Март ойида Ўзбекистонда бизнес муҳити яхшиланди

Март ойида Ўзбекистонда бизнес муҳити яхшиланди

Бизнес муҳити таҳлилий кўрсаткич бўлиб, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан 2020 йилдан бошлаб ҳар ой ўтказиладиган сўровлар асосида ҳисобланади.

Cўровларда корхоналарнинг иштироки ҳозирги иқтисодий вазиятни расмий статистика томонидан акс эттирилишидан олдин баҳолашга имкон беради.

Бизнес муҳити индексининг ўсиши жорий сезилмалар ҳамда кутилмаларнинг ижобий динамикаси билан белгиланди.

Март ойида бизнес муҳити индекси февраль ойига нисбатан 4 пунктга ошиб, 60 пунктни ташкил этди, бу эса тадбиркорларнинг фаоллиги янада кенгайганидан далолат беради. Ўтган йилнинг март ойида умумий кўрсаткич 64 пунктни ташкил этган.

Қишлоқ хўжалиги ва саноат соҳасидаги ижобий динамика бизнес муҳитини яхшилашга сезиларли таъсир кўрсатди.

Қишлоқ хўжалигида бизнес муҳити кўрсаткичи бир ой ичида 20 пунктга ошди. Асосий сабаблар қаторида корхоналарнинг ҳозирги ҳолатига нисбатан ижобий бизнес баҳоларининг 4 ф.б.га яхшилангани, талабнинг 6 ф.б.га ўсгани ва ишчилар сонининг 14 ф.б.га ошгани қайд этилди. Бундан ташқари, соҳада бизнеси яхшиланишини кутаётганлигини билдирганлар улуши 4 ф.б.га ошди.

Ишбилармонлик муҳити умумий индекси динамикаси

Март ойида саноатдаги бизнес муҳити 2 пунктга ошди. Бунинг асосий сабаби тадбиркорларнинг ўз корхоналарининг ҳозирги ва келажакдаги ҳолати тўғрисидаги кутилмаларининг яхшилангани бўлди. Сўров натижаларига кўра, корхоналарнинг 36% саноатнинг ҳозирги ҳолатини яхши деб билдирган бўлиб, бу ўтган ойга нисбатан 7 ф.б.га юқори. Ушбу тармоқ вакилларидан маҳсулотларига талабни ортганини билдарганлар улуши 5 ф.б.га ошган.

Шу билан бирга, март ойидаги сўров натижаларига кўра, қурилиш тармоғидаги бизнес муҳити кўрсаткичи 4 пунктга ва хизматлар соҳасида 3 пунктга камайганини кўрсатди.

Шундай қилиб, қурилиш тармоғида март ойида жорий ҳолатини “яхши” деганлар улуши 10 ф.б га ва келгусида талабнинг ортишини кутаётганлар улуши 4 ф.б.га камайган.

Хизмат кўрсатиш соҳасида - корхоналарнинг тахминан 80% келгусида бизнеснинг ўсишини кутаётганганлигини билдирган бўлиб, ўтган ойга нисбатан ўзгаришсиз қолган. Келгусида ишчилар сони кўпайтириш ҳохишини билдирганлар улуши 3 ф.б.га камайган.

Корхоналарнинг жорий иқтисодий фаолиятини билдирувчи жорий бизнес ҳолати индекси яхшиланди.

Ўтган ойга нисбатан бизнеснинг ҳозирги ҳолатини индекси 6 бандга кўтарилиб, 44 тага этди. Ўз навбатида, бу саноат, қурилиш ва қишлоқ хўжалиги соҳасидаги жорий ҳолат кўрсаткичларининг яхшиланиши билан боғлиқ. Март ойида бизнеснинг ҳозирги ҳолатини яхшилашга асосий ҳисса қишлоқ хўжалигидаги улушга тўғри келган бўлиб, ушбу соҳада жорий ҳолат индекси 25 бандга ўсган бўлса, хизмат кўрсатиш соҳасида 3 бандга пасайиш қайд этилган.

Бизнеснинг истиқболдаги кутилмалари индекси тадбиркорларда келажакка бўлган оптимизмнинг анча юқори эканлигини кўрсатди.

Бизнеснинг истиқболдаги кутилмалари индекси 2 банд ўсиб, 77 бандга етган. Ушбу ўсиш саноат соҳасидаги кутилмалар индекси 1 бандга ва қишлоқ хўжалигидаги кутилмалар индекси 15 бандга ўсгани билан орқали изоҳланади.

Умуман олганда, кутилмалардаги ижобий қарашларнинг сақланганлиги келгуси 3 ойда ҳам иқтисодий ривожланишдаги ижобий тенденция давом этишини билдиради.

Сўровда қатнашган тадбиркорларнинг қарийб ярми бизнес юритишда айрим тўсиқлар мавжудлигини қайд этган.

Саноатдаги тадбиркорларни молиялаштириш, юқори фоиз ставкалари ва электр энергияси билан боғлиқ муаммолар тобора кўпроқ ташвишга солаётган бўлса, аксинча газ таъминоти ва талабнинг пастлиги билан боғлиқ муаммолар камайган.

Қишлоқ хўжалигидаги тадбиркорлар учун асосий муаммолар сув ва электр таъминоти билан боғлиқ.

Қурилиш соҳасида фаолият юрутувчи тадбиркорлар орасида коррупцияни тадбиркорликни ривожлантиришда асосий тўсиқ деб билдирувчилар улуши нисбатан юқори.

Шу билан бирга, хизмат кўрсатиш соҳасида юқори солиқ ставкалари ва молиялаштириш билан боғлиқ муаммолар кўпайган.

Умуман олганда, тадбиркорлар энг долзарб муаммолар сифатида молиялаштириш, юқори фоиз ставкалари ва солиқ маъмурчилигидаги камчиликларни белгилашган.

С.Зикриллаев,

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Тел.: (+998) 78 150-02-02 (416)


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар