Юқори иқтисодий ўсиш динамикаси фонида жорий йил учун инфляциянинг прогноз кўрсаткичларига эришиш, нархлар ўсишини секинлаштирувчи ва жамғаришни қўллаб-қувватловчи пул-кредит шароитларини сақлаб қолиш мақсадида Марказий банкнинг асосий ставкаси йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирилди.
Бунда, бир томондан инфляциянинг пасаювчи динамикаси ва прогнози фоиз ставкасини пасайтириш бўйича имкониятларни юзага келтираётган бўлса, бошқа томондан, ички ва ташқи иқтисодий шароитларда сақланиб қолаётган хатарлар ҳамда ноаниқликлар фоиз ставкани жорий даражасида қолдиришни тақозо этмоқда.
Инфляция ва инфляцион кутилмалар. 2021 йил якунлари бўйича инфляция кўрсаткичлари оралиқ мақсадли кўрсаткич – таргет даражасида шаклланиб, 10 фоизни ташкил этди.
Ўтган йил давомида инфляцион муҳитни юзага келтирган асосий омиллар озиқ-овқат ва энергия-ёқилғи маҳсулотлари нархларининг сезиларли даражада ўсиши бўлди. Нархларнинг ўсиши, бир томондан, глобал инфляцион тенденциялар билан, иккинчи томондан эса, ички бозордаги рақобат ва таклиф билан боғлиқ сабаблар билан изоҳланади.
Шунингдек, базавий инфляция даражаси 2021 йил якунида 8,8 фоизгача пасайиб, сўнгги беш йилликдаги энг паст кўрсаткични қайд этди.
Ўтган йил декабрь ойи сўровлари натижаларига кўра, келгуси 12 ой учун аҳоли ва тадбиркорларнинг инфляцион кутилмалари сентябрь-ноябрь ойларидаги ўсувчи тенденциядан кейин пасайиш трендига ўтди ҳамда мос равишда 15,7 ва 14,9 фоизни ташкил этди.
Айни пайтда, респондентлар томонидан инфляцион кутилмаларнинг асосий омиллари сифатида бензин нархлари қимматлашиши, транспорт харажатлари ошиши, асосий озиқ-овқат маҳсулотлари ва импорт товарлари нархининг ўсиши келтирилган.
Иқтисодий фаоллик ва ялпи талаб. Умуман олганда ўтган йил 2020 йилдаги кескин пасайишдан кейин иқтисодиётнинг қайта тикланиш йили бўлди. Дастлабки маълумотларга кўра, 2021 йилда ялпи ички маҳсулот ҳажми реал ҳисобда 7,4 фоизга ўсди.
Бунда, иқтисодиётга йўналтирилган фискал харажатлар ҳамда тижорат банклари кредитлари иқтисодий ва инвестицион фаолликни қўллаб-қувватловчи асосий омиллардан бўлди.
Тижорат банклари томонидан ўтган йилда иқтисодиётга ажратилган кредитлар 2020 йилга нисбатан 31 фоизга ўсган бўлса, кредитларнинг қайтувчанлик даражаси сезиларли даражада яхшиланиб, 71 фоизга етди. Шунингдек, жисмоний шахсларга ажратилган кредитлар 42 фоизга ўсиб, аҳолининг истеъмол ва ипотекага бўлган талабини қўллаб-қувватлашга хизмат қилди.
Баҳолашларга кўра, 2021 йилдаги юқори фискал рағбатлантиришларнинг таъсири 2022 йилда ҳам сақланиб қолади ва йилнинг иккинчи ярмидан иқтисодий ўсиш суръатлари ўзининг узоқ муддатли кўрсаткичларига, яъни салоҳиятли ўсиш даражасига яқинлашади.
Ташқи иқтисодий шароитлар. 2021 йил озиқ-овқат ва ёқилғи-энергетика нархлари ўсиши натижасида глобал инфляцион жараёнларнинг тезлашиши ҳамда бунга жавобан кўпчилик ривожланаётган мамлакатларда пул-кредит шароитларининг қатъийлаштирилиши шароитида шаклланди. Бунда, дастлаб вақтинчалик деб эътироф этилган инфляцион жараёнлар, йил сўнгида ноаниқликлар ва пандемик хатарлар фонида нархларга узоқроқ муддат давомида босим яратиши мумкинлигини кўрсатмоқда.
Ўтган йил давомида асосий савдо ҳамкорлар валюталарида (Туркиядан ташқари) юқори даражадаги тебранишлар кузатилмаган бўлсада, улардаги инфляцион жараёнлар кескин тус олган.
2021 йил якунлари бўйича сўм алмашув курси девальвацияси 3,4 фоизни ташкил этиб, сўнгги уч йилликдаги энг паст кўрсаткични қайд этди.
Бунга, 2021 йилда мамлакатимизга экспортдан тушумлар ва трансчегаравий пул ўтказмаларининг мос равишда 34 фоиздан ошиши, ички валюта бозорида валюта таклифини қўллаб-қувватловчи омил бўлиб, бозордаги умумий таклиф ҳажмини 1,6 баробарга ўсишига хизмат қилди.
Пул-кредит шароитлари. 2021 йил якуни бўйича пул бозоридаги вазият нисбатан қатъий шароитларда шаклланиб, “Uzonia” ва “Uzwia” индикаторлари ўртача 13 фоизни ташкил этди. Йил давомида пул бозоридаги фоиз ставкалари динамикаси банклараро операциялар ҳажмининг қарийб икки баробарга ошиши ва пул-кредит инструментлари фаоллигининг кескин ўсишини ўзида акс эттирди.
Умуман олганда, ўтган йил давомида ликвидликни тартибга солишда пул-кредит инструментларининг фаоллаштирилиши, ўз навбатида, улар бўйича харажатларнинг ва Марказий банк мажбуриятларининг сезиларли ошишига ҳам олиб келди.
Банклар томонидан миллий валютадаги муддатли депозитлар бўйича таклиф этилаётган ўртача тортилган фоиз ставкалари декабрь ойида жисмоний шахслар учун 20,2 фоизни, юридик шахслар учун 15,1 фоизни ташкил этиб, мос равишда инфляцион кутилмаларга нисбатан ҳам ижобий тафовут ҳосил қилди.
Бу ўз навбатида, сўмдаги жами муддатли депозитлар ҳажмининг ўтган йилда 1,5 баробарга, шундан, жисмоний шахсларникини – 1,7 баробарга ўсишига хизмат қилди.
2021 йилнинг сўнгги ойларида миллий валютадаги кредитлар бўйича фоиз ставкаларининг ҳам мувозанатлашуви кузатилиб, йил бошидан кузатилаётган 20-22 фоизлик коридор доирасида бўлди.
Хусусан, декабрь ойида миллий валютадаги қисқа муддатли кредитлар бўйича ўртача тортилган фоиз ставкалари 21,2 фоизни ва узоқ муддатли кредитлар бўйича 20,5 фоизни ташкил этди.
Прогноз ва хатарлар. Макроиқтисодий ривожланишнинг базавий сценарийсига кўра, жорий йилда Марказий банк томонидан нисбатан қатъий пул-кредит шароитларининг сақлаб қолиниши кўзда тутилган.
Глобал инфляциянинг давом этаётганлиги шароитида ташқи бозорларда хомашё ва энергия ресурслари нархларининг ўсиши, пандемик вазият, жаҳонда иқтисодий ўсишнинг секинлашиши билан боғлиқ хатарлар жорий йил якуни бўйича инфляция даражасининг 8-9 фоиз доирасида шаклланиши мумкинлигини кўрсатмоқда.
Шунингдек, 2022 йил якунлари бўйича ялпи ички маҳсулотнинг реал ўсиши 5,5-6,5 фоиз атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда. Бунда, ўтган 2020-2021 йилларда иқтисодиётга йўналтирилган фискал рағбатлантиришларнинг 2022 йилнинг биринчи ярим йиллигида ҳам иқтисодий фаолликни қўллаб-қувватловчи асосий омиллардан бўлади.
Жорий шаклланган пул-кредит шароитлари макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнозларига мувофиқ ҳисобланади ва келгусида инфляция прогнозининг пасайиб бориши билан реал фоиз ставкаларини ўзгаришсиз қолдирган ҳолда номинал фоиз ставкаларини пасайтириш учун имкониятлар юзага келиши мумкин.
Марказий банк ташқи ва ички иқтисодий шароитлар таъсирида юзага келадиган инфляцион омиллар ва хатарларни синчковлик билан ўрганиб, уларни бартараф этиш бўйича тегишли чораларни кўриб боради.
Асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича Марказий банк Бошқарувининг навбатдаги йиғилиши 2022 йил 10 март кунига белгиланган.
Изоҳ қолдириш