Ўзбекистон Республикаси ҳудудларида ишбилармонлик фаоллиги таҳлили ҳар ойда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан тезкор маълумотлар асосида (республиканинг барча соҳалари бўйича ўтказилган мониторинг, Давлат божхона қўмитаси, ДСҚ, МБ ва ЎзРХТБ) ҳисоблаб чиқилади.
Мониторинг натижаларига кўра, жорий йилнинг март ойида солиқ тушумлари ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 6,5%га ошди.
Шу билан бирга, солиқ тушумлари Сурхондарё (11,1%), Фарғона (5,5%) вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида (12,9%) сезиларли даражада ошгани қайд этилди.
Солиқ тушумлари манбалари бўйича мол-мулк солиғидан олинадиган даромад 31%га, ер солиғи 30%га ва даромад солиғи 17%га ошди.
Божхона тўловлари бўйича тушумлар 20,3%га ошди. Энг сезиларли ўсиш Жиззах (180,4%), Қашқадарё (152,5%), Хоразм (55,8%) ва Навоий (51,7%) вилоятларида қайд этилди.
Божхона тушумларининг ўсиши асосан, транспорт ускуналари ва унинг бутловчи қисмлари, металл ва металл буюмлар, техник жиҳозлар ва электротехника ва унинг таркибий қисмлари каби маҳсулотлар импортининг кўпайиши билан боғлиқ.
Божхона қўмитаси маълумотларига кўра, товарлар экспорти 5,8%га ошган. Экспорт ҳажми энг юқори бўлган ҳудудлар Навоий (54,2%), Қашқадарё (37,9%), Хоразм (32,9%) ва Самарқанд (29,7%) вилоятлари бўлди.
Тижорат банклари томонидан берилган кредитлар ҳажми 0,2%га ошди. Кредитлар бериш бўйича энг катта ўсиш Навоий вилоятида (8,4%га) ва Тошкент шаҳрида (10,5%га) қайд этилди.
Ой давомида Ўзбекистон Республикаси товар-хомашё биржасида битимлар 50,1%га ўсди. Биржа фаолияти ўсишини таъминлаган вилоятлар Жиззах (171,2%), Сирдарё (151,3%), Хоразм (101,2%) вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикаси (161,9%) бўлди.
Ушбу ҳудудларда битимлар ҳажмининг ўсишига пахта толаси, суюлтирилган газ, автомобиль бензини, минераль ўғитлар, қурилиш ва маиший материаллар, буғдой уни, техник уруғлар, буғдой, рангли металлар, дизел ёқилғиси, шакар, қора металлар ва полиэтилен каби товарларни сотишни кўпайтириш ҳисобига таъминланмоқда.
Март ойида 19,4 мингта янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилган бўлиб, уларнинг энг кўпи Тошкент шаҳрида – 4 107 та, Самарқанд - 1 945 та, Фарғона – 1 667 та, Тошкент – 1 569 та вилоятларида ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида -944 та рўйхатга олинган.
Изоҳ қолдириш