Бугун, 24 июнь куни АОКАда ўтказилган брифингда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари Нурмат Отабеков Ўзбекистонда дунё бўйича оммалашаётган «омикрон» штаммининг янги мутациядаги варианти тарқалаётгани ҳақида маълум қилди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг (ЖССТ) маълумотига кўра жорий йилнинг 22 июнь ҳолатига дунёда 544,2 млн нафардан ортиқ беморларда коронавирус инфекцияси аниқланган, улардан 6,3 млн нафари (1,2 фоиз) вафот этган.
Сўнги 30 кунлик таҳлилда:
- АҚШ, Тайван, Германия ва Бразилия давлатларида кунлик ўртача касалланиш 50-100 минг ҳолатни ташкил этмоқда;
- Австралия, Франция, Португалия, Италия, Япония ва Жанубий Корея давлатларида юқори кунлик касалланиш (20-30 минг) ҳолатлари сақланиб қолмоқда.
Ўзбекистон Республикасида жорий йил 22 июнь ҳолатига кўра коронавирус инфекцияси билан касалланганлар сони 239 895 нафарни ташкил этиб, улардан 237 791 нафари (99 фоиз) соғайган, 1 637 нафари (0,7 фоиз) вафот этган.
Сўнги бир ҳафта давомида динамикада касалланишнинг бироз кўтарилиши кузатилмоқда. Жумладан, жорий йилнинг 17 июнь кунида 90 та, 18 июнь куни 108 та, 19 июнь куни 93 та, 20 июнь куни 87 та, 21 июнь куни 82 та, 22 июнь куни 98 та касаллик қайд этилди.
Республика бўйича рўйхатга олинган касалликларнинг ёшма-ёш таҳлили: 14 ёшгача бўлган болалар ўртача 3-4 фоизни, 15-19 ёшдагилар 2-3 фоизни, 20-29 ёшдагилар 24-25 фоизни, 30-39 ёшдагилар 16-17 фоизни, 40-49 ёшдагилар 14-15 фоизни, 50-59 ёшдагилар 9-10 фоизни, 60 ёш ва ундан катталар 16-17 фоизни ташкил этмоқда.
Касаллик манбаи, жумладан: 35-40 фоиз ҳолатда оиладан, 15-20 фоиз ҳолатда бемор кўшнилари ёки қариндошларидан, 7-8 фоиз ҳолатда жамоат жойларида, 5-8 фоиз ҳолатда иш жойида юқтириб олингани аниқланган.
ЖССТ томонидан дунё мамлакатларида “Оmikron” штаммининг “Stealth-Omicron” BA.2 варианти устивор штаммга айлангани такидланмоқда. Республикамизда ҳам ушбу штамм аниқланиб, ҳозирги кунда коронавирус инфекцияси билан касалланишда ушбу штаммнинг учраётгани кузатилмоқда.
Инновацион ривожланиш вазирлигининг Илғор технологиялар марказида вирус геномини ўрганиш (секвенлаш) бўйича ўтказилган таҳлилларда 67,0 фоизида “Omicron”, ва 33,0 фоизида “омикрон” штаммининг янги мутациядаги “Stealth-Omicron” BA.2 варианти топилган.
Мамлакатимизда коронавирус инфекциясига қарши эмлашда қўлланилган жами вакциналар сони 57,7 миллион дозадан ошди. Улардан: 1-босқич эмланганлар 20 550 541 нафарни, 2-босқичда эмланганлар 16 856 230 нафарни, 3-босқич ва бустер доза билан эмланганлар 20 355 055 нафарни ташкил қилди.
12-18 ёшдаги эмланувчилар учун жами 1 587 480 доза вакцинадан фойдаланилди. Улардан: 1-босқич эмланганлар 863 351 нафарни, 2-босқичда эмланганлар 675 766 нафарни, 3-босқич ва бустер доза билан эмланганлар 48 363 нафарни ташкил қилмоқда.
Бугунги кунда мамлакатимизда коронавирус инфекцияси бўйича вазият барқарорлиги таъминланиб келинмоқда. Лекин ўтган 2 йил давомида айнан июль-август ойларида касалланиш кўтарилганлиги қайд этилган. Шунинг учун коронавирус инфекциясини тарқалишини олдини олиш мақсадида аҳолини коронавирус инфекциясига қарши эмлаш ва бустер дозаси билан қайта эмлаш ишларини жадаллаштириш катта аҳамиятга эга.
Изоҳ қолдириш