Ўзбекистонда кўчмас мулкни солиққа тортиш тизимининг трансформацияси
Бугунги кунда кўчмас мулкни солиққа тортишга солиқ тизимларини такомиллаштиришнинг асосий йўналишларидан бири сифатида қаралмоқда. Мулк солиқлари ЯИMдаги улуши нисбатан кичик бўлишига қарамай, маҳаллий бюджетлар даромадларини шакллантиришнинг энг барқарор манбаларидан бири ҳисобланади. Даромад ва фойда солиқларидан фарқли ўлароқ, улар солиқ тўловчиларнинг иқтисодий хулқ-атворига камроқ таъсир кўрсатади, бюджет тушумларининг барқарорлигини таъминлайди ва ҳудудларнинг молиявий мустақиллигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Жаҳон амалиётида бозор қийматини солиқ базаси сифатида қўллаш тобора кенг тус олмоқда. Объектларнинг майдони, норматив ёки инвентаризация қийматига асосланган тизимлар билан солиштирганда, бозор баҳоси солиқ юкининг янада холис тақсимланишини таъминлайди ва иқтисодиёт ривожлангани сари кўчмас мулк қиймати ўзгаришини автоматик равишда ҳисобга олиш имконини беради.
Шу билан бирга, бундай моделни самарали қўллаш шаффоф баҳолаш методологиясини, объектларни мунтазам равишда қайта баҳолашни ва оммавий баҳолашнинг профессионал институционал инфратузилмасини шакллантиришни талаб қилади. Айнан шу боис кўчмас мулкнинг бозор қийматига ўтиш кўпгина мамлакатларда мулкни солиққа тортишни ислоҳ қилишнинг устувор йўналишига айланди.
Халқаро амалиёт кўрсатганидек, мулк солиқлари: ер майдонлари ва кўчмас мулк объектларидан оқилона фойдаланишни рағбатлантиради; солиқ юкининг янада адолатли тақсимланишини таъминлайди; маҳаллий бюджетларнинг барқарор даромад базасини шакллантиради; ҳудудий ривожланишни самарали бошқариш учун замин яратади.
Шунингдек, бир қатор мамлакатларда, жумладан, Ўзбекистон Республикасида мулкни солиққа тортишнинг амалдаги тизимлари кўчмас мулкнинг иқтисодий қийматини ҳар доим ҳам акс эттирмайдиган баҳолаш моделларига асосланишда давом этмоқда. Бу эса солиқ юкини адолатли тақсимлаш имкониятларини чеклайди ва мулк солиқларидан ҳудудий ривожланиш воситаси сифатида фойдаланиш самарадорлигини камайтиради.
Кўчмас мулкни солиққа тортишнинг амалдаги модели
Ўзбекистонда мулкни солиққа тортишнинг амалдаги тизими тарихан турли солиқ солиш объектлари, солиқ базалари ва баҳолаш усулларига эга бўлган алоҳида солиқлар мажмуаси сифатида шаклланган. Хусусан, жисмоний шахсларга тегишли кўчмас мулк объектлари учун солиқ базаси сифатида кадастр қиймати, юридик шахслар учун – мулкнинг қолдиқ қиймати, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар учун – норматив қиймат, бошқа ер участкаларига нисбатан эса уларнинг майдони қўлланилади. Турли ёндашувларнинг қўлланилиши солиққа тортишнинг бир хиллигини таъминламайди ҳамда кўчмас мулк ва ер участкаларининг реал бозор қийматини тўлиқ ҳажмда акс эттирмайди.
Солиқ базасини аниқлашда турли ёндашувларнинг қўлланилиши мулкни солиққа тортиш тизимининг парчаланишига олиб келади, солиқ маъмуриятчилигини қийинлаштиради ва кўчмас мулк объектларини баҳолашда ягона ёндашув шаклланишига тўсқинлик қилади. Бундай ёндашув иқтисодиёт тараққиётининг олдинги босқичларида тизимнинг ишлашини таъминлашга имкон берган, лекин ҳозирги шароитда солиқ солишнинг адолатлилик, нейтраллик ва самарадорлик тамойилларига тобора кам мос келмоқда.
Шунинг учун кўчмас мулкнинг бозор қийматига ўтишни ҳудудларнинг солиқ салоҳиятини ошириш орқали жамоатчилик инвестицияларининг бир қисмини қайтаришни таъминлайдиган янада самарали ва адолатли мулк солиғи тизимини шакллантириш асоси сифатида кўриб чиқиш мумкин.
Солиқ тушумларининг ўсиш омиллари. Бир қарашда тушумлар динамикаси 2018-2025 йиллар давомида бюджетлар даромадларини шакллантиришда мулк солиқларининг роли ошиб бораётганидан далолат беради: бу кўрсаткич 1,37 трлн. сўмдан 7,12 трлн. сўмгача (5 баравардан зиёд) ошган (1-жадвал). Бироқ, бундай хулоса чиқаришга ҳали эрта. Солиқ тушумларининг ўсиши кўп жиҳатдан солиқ базасининг кенгайиши, солиқ ставкаларининг индексация қилиниши, айрим кўчмас мулк объектлари учун минимал қийматнинг жорий этилиши, маҳаллий ҳокимият органлари ваколатларининг кенгайтирилиши ҳамда солиқ маъмуриятчилигининг такомиллаштирилиши билан боғлиқ. Демакки, тушумлар кўпайиши ўз-ўзидан мулкни солиққа тортишнинг амалдаги моделининг самарадорлиги ошганидан далолат бермайди.
2024 йилдаги тушумларнинг ўсиши, жумладан, нотурар жой кўчмас мулк объектлари учун минимал қийматнинг жорий этилиши билан боғлиқ бўлиб, кадастр қиймати ундан паст белгиланмаслиги керак (юридик шахсларга нисбатан шунга ўхшаш норма 2022 йилдан бери амал қилмоқда) (1-жадвал).

Кўчмас мулк объектлари сони барқарор ўсиш суръатини кўрсатган бўлиб, 2018 йилдаги 6 492 минг бирликдан 2026 йил бошига келиб 8 845,8 минг бирликни ташкил этди. Ўсиш суръатларида илгари ўтказилган амнистия омиллари, янги кўчмас мулк объектларининг фойдаланишга топширилиши, шунингдек, илгари ҳисобга олинмаган объектларни қайд этиш ишларининг кучайгани ҳисобга олинган (1-расм).

Жисмоний шахсларнинг солиққа тортиш мақсадида ҳисобга олинадиган кўчмас мулк объектларининг қиймати 2017 йилдаги 46 543 млрд. сўмдан 2026 йилга келиб 517 791,3 млрд. сўмга ошди (11 баравардан зиёд) (2-расм).

Халқаро амалиёт кўрсатганидек, мулк солиқларининг даромад келтириш салоҳияти нафақат солиқ ставкалари даражаси билан, балки солиқ базасини шакллантириш сифати билан белгиланади. Солиқ тушумлари ҳажмига бир вақтнинг ўзида солиқ базасининг кенглиги, кўчмас мулк объектларининг тўлиқ қамраб олингани, баҳолашнинг ишончлилиги, солиқ маъмуриятчилигининг самарадорлиги ва солиқ ставкалари даражаси таъсир кўрсатади.
Кадастр ва бозор қийматини солиштириш. Мулк эгалари ўртасида солиқ юкининг адолатли тақсимланмаслиги кадастр қиймати яқин бўлган, лекин бозор қийматига кўра анча фарқ қиладиган, хусусиятларига кўра таққосий кўчмас мулк объектларига эга шахсларга деярли бир хил солиқ юки юкланишига олиб келади. Бу муаммо, айниқса, кўчмас мулк қиймати нафақат объектнинг хусусиятлари, балки атрофдаги инфратузилманинг ривожланиш даражаси билан ҳам белгиланадиган йирик шаҳaрларда яққол намоён бўлади.

Келтирилган қиёслаш иқтисодий қиймати сезиларли даражада фарқ қиладиган объектлар солиқ юкининг яқин даражасига эга бўлиши мумкинлигини кўрсатди (бозор қийматидаги фарқ 2 баравардан кўп, амалдаги солиқ суммаси эса бор-йўғи 25 фоизга фарқ қилади).
Ушбу мисол амалдаги тизим объектларнинг иқтисодий қийматига эмас, балки маъмурий тарзда белгиланган қийматига йўналтирилганини кўрсатади. Натижада солиқ юки асосан тарихан шаклланган баҳолаш параметрларидан келиб чиққан ҳолда тақсимланади, кўчмас мулкнинг жойлашган ўрни ва инфратузилма ривожланиши билан боғлиқ бозор қийматидаги фарқлар эса деярли ҳисобга олинмайди. Оқибатда иқтисодий қиймати сезиларли даражада фарқ қиладиган объектлар таққосий солиқ юкига эга бўлиши, кўчмас мулк қийматининг ошиши давлатнинг инфратузилмага киритган инвестициялари ҳисобига ҳам юзага келиши мумкин.
Олинган натижалар солиқ солишнинг ягона объекти – ер участкаси ва унда жойлашган капитал қурилиш объектига асосланган кўчмас мулкни солиққа тортиш тизимига ўтиш мақсадга мувофиқ эканидан далолат беради.
Амалдаги мол-мулкни солиққа тортиш моделининг номукаммаллиги
Ер участкаси ва унда жойлашган капитал қурилиш объектларининг қийматини ўз ичига олган ягона солиқ базасини шакллантириш солиқ базасини аниқлашдаги чалкашликларни минималлаштириш имконини беради, чунки кўчмас мулкнинг бозор қиймати объектнинг ягона иқтисодий актив сифатидаги қийматини акс эттиради. Бундай ёндашувда ер участкаси қиймати ва ундаги яхшиланишлар қийматига ягона иқтисодий актив сифатида қаралади, бу эса мулкни солиққа тортишнинг бозор моделини қўллайдиган кўпгина мамлакатлар амалиётига тўлиқ мос келади.
Мол-мулкни солиққа тортишнинг амалдаги тизимида энг асосий камчилик инфратузилмани ривожлантиришга йўналтирилган давлат инвестициялари, кўчмас мулк бозор қийматининг ўсиши ва солиқ базаси ўртасида тўғридан-тўғри боғлиқликнинг йўқлигидир. Транспорт қатнови қулайлиги, муҳандислик инфратузилмаси ва ободонлаштириш ишларининг яхшиланиши ер участкалари ва кўчмас мулк объектларининг қийматини оширади, бироқ амалдаги солиққа тортиш тизими қийматнинг бундай ўсишини мулкдорларнинг солиқ мажбуриятларида деярли акс эттирмайди.
Ер солиғининг маъмурий тарзда белгиланган ставкаларидан фойдаланиш ва уларни ҳар йили индексация қилиш давлат инвестициялари натижасида юзага келадиган ер участкалари бозор қийматининг ўсишини ҳисобга олиш имконини бермайди. Натижада давлат мол-мулкни солиққа тортиш орқали жамиятга у яратган иқтисодий қийматни қисман қайтариш имкониятига эга бўлмайди, бу эса бюджет инвестицияларининг самарадорлигини пасайтиради ва ҳудудларни янада ривожлантиришнинг молиявий имкониятларини чеклайди.
Масалан, Янгийўл шаҳрининг 2 та маҳалласида инфратузилмани яхшилаш бўйича тегишли ишлар олиб борилди (асфальт, сув таъминоти ва энергия таъминоти). Натижада ушбу маҳаллаларда ер қиймати жадал суръатлар билан икки баравар ўсди (1 сотихи учун 35 млн. сўмдан 75 млн. сўмгача), шаҳар бўйича эса ўсиш тахминан 20 фоизни ташкил этди. Ушбу мисол кўчмас мулк қийматининг ўсиши мулкдорларнинг ҳаракати билан эмас, балки ҳудудни ривожлантиришга киритилган давлат инвестициялари ҳисобига шаклланишини кўрсатади.
Бу ҳолатда бутун маъмурий бирлик учун ер солиғи ставкаларининг оширилиши муаммони ҳал этмайди, чунки бу аниқ кўчмас мулк объектлари қийматининг ҳақиқий ўсишидан қатъи назар, солиқ юкламасининг ошишига олиб келади. Янада самарали ечим солиқ базасини бозор қиймати асосида тузатиш бўлиб, у инфратузилма ривожланиши натижасида ер майдонлари қийматидаги реал ўзгаришларни ҳисобга олиш имконини беради. Шундай қилиб, Янгийўл шаҳри мисоли – бозор қийматига боғлаган ҳолда солиққа тортишни жорий этиш юкламани нафақат битта маъмурий бирлик ичида, балки ҳудудлар ўртасида ҳам қайта тақсимлаш имконини беришини тасдиқлади.
Фойдаланилаётган ҳудудий зоналаш ва солиқнинг унификация қилинган ставкаларини қўллаш ер участкаларининг бозор қиймати ўрнини тўлиқ ҳажмда эгаллашга қодир эмас. Фаол иқтисодий ўсиш ва кенг кўламли инфратузилмавий инвестициялар шароитида битта маъмурий бирлик ичидаги ерлар қийматидаги фарқлар амалдаги солиққа тортиш тизимида акс этганидан анча тез ортиб боради.
Инфратузилмавий инвестицияларнинг солиқ салоҳиятига таъсири нафақат алоҳида аҳоли пунктлари даражасида, балки ҳудудлар миқёсида ҳам намоён бўлади. Бу Ўзбекистон Республикаси вилоятлари ўртасида ер солиғи тушумлари динамикасидаги фарқлар билан тасдиқланади (3-жадвал).

Маҳаллий органларга ер солиғининг оширилган ставкаларини қўллаш ваколати берилиши солиқ тушумларини сезиларли даражада ошириш имконини берди. Бироқ мазкур натижага ер участкаларининг иқтисодий қийматини янада аниқ акс эттириш орқали эмас, балки асосан солиқ ставкаларининг ўзгариши ва солиқ базасининг кенгайиши ҳисобига эришилди.
Ҳудудлар ўртасида тушумлар ўсишининг нотекислиги ҳудудларнинг иқтисодий ривожланишида, инфратузилмавий инвестициялар кўламида ва кўчмас мулк қиймати динамикасида сезиларли фарқлар мавжудлигидан далолат беради. Бунда амалдаги солиққа тортиш тизими солиқ базасини шакллантиришда ушбу фарқларни тўлиқ ҳажмда ҳисобга олишга имкон бермайди.
Кўчмас мулкни баҳолашнинг нобозор усулларидан фойдаланиш нафақат мол-мулкни адолатли солиққа тортиш тизимини шакллантиришга, балки ер бозорини ривожлантиришга, хусусийлаштириш жараёнларини такомиллаштиришга ва кўчмас мулк объектларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга тўсқинлик қилади.

Шундай қилиб, давлат инвестициялари кўчмас мулкнинг қўшимча иқтисодий қийматини шакллантиради, бу қиймат бозор баҳоси бўлмаганда ҳудуднинг солиқ салоҳиятига деярли трансформация бўлмайди. Натижада бюджет инвестициялари, кўчмас мулк қийматининг капиталлашуви ва маҳаллий бюджетларнинг даромадлар базасини шакллантириш ўртасидаги иқтисодий ўзаро боғлиқлик бузилади (4-жадвал).
Ўтказилган таҳлил кўрсатганидек, мулкни солиққа тортишнинг амалдаги тизимида асосий муаммо солиқ базасининг кўчмас мулкнинг иқтисодий қийматига мос келмаслигидир. Бу солиқ адолати тамойилининг бузилишига олиб келади, бюджет инвестицияларидан фойдаланиш самарадорлигини камайтиради ва ҳудудларнинг солиқ салоҳияти ўсиши учун имкониятларни чеклайди. Кўчмас мулкнинг бозор қийматига мол-мулкни баҳолаш воситаси сифатида эмас, балки давлат инвестицияларини ҳудуднинг солиқ салоҳиятига айлантиришнинг иқтисодий механизми сифатида қаралади.
Ўтказилган таҳлил натижаларидан келиб чиққан ҳолда, кўчмас мулкнинг бозор қийматига асосланган мол-мулкни солиққа тортиш тизимига ўтишга адолатли солиқ базасини шакллантиришга ва ижтимоий инвестициялардан фойдаланиш самарадорлигини оширишга қаратилган институционал ислоҳот сифатида қараш керак.
Унинг асосий мақсади кўчмас мулк мулкдорлари ўртасида солиқ мажбуриятларининг янада объектив тақсимланишини таъминлайдиган, ер ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини оширадиган ва маҳаллий бюджетларнинг молиявий барқарорлигини мустаҳкамлайдиган адолатли солиқ базасини шакллантиришдан иборат.
Кўчмас мулкни солиққа тортишни такомиллаштириш бўйича таклифлар
Янада самарали мол-мулкни солиққа тортиш тизимини яратиш учун қуйидаги чора-тадбирларни амалга ошириш зарур.
- Кўчмас мулк объектларининг кадастр қийматини ер участкаларини ҳисобга олган ҳолда бозор қийматига яқинлаштириш. Бунда бозор қийматини белгилаш оммавий баҳолаш асосида қуйидаги тартибда амалга оширилиши керак. Бозор қиймати эталонларни (битимлар амалга оширилган ёки интернет тармоғида эълони берилган ўхшаш квартираларни) аниқлаш ҳамда қурилиш йили, қаватлар сони, девор материаллари ва бошқа кўрсаткичларни ҳисобга олган ҳолда эталон объектларнинг қийматини (1 кв. метр учун) қўллаш орқали белгиланади.
Шундан сўнг, оммавий баҳолаш ўтказиш мақсадида бозор қийматига яқинлаштирилган кўчмас мулк объектининг қиймати баҳоланаётган объектга энг яқин хусусиятларга эга бўлган ҳамда ўша нарх зонасида жойлашган эталон объектнинг 1 кв. метри қиймати асосида, баҳоланаётган объект ва эталон объект ўртасидаги фарқларни акс эттирувчи тузатиш коэффициентларини ҳисобга олган ҳолда белгиланади. Баҳолашдаги хатоликларни силлиқлаш учун оммавий баҳолаш натижаларининг индивидуал баҳолашдан чекланиш диапазонини 15–25 фоиз доирасида назарда тутиш ва оммавий баҳолаш моделларининг такомиллашувига қараб, рухсат этилган чекланишлар диапазонини босқичма-босқич 5-10 фоизгача қисқартириб бориш мумкин.
Бозор қийматига ўтиш босқичма-босқич амалга оширилиши, бозори нисбатан ривожланган йирик шаҳарлардан бошлаб, кейин секин-аста бошқа ҳудудларга уларнинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда кўчирилиши керак. Фаол инвестиция сиёсатини инобатга олиб, кўчмас мулк қийматини оммавий қайта баҳолаш мунтазам асосда (ҳар 3-5 йилда бир марта) ўтказилиши лозим.
- Солиқ ставкаларини белгилашда ислоҳотнинг фискал нейтраллик тамойилидан келиб чиқиш керак. Бозор қийматига ўтиш натижасида солиқ базасининг ўсиши солиқ ставкаларининг мувофиқ равишда пасайиши билан қопланиши лозим. Бу умумий солиқ тушумларини сезиларли даражада оширмай туриб, солиқ юкини қайта тақсимлаш имконини беради. Аниқ объектлар бўйича солиқ суммасининг олдинги йилга нисбатан кўпи билан 20-30 фоизга ўсишини жорий этиш қайта тақсимлаш жараёнида яққол паст баҳоланган объектларга сезиларли даражада таъсир кўрсатмасликка ёрдам беради.
Бозор қийматига ўтиш, энг аввало, ижтимоий инвестициялар кўчмас мулк қийматида капиталлашадиган ва мол-мулкни адолатли солиққа тортиш орқали жамиятга қисман қайтариладиган ҳамда бир вақтнинг ўзида кўчмас мулк объектларидан янада самарали фойдаланиш учун рағбатлантирувчи омилларни яратадиган тизимни шакллантириш учун зарурдир.
- Оммавий баҳолаш натижаларидан шикоят қилишнинг шаффоф механизмини таъминлаш, жумладан, кўчмас мулк эгаларини – баҳолаш услуби, олинган натижалар ва уларни қайта кўриб чиқиш тартибидан хабардор қилиш.
- Оммавий баҳолаш моделларининг сифати бўйича мунтазам равишда мустақил аудитни ташкил этиш ва текширув натижалари асосида алгоритмларга тузатишлар киритиш.
- Аҳолининг кам таъминланган ва ижтимоий заиф қатламларини ҳимоя қилиш учун кўчмас мулк қийматига солиқ солинмайдиган минимал чегарани назарда тутиш, бу мол-мулкни солиққа тортишнинг ижтимоий адолатлилигини сақлаб қолиш имконини беради.
***
Шундай қилиб, кўчмас мулкнинг бозор қийматига ўтишга солиқ юкини ошириш воситаси сифатида эмас, балки адолатли солиқ базасини шакллантириш ва ҳудудларнинг солиқ салоҳиятини ошириш орқали ижтимоий инвестицияларнинг бир қисмини қайтариш институционал механизми сифатида қараш керак. Бундай тизимда давлат инвестициялари кўчмас мулк қийматида капиталлашади, солиқ базасида акс этади ва ҳудудларнинг келгуси ривожланишини молиялаштириш учун барқарор манбани шакллантиради.
Дилшод Султанов, Яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш, солиқ ва божхона маъмуриятчилигини такомиллаштириш, фискал таҳлил институти директорининг ўринбосари
Изоҳ қолдириш