2023 йил 31 январда “Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржаси” акциядорлик жамиятининг марказий офисида оммавий ахборот воситалари учун “Биржа савдолари ва электрон тижорат соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижалари ва истиқболлари” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Таъкидланишича, 2022 йилда Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасида 100 мингдан зиёд янги мижозлар рўйхатдан ўтказилган ва бу 2021 йилга нисбатан 1,5 маротабага кўп.
Бир вақтнинг ўзида биржада тадбиркорлик субъектлари учун қўшимча қулайликлар яратилиши натижасида улар томонидан биржада сотилаётган маҳсулотларнинг сони ва ҳажми ҳам ўсган. Шу жумладан, ички бозорда юқори ликвидли ва монопол товар бўлмаган маҳсулотлар бўйича биржа комиссия йиғимлари икки баробарга қисқартирилиши натижасида ўтган йили биржа орқали 1 249 та сотувчи корхоналарнинг 1 220 турдаги монопол ва юқори ликвидли бўлмаган маҳсулотлари сотилди.
Шунингдек, тадбиркорлик субъектлари маҳсулотларини биржанинг истиқболли товарлар секциясида сотиш тартиби соддалаштирилганлиги сабабли биржанинг мазкур товар секциясида 1,1 трлн сўмлик янги 198 турдаги маҳсулотлар сотилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 майдаги 262-сон Қарорига асосан ун ва ғалла маҳсулотларини очиқ биржа савдолари орқали бозор тамойиллари асосида сотилиши ташкил қилинди.
Ўтган даврда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан 860,7 минг тонна ун ҳамда 926,7 минг тонна буғдой биржа савдолари орқали барча тадбиркорлик субъектларига эркин сотилди. Бунда, буғдойни сотишда фермерлар биржанинг комиссион йиғими ва гаров маблағлари тўловидан озод этилди.
2022 йилда биржанинг аксарият товар бозорлари барқарор ҳолатни намоён этди. Хусусан, биржанинг мис, полиэтилен, полипропилен ва суюлтирилган газ маҳсулотлари ўртача сотилиш нархлари 2021 йилга нисбатан деярли ошмади.
Шунингдек, 2022 йил давомида биржада пахта толасининг ўртача нархи ўзининг максимал даражасига нисбатан – 43% га, пахта ёғи – 43% га, шакар – 30% га, сульфат аммония – 28% га, техник чигит – 28% га, қора металл – 16% га ва буғдой – 5% га пасайди.
Ўтган даврда Польша, Туркия, Озарбайжон ва Тожикистон каби мамлакатларда биржанинг янги хорижий савдо майдончалари очилиб, уларнинг сони 34 тага етказилди.
Мазкур хорижий савдо майдончаларнинг фаоллашуви натижасида ўтган йили Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасида 501,3 млн АҚШ долларлик ташқи савдо битимлари тузилди. Шу жумладан, Қозоғистонда ташкил қилинган 7 та савдо майдончалари орқали 905,2 минг тонна буғдой ва 224,1 минг тонна ун маҳсулотлари сотилди.
Юк ташиш соҳасида шаффофликни таъминлаш ва соғлом рақобатни ривожлантириш мақсадида жорий этилган биржанинг e-logistika.uzex.uz электрон логистика порталида онлайн савдолар фаоллаштирилди. 2022 йилда мазкур порталда 12,5 млрд сўмлик 6,0 мингдан зиёд шартномалар тузилди.
Давлат буюртмачилари ва етказиб берувчилар учун қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида биржанинг давлат харидлари бўйича etender.uzex.uz электрон савдо тизимида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга нисбатан 15% миқдорида преференция қўллаш ва тузилган шартномаларга қўшимча келишув тузиш имкони яратилди.
Мазкур тизимда, шунингдек, мижоз ва иштирокчи ўртасида очиқ электрон чат ҳамда битимлар бажарилишини кафолатлашни закалат маблағлари билан бирга гаров ёки кафиллик шаклида таъминлаш бўйича янги тартиб ҳам жорий этилди.
2022 йил якунларига кўра Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг давлат харидлари бўйича электрон савдо тизими xarid.uzex.uz да жами 36,7 трлн сўмлик 1 млндан зиёд битимлар тузилди. Тузилган битимларнинг ҳажми 2021 йилга нисбатан 3,3 маротабага ўсди.
Давлат харидлари бўйича ўтказилган электрон савдолар натижасида бюджет ва корпоратив буюртмачиларининг маблағларини тежалиши 2021 йилга нисбатан 3,4 маротабага ўсиб, 5,8 трлн сўмни ташкил қилди.
2022 йилда Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг avtoraqam.uzex.uz электрон савдо тизимида 304,1 млрд сўмлик 118 мингдан зиёд авторақамлар шаффоф онлайн-аукционлар орқали сотилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 24 ноябрдаги ПҚ-430-сон Қарорининг ижросини таъминлаш доирасида хорижий экспертлар ва консалтинг компанияларини жалб қилган ҳолда Узбекистон республика товар-хом ашё биржасини ривожлантириш стратегияси ишлаб чиқилмоқда.
Мазкур стратегияга мувофиқ биржанинг янги электрон биржа савдолари ва клиринг тизимларини жорий этиш, давлат харидлари, электрон тижорат савдо тизимлари ва электрон логистика порталини такомиллаштириш режалаштирилган.
Шунингдек, тадбиркорларни биржа савдолари ва давлат харидларида иштирок этишини енгиллаштириш, биржа орқали сотиладиган маҳсулотлар рўйхатини кенгайтириш, халқаро ҳамкорлар билан алоқаларни кенгайтириш ва экспорт-импорт савдо ҳажмларини ошириш ишлари давом эттирилади.
Изоҳ қолдириш