Коронавирус эпидемияси туфайли жаҳонда озиқ-овқат товарларига бўлган талаб ва ишлаб чиқариш циклларида кузатилаётган ноаниқлик, инвесторларда ушбу соҳага ишончни пасайтирмоқда. Бу ҳақда Euronews хабар қилди.
“Ҳозирга келиб тадбиркорларда фойдадан кўра йўқотишлар юзага келмоқда, трейдерлар эса ишончсиз активлардан тезроқ воз кечишга ҳаракат қилмоқда”, дейилади хабарда.
"Spartan Capital Securities" етакчи иқтисодчиси Питер Кардильога кўра, жаҳонда юз бераётган воқеалар таъсири натижасида кундан-кунга зарар кўраётган компаниялар сони ошиб бормоқда.
“Шундай қилиб, биринчи ҳисобот чорагида биз жуда жиддий ва қийин синовларга дуч келишимиз мумкин”, деган у.
Дунёнинг алкоголь ичимликлар ишлаб чиқарувчи энг йирик компаниялардан бири “Diageo” кутилаётган даромаднинг пасайиши ҳақида огоҳлантирган. Компаниядаги салбий прогноз Хитойда кўплаб ресторанларнинг ёпилиши, коронавирус туфайли юзага келган бошқа мажбурий чекловлар билан боғлиқ.
"The Associated Press"нинг бизнес бўлими муҳаррири Сет Сателнинг сўзларига кўра, шунга ўхшаш сабаблар билан туризм соҳаси ҳам жуда катта йўқотишларга дуч келмоқда, хусусан, саёҳат қилиш чекловлари кундан-кунга ортиб бормоқда. "Кўплаб авиакомпаниялар аллақачон Хитойга парвоз қилишни тўхтатган, бироқ ҳозирга келиб вирус Европа ва Яқин Шарқда ҳам жуда тез тарқалмоқда", деган у.
Коронавируснинг тарқалиши автомобиллар бозорида ҳам талабнинг кескин пасайишига ҳам олиб келган. Moody’s рейтинг агентлиги йил давомида сотувлар 2,5 фоизга пасайишини тахмин қилган. Бу кўрсаткич аввалги прогнозларга қараганда 2,5 баравар салбийдир.
Изоҳ қолдириш