UZEX биржаси 2022 йилда корпоратив бошқарув бўйича энг яхши компания деб эътироф этилди

UZEX биржаси 2022 йилда корпоратив бошқарув бўйича энг яхши компания деб эътироф этилди
Танлов якунига кўра, 2022 йилда “Энг яхши корпоратив бошқарув” номинациясида “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖ ғолиб бўлди.
Биржанинг самарали корпоратив бошқаруви жамиятнинг менежерлар ва акциядорлар ўртасидаги мувозанатни таъминлайди, бизнес жараёнларини оптималлаштиради, унинг фаолиятининг шаффофлигини оширади ҳамда компаниянинг барқарор ва изчил ривожланишига хизмат қилади.
МДҲ давлатлари халқаро биржалар уюшмасининг ҳисоботига кўра, Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси яратилган инфратузилма ва электрон савдо майдончалари, сотиладиган товарларнинг ассортименти ва савдолар ҳажми бўйича МДҲ мамлакатларининг товар биржалари орасида етакчи ўринларни эгалайди.
UZEX биржасида амалга ошириладиган транзакцияларнинг йиллик ҳажми 13,0 млрд АҚШ долларидан ошади, бу эса Ўзбекистон Ялпи Ички Маҳсулотининг қарийб 16% га тенг демакдир. Биржада асосий платформа – биржа савдоларидан ташқари электрон тижорат соҳасига алоқадор бўлган 5 та савдо тизимлари мавжуд.
Биржанинг таркибий тузилмасига 14 та ҳудудий филиаллар ҳамда республиканинг барча туманларида жойлашган 400 дан зиёд савдо майдончалари ва дунёнинг турли мамлакатларида ўз фаолиятини юритиб келаётган қарийб 40 та хорижий савдо майдончалари киради. Шу билан бирга, биржа мижозларининг умумий сони 500 мингтадан ортиқдир.
Юқори рентабеллик ва тўланаётган дивидендлар миқдорининг мунтазам равишда ўсиб бориши эвазига Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг акциялари фонд бозорида катта талабдан фойдаланади.
Хусусан, «Тошкент» Республика фонд биржасида “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” акциядорлик жамияти акцияларининг бозор нархи уларнинг номинал қийматига нисбатан 30 маротабага кўпдир. Шу билан бирга, компания ҳар йили соф фойданинг 85% дан ортиғини акциядорларга юборади, улардан 1,8 мингтасини миноритар акциядорлар ташкил қилади.

“ЎзРТХБ” АЖ PR бўлими

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар