Бугун, 4 март куни Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг марказий офисида “Биржа савдолари ҳамда электрон тижоратнинг ривожланиш натижалари ва истиқболлари” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Матбуот анжуманида таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 17 мартдаги "Юқори ликвидли ва монопол товарларни сотиш жараёнларига бозор механизмларини жорий этишни давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-5031-сон Қарорининг ижросини таъминлаш доирасида биржада биржа савдолари ва электрон тижорат соҳаларида бир қатор янги лойиҳалар ишга туширилди.
Мазкур Қарорга мувофиқ, очиқ биржа савдолари орқали сотиладиган товарларнинг рўйхати кенгайтирилди, барча хўжалик юритувчи субъектлар, жумладан, тадбиркорларнинг товар ресурсларидан фойдаланиш имконияти ошди, соғлом рақобат кучайди ва реал бозор шароитларини ҳисобга олган ҳолда, товарларга нарх белгилашнинг замонавий механизми жорий этилди.
Хусусан, биржа савдолари орқали поливинилхлорид, формалин, истеъмол ва техник этил спирти, кумуш, экстракция пахта мойи ва нефть ва газ конденсати каби янги юқори ликвидли маҳсулотларнинг сотилиши йўлга қўйилиб, улар бўйича ҳақиқий ва шаффоф бозор нархлари шаклланди.
Шунингдек Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси давлат харидлари электрон тизимининг оператори сифатида давлат харидлари тизимида шаффофликни ошириш ва қўшимча қулайликларни яратиш мақсадида 2021 йилнинг май ойида xarid.uzex.uz янги ягона порталини жорий этган.
Мазкур порталда давлат харидларининг барча турлари бирлаштирилди ва маҳсулотларнинг барча параметрларини акс эттирувчи товарлар ва хизматларнинг ягона миллий классификатори жорий этилди. Бу, ўз навбатида, порталга лотларни жойлаштиришни енгиллаштиради ва буюртмачиларга сифатсиз товарларни етказиб бериш билан боғлиқ муаммоларни бартараф этишга кўмак беради.
Порталда, шунингдек, давлат харидлари бўйича буюртмачилар ва иштирокчилар бир маротаба онлайн тарзда рўйхатдан ўтишлари ва биржанинг ҳисоб-китоб палатасида битта ҳисобварақдан фойдаланишлари мумкин.
2022 йилнинг январь-февраль ойларида давлат харидлари бўйича электрон савдо тизими xarid.uzex.uz да тузилган битимларнинг умумий ҳажми 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 2,2 маротабага ошиб, қарийб 1,7 трлн сўмни ташкил қилди. Бунда бюджет ва корпоратив буюртмачилари маблағларининг тежалиши 44,5% га ўсиб, 222,4 млрд сўмга тенг бўлди.
Шунингдек, биржа савдоларига янги савдо инструментларини жорий қилиш ҳамда маҳсулотларни автотранспортда ташиш хизматларининг тўлиқ рақамлашган шаффоф навбат тамойилига асосланган электрон логистика савдо порталини ташкил этиш мақсадида 2021 йил 27 декабрда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 777-сон қарори қабул қилинди.
Мазкур қарорга мувофиқ ўтган йили биржа савдоларида сотилаётган маҳсулотларни ташиш соҳасида шаффофликни таъминлаш ва соф рақобатни ривожлантириш мақсадида ишга туширилган e-logistika.uzex.uz электрон логистика савдо портали такомиллаштирилмоқда.
Айни пайтда, мазкур портал орқали биржа савдоларида сотилаётган маҳсулотларни автотранспортда ташиш хизматлари нархларни пасайтиришга қаратилган аукцион тартибида амалга оширилмоқда. Бунда буюртмачилар ва юк ташувчилар электрон савдоларда қатнашиш учун электрон тизимда онлайн рўйхатдан ўтиб, биржанинг ҳисоб-китоб клиринг палатасига аванс тўловларини киритишади.
Буюртмачи биржа савдолари орқали харид қилинган маҳсулотни ташиш хизматидан фойдаланиш мақсадида мустақил равишда ёки диспетчер-агент орқали порталда эълон жойлаштиради. Ўз навбатида, юк ташувчилар ўзларининг шахсий кабинетлари орқали порталга жойлаштирилган эълон бўйича ўз таклифларини беришади.
Юк ташувчилардан таклифларни қабул қилиш муддати тугагандан кейин 24 соат давомида буюртмачи юк ташувчилардан тушган таклифларни ўрганиб чиқиб, ўзи учун мақбулини танлайди. Мақбул таклифлар ичидан энг арзон нарх таклиф этган юк ташувчи электрон тизим томонидан автоматик тарзда ғолиб, деб белгиланади ҳамда буюртмачи ва юк ташувчи ғолиб ўртасидаги шартнома тузилади.
Биржа савдолари орқали сотилган маҳсулотларни юклаш ўтказилган тўловларнинг кетма-кетлигидан келиб чиққан ҳолда “шаффоф навбат” тамойили асосида амалга оширилади. Харидорлар юклар ҳаракатланишини транспорт воситаларига ўрнатилган GPS-трекерлар ёрдамида реал вақт режимида кузатишлари мумкин.
Ўз навбатида, Монополияга қарши курашиш қўмитаси Транспорт вазирлиги билан биргаликда портал орқали биржа товарларини ташиш хизматлари бўйича ўтказилаётган савдо жараёларини кузатиш, зарур маълумотлар билан алмашиш, нохалол юкташувчиларни аниқлаш ва уларга тегишли чораларни кўришлари мумкин.
Айни пайтда мазкур порталда 799 та юк ташувчилар, 2 235 та автотранспорт ва 626 та буюртмачилар онлайн тарзда рўйхатдан ўтказилган, ҳамда 1,5 млрд сўмлик 800 дан зиёд шартномалар тузилган.
Умуман олганда, 2022 йил январь-февраль ойларида Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг барча савдо платформаларида тузилган битимларнинг умумий ҳажми 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 44,7% га ўсиб, 16,0 трлн сўмни ташкил қилди. Бунда тузилган битимлар ҳажмининг 89% биржа савдоларига, қолган қисми эса электрон тижорат савдо тизимлари, шу жумладан кўргазма-ярмарка савдолари, электрон давлат харидлари, авторақам ва мобиль рақам онлайн аукционларига тўғри келди.
2022 йил январь-февраль ойларида avtoraqam.uzex.uz веб-сайтида онлайн-аукционлар орқали 56,1 млрд сўмлик 26,3 мингдан зиёд авторақамлар сотилди. Бунда, авторақамларнинг сотуви сон жиҳатдан 40% га, ҳажми бўйича – 43% га ўсди. Сотилган авторақамнинг энг паст баҳоси – 545,4 минг сўмни, энг қиммат авторақамнинг қиймати эса 267,6 млн сўмни ташкил қилди. Тузилган битта битимнинг ўртача қиймати 2,1 млн сўмга тенг бўлди.
Изоҳ қолдириш