0 фоиз, Андижон вилоятида 33,8 фоиз ва Бухоро вилоятида 27,5 фоиз даражасида қайд этилди.

Андижон вилоятида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан жисмоний шахсларга ажратилган кредитлар 55 фоизга ўсиб, ҳудудда умумий кредитлаш ҳажмининг 33,8 фоизга ўсишига ҳисса қўшди.

Ўзбекистон Республика товар-хомашё биржасидаги битимлар ҳажми 31,6 фоизга ошиб, 125,9 трлн сўмни ташкил этди.

Битимлар ҳажмининг энг юқори ўсиши Сурхондарё вилоятида 104,8 фоиз бўлиб, асосий товарлар пахта толаси, бензин ва суюлтирилган газ ҳиссасига тўғри келди. Бухоро вилоятида ўсиш 82,5 фоизни ташкил этиб, қурилиш материаллари, бензин ва дизель ҳисобига таъминланди. Навоий вилоятида битимлар ҳажми 41,5 фоизга ўсиб, асосий товарлар қурилиш материаллари, дизель ва минерал ўғитлар бўлди.

Зарина Қосимова

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар