Республика махсус комиссияси қарорига кўра, Ўзбекистонга коронавируснинг «омикрон» штамми кириб келишининг олдини олиш учун қатор мамлакатлар билан авиақатновлар тўхтатилди. Бу ҳақда ССВ матбуот хизмати хабар берди.
ССВ хабарида айтилишича, сўнгги кунларда Австрия, Бельгия, Буюк Британия, Германия, Дания, Исроил, Италия, Нидерландия, Чехия, Австралия, Миср ҳамда Жанубий Африка минтақаси мамлакатларида коронавируснинг янги «омикрон» штамми кенг тарқалиб, эпидемиологик вазият кескинлашиб бораётганлиги муносабати билан, қатор давлатларда, хусусан АҚШ, Австрия, Германия, Словакия, Россия Федерацияси ва Қозоғистонда қўшимча карантин чекловлари жорий этилмоқда.
Республика махсус комиссиясининг йиғилишида янги йил арафасида мамлакатда эпидемиологик вазиятнинг барқарорлигини сақлаб қолиш ва мамлакат ҳудудига коронавирус инфекциясининг янги «омикрон» штамми кириб келишига йўл қўймаслик мақсадида қарорлар қабул қилинди.
Унга кўра, 3 декабрдан 2022 йил 10 январга қадар Жанубий Африка Республикаси, Ботсвана, Намибия, Зимбабве, Мозамбик, Мадагаскар, Лесото, Эсватини, Танзания ва Гонконг билан халқаро авиақатновлар (кириш, чиқиш ва транзит рейслар орқали республика ҳудудига кириш) тўхтатилди.
Мазкур давлатларнинг фуқаролари ва ушбу давлатларда доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахслар, шунингдек, сўнгги 14 кун давомида юқоридаги давлатларда бўлган учинчи давлат фуқаролари Ўзбекистон ҳудудига киритилмайди.
Масъул вазирлик ва идоралар ушбу давлатлардаги мавжуд эпидемиологик вазиятдан келиб чиққан ҳолда улар билан халқаро авиақатновларни босқичма-босқич тиклаш юзасидан таклиф киритиб боришади.
Изоҳ қолдириш