Евроосиё иқтисодий иттифоқида меҳнат бозори

Евроосиё иқтисодий иттифоқида меҳнат бозори

Мазкур иқтисодий иттифоқ 183 миллион аҳолидан иборат ягона бозор ҳисобланади. ЕОИИ ҳудудида қазиб олинаётган нефть дунё «қора олтин»ининг 14,2 фоизини ёки йилига 634,2 млн. тоннасини, табиий газ эса 20,2 фоизини ёки 744,7 млрд.куб.м.ини ташкил этади. Шунингдек, ЕОИИда 1255,0 млрд. Квт. миқдордаги электр энергияси ишлаб чиқарилади, бу жаҳон миқёсидаги улушнинг қарийб 5 фоизига тўғри келади.

Меҳнат бозори

Ўз навбатида, ЕОИИда умумий ишлаб чиқариш ўсиб бораётгани боис, мазкур иттифоқ ҳудудида меҳнат ресурсларига, хусусан меҳнат мигрантларига бўлган талаб ҳам тобора кучайиб бормоқда. Жумладан, Евроосиё иқтисодий комиссиясининг маълумотларига кўра, ЕОИИга аъзо давлатлар иқтисодиётига ўртача бир йилда жалб этилаётган меҳнат мигрантларининг сони 1,8 млн. кишини (шундан 97,6 фоизи Россияга тўғри келади) ташкил этади.

Бизга аёнки, ЕОИИ ҳудудида (асосан Россияда) ишлаётган меҳнат мигрантларининг салмоқли қисми Ўзбекистон Республикаси фуқароларидан иборат. Бошқача айтганда, ЕОИИдаги меҳнат ресурсларига бўлган талабнинг маълум қисмини Ўзбекистон таъминламоқда. Мазкур вазият Ўзбекистон ҳукумати олдига қатор вазифаларни қўймоқда, хусусан, ушбу давлатларга иш излаб кетаётган меҳнат мигрантлари учун қулайликлар ва етарли шароитлар яратиб бериш, катта маош тўланадиган иш ўринларига жойлашишлари учун уларни мутахассислик бўйича тайёрлаш, ижтимоий шароитларини яхшилаш ва ҳоказолар.

ЕОИИ давлатларида айни вақтда 2,3 млн. нафардан ортиқ Ўзбекистон фуқаролари меҳнат қилмоқда. Хусусан, бу кўрсаткич Россияда 2 миллионга яқин, Қозоғистонда — 300 минг, Қирғизистонда — 25 минг нафар ўзбекистонликларни ташкил этади.

Ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари дуч келаётган муаммо ва тўсиқлар

Биринчи муаммо – бу патент олиш харажатларининг юқорилиги ва тартиб-тамойилларнинг мураккаблиги. Россияда меҳнат қилаётган фуқароларимизнинг 30 фоизидан ортиғи ишлаш ва яшаш учун расмий рухсатнома (патент) олмаган ҳолда ишламоқда. Бунинг асосий сабабларидан бири бу патент олиш харажатларининг юқорилиги ва тартиб-тамойилларнинг мураккаблиги ҳисобланади.

Ҳозирги вақтда Ўзбекистон фуқаролари Россияда ишлаш ҳуқуқини қўлга киритиш мақсадида рухсатнома олиш учун мурожаат қиладиган бўлсалар, уларга фақат 1 йил муддатга патент берилади, холос. Бунинг учун эса, тахминан 500 АҚШ доллари миқдоридаги тўғридан-тўғри ва билвосита сарфланадиган маблағ керак бўлади.

Бундан ташқари, ҳар ойда тахминан 50–125 АҚШ доллари миқдоридаги мажбурий тўловлар тўланиши ва бошқа сарф-харажатлар эътиборга олинса, ҳар йили бир киши 1700 АҚШ долларининг баҳридан ўтиши керак.

Қозоғистонда эса, рухсатнома олиш билан боғлиқ харажатлар йилига 200-1000 долларни ташкил этиб, уни даставвал иш берувчи тўлаб беради, кейинчалик ишчи-мигрантнинг ойлиги ҳисобидан қоплаб олинади.

Иккинчиси, касб-ҳунарга оид тақиқларнинг мавжудлиги. Ўзбекистонлик мигрантларга дорихоналар, чакана турғун бўлмаган чакана савдо шаҳобчалари ва бозорларда ишлаш тақиқланади.

Ўзбекистонлик мигрантлар ихтисослашган дўконларда алкогол ва тамаки сотиш каби соҳаларда ишлаши мумкин, аммо улар ташкилот ходимлари умумий сонининг 15 фоизидан кўп бўлмаслиги керак. Спорт соҳасида мигрантлар кўпи билан 25 фоиз, қуруқликдаги йўловчи ва юк ташиш транспортида эса - корхона ходимлари сонининг энг кўпи билан 26 фоизи бўлиши керак.

Қишлоқ хўжалиги соҳасида мазкур чегара 50 фоизни, қурилиш соҳасида эса 80 фоизни ташкил қилади.

Учинчиси эса, Ўзбекистонлик мигрантлар ЕОИИ давлатларидан бирига келганларидан сўнг олти ой ўтгач, солиқ тўловчилар тоифасига ўтказиладилар, яъни масалан Россияда улар жисмоний шахслар даромадидан олинадиган солиқ ставкасини 13 фоиз ўрнига 30 фоиз миқдоридаги солиқни тўлайдилар.

Шу ва бошқа масалалар ўзбекистонлик мигрантларнинг эркин меҳнат фаолиятини олиб боришлари учун етарли шароит яратиш бўйича мавжуд имкониятларни батафсил ўрганиб чиқиш ва кенг таҳлил қилиш зарурлигини келтириб чиқармоқда.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар