Экспертономикс ёки Ўзбекистон коронавирус инқирози даврида кўпроқ ташқи қарз олаётгани тўғрими?

Экспертономикс ёки Ўзбекистон коронавирус инқирози даврида кўпроқ ташқи қарз олаётгани тўғрими?

Бир пайтлар АҚШнинг 40-президенти Роналд Рейган “агар “Trivial Pursuit” ўйини иқтисодчилар учун мўлжалланганда эди, 100 та савол ва 3000 та жавоб бўларди” деб ҳазиломуз гапирган[1]. Хўш, нима учун иқтисодчилар кўпинча қарама-қарши фикрлар ва иқтисодий қарашларга эга бўлишади?

Бундай қарама-қарши фикрларнинг вужудга келишини икки сабаб билан изоҳлаш мумкин:

1) иқтисодчилар иқтисодиёт қандай ишлаши бўйича муқобил назарияларнинг асослилиги борасида келишмовчиликларга дуч келишлари мумкин;

2) бир тоифа иқтисодчилар бирор бир фикрга кўпроқ қиймат беришлари мумкин ва шунинг учун қандай иқтисодий сиёсатни амалга оширишга ҳаракат қилиш кераклиги тўғрисида турли хил норматив қарашларга эга бўлишлари мумкин;

3) айрим иқтисодчиларнинг ҳақиқий ҳолат ҳақидаги маълумотлари етарли бўлмаганлиги туфайли, таҳлиллар объектив ҳолатни акс эттирмайди.

Сўнгги пайтларда Ўзбекистоннинг ташқи қарзи бўйича ҳам мана шундай қарама-қарши фикрлар пайдо бўлмоқда. Оммавий ахборот воситаларида, ижтимоий тармоқларда, интернет саҳифаларида кўпчилик иқтисодчилар ва экспертлар томонидан Ўзбекистонда олиб борилаётган ташқи қарз сиёсати тўғрисидаги шахсий фикрлар, иқтисодий қарашлар ва мулоҳазалар билдирилмоқда. Шулар жумласидан, 2020 йил 20 апрель куни BBC Newsнинг ўзбек тилидаги веб-саҳифасида “Ўзбекистон Коронавирус инқирози даврида кўпроқ ташқи қарз олаётгани тўғрими?” номли мақола чоп этилди. Шу ўринда таъкидлаб ўтиш керакки, бирор бир давлатнинг иқтисодий қарорлари бўйича фикр ва мулоҳазалар билдирилганда узуқ-юлиқ маълумотлар асосида бир томонлама ёндашув кенг жамоатчиликда давлат сиёсати борасида нотўғри фикрларни шаклланишига сабаб бўлиши ва кўплаб баҳс-мунозараларни келтириб чиқариши мумкин.

Ушбу мақоламизда юқорида зикр этилган мақолада келтирилган маълумотлар, иқтисодчилар ва экспертлар томонидан билдирилган фикрлар ҳамда 100-савол сифатида кўтарилган “Ўзбекистон Коронавирус инқирози даврида кўпроқ ташқи қарз олаётгани тўғрими?” деган саволга 3000-жавоб сифатида ўз фикрларимизни ва асосларимизни келтириб ўтмоқчимиз.

Ташқи қарз ошганидан хавотирланишлари қай даражада ўринли?

Биринчи навбатда таъкидлаш лозимки, ҳозирги пайтгача Ўзбекистоннинг ташқи қарз сиёсати консерватив ва эҳтиёткороналик тамойили асосида амалга ошириб келинмоқда. Яъни, давлат ташқи қарзи асосан ижтимоий ва стратегик аҳамиятга эга бўлган инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш мақсадида жалб қилинган.

Молия вазирлиги маълумотларига кўра, 2019 йил давомида давлат ташқи қарзи 5,7 млрд. АҚШ долларига ёки йил бошига нисбатан 57,8 фоизга ошиб, 2020 йил 1 январь ҳолатига 15,6 млрд. АҚШ долларини (ЯИМга нисбатан 27,0 фоиз) ташкил этди. Шундан, 2,5 млрд. АҚШ доллари ҳукумат номидан имзоланган ташқи қарз битимлари ҳисобига шаклланган бўлса, 2,2 млрд. АҚШ доллар миқдоридаги маблағлар ҳукумат кафолати остида имзоланган ташқи қарз битимларига асосан жалб қилинди. Шунингдек, 2019 йил февраль ойида 1 млрд. АҚШ доллар қийматида суверен халқаро облигациялар чиқарилди.

Ҳукумат кафолати остида жалб қилинган 2,2 млрд. АҚШ долларлик ташқи қарз маблағлари:

  • Шўртан газ-кимё комплексида ишлаб чиқарилаётган тозаланган метан негизида синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқаришга (1,1 млрд. АҚШ доллар);
  • углеводород хом-ашёсини қазиб олиш ҳажмини оширишга (0,6 млрд. АҚШ доллар);
  • Тахиатош, Навоий ва Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияларини қуриш ва модернизация қилишга (0,4 млрд. АҚШ доллар);
  • ахборот узатувчи магистрал тармоқларни ривожлантириш ва инфраструктурани яхшилашга (0,1 млрд. АҚШ доллар) йўналтирилди.

Умуман олганда, 2020 йил 1 январь ҳолатига давлат ташқи қарзининг 4,5 млрд. АҚШ доллари энергетика соҳаси, 2,1 млрд. АҚШ доллари транспорт ва транспорт инфратузилмаси, 1,9 млрд. АҚШ доллари қишлоқ хўжалиги соҳаси, 1,8 млрд. АҚШ доллари уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси ва қолган 5,3 млрд. АҚШ доллари бошқа соҳалар ҳиссасига тўғри келган.

Инвестиция мақсадларида жалб қилинган ташқи қарз ва бюджет камомадини молиялаштириш учун олинган ташқи қарз ўртасида фарқ шундаки, инвестицияларга йўналтирилган ташқи қарз асосан мазкур инвестициялардан олинган “ҳосил” ҳисобидан қайтарилса, бюджет камомадини қоплаш учун ишлатилган ташқи қарзни қайтариш солиқ тўловчилар гарданига тушади.

Акс ҳолда, ҳеч бир давлат ташқи қарзларига хизмат кўрсатиш харажатлари ошиб бораётган бир пайтда аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектлар учун солиқ юкини камайтирмайди. Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон аҳолиси ва хўжалик юритувчи субъектлари солиқ тўловчи сифатида давлат ташқи қарзи ошганидан ҳавотирланишлари учун етарлича асос йўқ.

“Ёнғин пайтида сув учун тўловлар ҳақида ўйлама”

Ўзбекистоннинг коронавирус инқирози даврида кўпроқ ташқи қарз олаётгани тўғрими? Айнан ҳозирги шароитда қарз олиш жуда тўғри қарор. Чунки, коронавирус пандемияси сабабли келиб чиққан инқироз бошқа даврлардаги инқироздан бутунлай фарқ қилади. Ғарб мамлакатлари ушбу инқирозга қарши курашишда “do whatever it takes” (қандай зарурий чоралар керак бўлса, шуларни амалга ошир) тамойилига асосан иш кўришмоқда.

Бу гўёки бирор бир ишлаб чиқариш заводида ёнғин келиб чиққан пайтда сув учун тўловлар ҳақида эмас, балки барча имкониятлардан фойдаланган ҳолда, аввало, ишчи ва хизматчилар (халқни) ҳаётини сақлаб қолишни иқтисодий манфаатлардан устун қўйиш ва ёнғинни (коронавирус инфекцияси тарқалишини) тезда бартараф этиш ҳамда ишлаб чиқаришни (иқтисодиётни) қайта оёққа турғазиш ҳақида ўйлаш лозимлигига ўхшайди.

Ўзбекистон ҳукумати томонидан коронавирус инфекцияси тарқалишини камайтириш ёки қарийб 34 миллион ишчи ва хизматчиси бўлган заводига “қўшни заводда чиққан ёнғиннинг тарқалиши”ни тезда бартараф этиш мақсадида бутун мамлакат бўйича карантин чоралари жорий этилди. Боғчалар, мактаблар, олий ўқув даргоҳлари карантин тугагунга қадар ёпилиб, масофадан туриб таълим бериш тизимига ўтилди. Зарурий бўлмаган корхоналар фаолияти вақтинчалик тўхтатилди.

Бундай вазиятда иқтисодий фаоллик пасайиб, бюджетга тушумлар камайиши табиий. Коронавирус пандемиясига қарши курашиш мақсадида давлат харажатлари сезиларли даражада ошган бир пайтда бюджет тушумларининг камайиши шароитида ташқи қарз олиш узоқ муддатли ижтимоий ва иқтисодий барқарорликни кўзлаб амалга оширилмоқда. Ўзбекистон ҳукуматининг ушбу мақсади қўйидагилар билан изоҳланади:

  1. Узоқ муддатда ҳам истеъмолчи ҳам ишчи кучи Ўзбекистон аҳолиси ҳисобланади. Қисқа муддатда иқтисодий ўсиш кўрсаткичларини камайтириш орқали аҳоли саломатлигини иқтисодий манфаатлардан устун қўйиш узоқ муддатли иқтисодий ўсиш гаровидир. Ўзи шундоқ ҳам коронавирус инқирозидан азият чекаётган аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектларга ёрдам қўлини чўзиш ўрнига, уларга солиқ юкини ошириш ёки ички бозордан қарз жалб қилиш иқтисодиёт фанида рационал ечим ҳисобланмайди. Узоқ муддатли барқарорликни таъминлашнинг ягона ечими эса онгли равишда ташқи қарз маблағларини жалб қилиш ҳисобланади.
  2. Тадбиркорлик вакиллари, хўжалик юритувчи субъектлар инқирозгача бўлган даврда ҳам ва ундан кейинги даврда иқтисодий ўсишнинг локомативи, иш ўринлари яратувчиси ҳисобланади. Шунинг учун, қисқа муддатда давлат харажатлари ошишига қарамасдан, солиқ имтиёзлари, кредит таътиллари ва бошқа молиявий ёрдам кўрсатиш узоқ муддатли истиқболда ўз сўзини айтади. Ушбу мақсадларда амалга оширилаётган харажатларни молиялаштириш учун маълум миқдорда маблағ жалб этилиши лозим. Жалб қилинаётган ташқи қарз маблағлари эса келажак учун қилинаётган инвестициялар ҳисобланади.
  3. Айнан коронавирус инқирози даврида ташқи қарз жалб қилиш ички валюта бозори барқарорлигини таъминлашга ҳам хизмат қилади. Коронавирус инқирози сабабли Ўзбекистонга хорижий инвестициялар оқими секинлашиб, экспортдан валюта тушумлари ва чет элдан пул жўнатмалари сезиларли даражада камаяётган бир пайтда, ташқи қарз маблағлари ички бозорда валюта таклифини кўпайтириб, сўм алмашув курсига босимни пасайтиради. Бундай мураккаб вазиятда халқаро молия ташкилотларидан узоқ муддатли барқарор қарз маблағларини жалб қилиш айнан узоқ муддатли макроиқтисодий барқарорликни кўзлаб амалга оширилаётган ишдир. Бунинг яққол исботи сифатида ривожланаётган мамлакатларда содир бўлаётган вазиятни келтириш мумкин. Мазкур мамлакатлар коронавирус пандемияси сабабли капитал оқимининг бирданига тўхташи ва мавжуд капиталнинг орқага қайтиши натижасида миллий валюталари алмашув курси барқарорлигини сақлаб қолиш учун олтин-валюта захираларини “ёқишмоқда”.

Фавқулодда вазиятда олтин-валюта захиралари ишлатилиши лозим(ми)?

Аввало, нима учун давлатлар олтин-валюта захираларини сақлаб туришади? Ушбу активлар жуда кўп мақсадларга хизмат қилсада, аммо энг муҳими марказий банклар олтин-валюта захираларини миллий валютадаги мажбуриятларини, шу жумладан тижорат банклари депозитларини кафолатлаш учун сақлаб туришади.

Бундан ташқари, олтин-валюта захиралари марказий банклар томонидан халқаро миқёсида ўзаро ҳисоб-китобларни амалга оширишда мақбул тўлов воситаси ҳисобланади. Шунингдек, ушбу активлар пул-кредит сиёсатига таъсир кўрсатиш мақсадида фойдаланилиши мумкин. Умуман олганда, олтин-валюта захираси марказий ҳукуматга ўзгарувчан бозор шароитида янада мослашувчан ва барқарор бўлишга имкон беради.

Инқироз пайтида олтин-валюта захираларидан фойдаланиш эса молиявий муаммоларни ҳал қилишнинг энг сўнгги чораси ҳисобланади. Шунда ҳам, одатда олтин-валюта захиралари бюджет камомадини молиялаштириш учун эмас, балки миллий валюта алмашув курси барқарорлигини сақлаб қолиш мақсадида сарфланади. Бунга 1997 йилда Осиё валюта ва молиявий инқирози даврида Таиланд миллий валютаси-баҳт алмашув курсини сақлаб қолиш мақсадида олтин-валюта захирасини қуритгани яққол мисол бўла олади.

Ҳозирга қадар бизга аниқ бўлган маълумотларга кўра, коронавирус инқирозидан энг кўп иқтисодий зарар кўраётган давлатлардан бири Саудия Арабистони сўнгги чора сифатида олтин-валюта захирасидан фойдаланишни режалаштирмоқда. Коронавирус инқирози ва нефть нархининг кескин тушиб кетиши натижасида Саудия бюджет дефицити 2020 йилда қарийб 58 млрд. АҚШ долларигача етиши баҳоланмоқда. Шунинг учун ўтган ойда Саудия ҳукумати давлат ташқи қарзи чегарасини ЯИМга нисбатан 30 фоиздан 50 фоизгача кўтарди. Жорий йилда Саудия молия вазирлиги бюджет дефицити молиялаштириш учун 26 млрд. АҚШ доллар миқдорида қарз олишни режалаштирган. Шунингдек, Саудия ҳукумати олтин-валюта захирасидан 32 млрд. АҚШ доллари миқдорида маблағларини сарфлашга мажбур бўлиши мумкин.

Бугунги кунда Ўзбекистон Саудия Арабистони каби молиявий муаммоларга ечим топиш мақсадида олтин-валюта захирасини “хавфсизлик ёстиқчаси” сифатида ишлатишга мажбур шок ҳолатда эмас. Ҳозирча Ўзбекистонда инқирозга қарши курашишда етарлича фискал “майдон” (fiscal space) мавжуд.

Қолаверса, Ўзбекистонда олтин-валюта захирасини барқарор даражада сақлаб туриш мамлакатимизнинг суверен рейтингги барқарорлигини ва ташқи қарз жалб қилиш ва унга хизмат кўрсатиш салоҳиятини белгилаб берувчи омиллардан ҳисобланади.

Шу билан бирга, таъкидлаш керакки, коронавирус пандемияси дунёни қарз ботқоғига ботириб кетади ва инқироздан кейинги даврда мамлакатлар баъзи қийин қарорларни қабул қилишга мажбур бўлишади. Масалан, Халқаро валюта фонди ҳисоб-китобларига кўра, жорий йилда ривожланган давлатлар умумий давлат қарзи 6 трлн. АҚШ долларга ошиб, 66 трлн. АҚШ долларини ташкил қилиши кутилмоқда. Бундан ташқари, ривожланаётган давлатлар ҳам коронавирус инқирозига қарши курашиш учун катта миқдорда қарз жалб қилишмоқда. Коронавирус инқирозидан кейинги даврда дунё бўйича давлатларнинг халқаро ҳисобварақларида катта миқдорда қарзнинг тўпланиши ликвидлилик инқирозини (liquidity crunch) келтириб чиқариш эҳтимоли ҳам йуқ эмас. Бошқа сўз билан айтганда, инқироздан кейин ташқи манбалардан қарз олиш мушкул вазифага айланиши мумкин. Қисқача қилиб айтганда, бу инқирознинг қанчалик давом этиши ва қанчалик чуқур бўлишини ҳозирдан башорат қилиш жуда мушкулдир.

Бундан ташқари, коронавирус инқирози туфайли жаҳон бозорида олтиннинг 1 трой унцияси (31,10 грамм) нархи 3000 АҚШ долларигача кўтарилиши прогноз қилинмоқда. Бу эса ҳозирда олтин-валюта захирасидан фойдалангандан кўра ташқи қарз маблағларини жалб қилиш энг мақбул ечим эканлигидан далолат беради.

Шунга қарамасдан, олтин-валюта захиралари ўзгаришини чуқур таҳлил қилмасдан, “бизда олтин-валютаси керагидан ортиқ” дегувчилар ҳам топилиб қолиши мумкин. Бундай экспертларга жавобимиз қуйидагича бўлади.

2020 йил 1-чоракда Ўзбекистоннинг олтин-валюта захираси йил бошига нисбатан 1088 млн. АҚШ долларига ёки 3,7 фоизга ошди. Бир қарашда, “коронавирусга қарши курашиш мақсадида халқаро молия ташкилотларидан кредит жалб қилиб, ташқи қарз ҳажмини янада оширгандан кўра, олтин-валюта захирасидаги мазкур қарийб 1,1 млрд. АҚШ долларлик маблағлардан фойдаланиш мумкинку” деган фикр янграши мумкин. Бироқ, олтин-валюта захираси ошишининг таркибий таҳлили иқтисодчи ва экспертларнинг бу борадаги фикрларини ўзгартиришга туртки бўлади.

2020 йилда 1-чоракда олтин-валюта захирасини қарийб 1,1 млрд. АҚШ долларга кўпайиши асосан мазкур даврда жаҳон бозорида 1 трой унция олтин нархининг 1605 АҚШ долларгача ошиши натижасида соф олтин захираси қолдиғини қайта баҳолаш ҳисобига шаклланди. Яъни, мазкур даврда олтин-валюта захираси соф олтин қолдиғини қайта баҳолаш ҳисобига 1008 млн. АҚШ долларига (умумий ўсишнинг 92,7 фоизи) кўпайди.

Олтин-валюта захираси ўзгаришининг таркибий таҳлили

(ўтган ойга нисбатан ўзгариш, млн. АҚШ доллар)

Шунингдек, соф олтин захираси ҳажмининг ортиши ҳисобига 112 млн. АҚШ долларга ошган бўлса, хорижий валютадаги захира активлари 27,4 млн. АҚШ долларига камайди. Хорижий валютадаги захира активларининг камайиши Марказий банк томонидан маҳаллий олтин ишлаб чиқарувчи корхоналардан олтин сотиб олиш натижасида иқтисодиётда вужудга келган ортиқча ликвидлиликни стерилизация қилиш операциялари билан изоҳланади.

Юқорида келтирилган маълумотлардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, Ўзбекистонда олтин-валюта захираси коронавирус инқирозидан кейинги инқироз даврида бакор келиши мумкин.

Ўзбекистон ташқи қарзининг узоқ муддатли барқарорлигини таъминлаш

Шу ўринда, бир қатор экспертлар давлат томонидан кўп миқдорда кредит олиниши узоқ муддатда каттароқ муаммолар келтириб чиқариши тўғрисида ўз фикрларини билдириши мумкин.

Бундай фикрларнинг нечоғлик асослигини давлат ташқи қарзига хизмат кўрсатиш харажатларида кўриш мумкин. Молия вазирлиги маълумотларига кўра, 2019 йилда давлат ташқи қарзига хизмат кўрсатиш харажатлари 759,3 млн. АҚШ долларини ташкил этган. Шундан, 425,1 млн. АҚШ доллари асосий қарзни қайтариш харажатлари бўлса, 334,3 млн. АҚШ доллари фоиз тўловлари ҳисобланади. Ушбу рақамлар шундан далолат берадики, Ўзбекистоннинг ташқи қарзлари узоқ муддатли қарзлар ҳисобланади ва мазкур қарзлар паст фоиз ставкалари билан жалб қилинган.

Шунингдек, таъкидлаш лозимки, мазкур даврда давлат қарзига хизмат кўрсатиш харажатларининг 34,7 фоизи давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилган бўлса, 65,3 фоизи давлат корхоналари маблағлари ҳиссасига тўғри келган.

Давлат ташқи қарзига хизмат кўрсатиш харажатлари

Манба: Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги

Шунингдек, коронавирус пандемияси сабабли вужудга келган глобал инқирозга қарамай апрель ойида Fitch рейтинг агентлиги Ўзбекистон Республикаси суверен кредит рейтингини “BB-” барқарор даражада сақлаб қолди.

Ўтган даврларда давлат қарзини бошқаришнинг ўрта муддатли стратегияси ишлаб чиқилди. Халқаро валюта жамғармаси методикаси асосида давлат қарзининг хавфсиз даражаси аниқланди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 30 декабрдаги ПҚ-4555-сонли “Ўзбекистон Республикасининг “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг давлат бюджети тўғрисида”ги Қонуни ижросини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ, 2020 йилда Ўзбекистон Республикаси (Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати) номидан ёки Ўзбекистон Республикаси кафолати остида ташқи қарзни жалб этиш бўйича имзоланадиган янги шартномаларнинг чегараланган ҳажми 4 млрд. АҚШ долларидан ошмаслиги белгилаб қўйилди.

Шу билан бирга, ҳозирда давлат қарзини халқаро стандартлар асосида бошқариш, мазкур жараёнда Парламент ролини ошириш, давлат қарзини макроиқтисодий барқарорлик учун хавфсиз даражада сақлаб туриш механизмлари ва бошқа бир қатор чораларни назарда тутувчи “Давлат қарзи тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.

Масаланинг яна бир жиҳати – бу коррупция

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 30 декабрдаги ПҚ-4555-сонли “Ўзбекистон Республикасининг “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг давлат бюджети тўғрисида”ги Қонуни ижросини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ, давлат ташқи қарзи ҳисобидан молиялаштирилган ҳар бир лойиҳа ва дастурни Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси аудитдан ўтказмоқда ва аудит натижалари бўйича ахборот ҳар чорак якунида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳамда Вазирлар Маҳкамаси Раёсатига юбормоқда. Шунингдек, тегишли вазирлик ва идоралар томонидан якунланган лойиҳа ва дастурлар бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қўмиталарига 3 ой ичида тақдимотлар ўтказилиши йўлга қўйилган.

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги лойиҳа ва дастурларнинг ишлаб чиқилиши, танлаб олиниши, мониторинг ва аудит натижаларига оид маълумотларни оммавий ахборот воситалари ва веб-сайтларда ёритиб бормоқда.

Хулоса

Тўсатдан юз берган коронавирус инқирози даврида бутун дунё мамлакатлари коронавирус инфекцияси тарқалишини камайтириш, инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш ва иқтисодиётни қайта жонлантириш бўйича кенг кўламли ишларни амалга оширмоқда. Шу жумладан, Ўзбекистон ҳам аҳоли ҳаёти ва саломатлигини иқтисодий манфаатлардан устун қўйган ҳолда бир қатор ишларни амалга ошириб келмоқда. Мазкур чора-тадбирлар қаторида халқаро молия ташкилотларидан қарз маблағларини жалб қилинмоқда. Юқорида келтирилган барча маълумотлардан келиб чиқиб, Ўзбекистоннинг давлат ташқи қарзи борасида ҳавотирланмасликка ҳамда коронавирус инқирозига қарши ҳукумат билан елкама-елка курашишга чақириб қоламиз.

Халилуллоҳ Ҳамидов

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази етакчи илмий ходим

[1] Trivial Pursuit бу Канадада ўйлаб топилган ўйин бўлиб, унда ғалаба қозониш ўйинчининг умумий билимлари ва машҳур маданиятлар ҳақидаги саволларга жавоб бериш қобилияти билан белгиланади. Ўйинчилар ўйин тошларни ўйин тахтаси атрофида айлантирадилар ва тошлар қўним топган майдон сўраладиган савол мавзусини белгилаб беради. Саволлар олти тоифага, шу жумладан тарих, фан ва табиатга тегишли бўлади.

Манба: Kun.uz

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар