Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, олдинги йиллардаги ўсиш кўрсаткичлари, шунингдек, дунёдаги жорий инқирозли вазият, маҳаллий бозорда кутилаётган тенденциялар ички истеъмол бозорлари нархлари индексига ўз таъсирини ўтказмоқда.
Ҳисоботга кўра, 2022 йилнинг январь-декабрь ойларида (ўтган йил декабр ойига нисбатан) Республика бўйича ўртача инфляция кўрсаткичи 12,3%, шундан озиқ-овқат маҳсулотлари 15,6%, ноозиқ-овқат маҳсулоти 10,7%, хизматлар кўрсатиш 8,3%ни ташкил этди.
Жумладан, ушбу даврда Самарқанд вилояти бўйича ўртача инфляция кўрсаткичи 12,3%ни (республика кўрсаткичи 12,3%), шундан озиқ-овқат маҳсулотлари 15,9% (республика кўрсаткичи 15,6%га нисбатан 0,3 пунктга кўп), ноозиқ-овқат маҳсулотлари 10,9% (республика кўрсаткичи 10,7% ёки 0,2 фоизга кўп) ҳамда хизматлар кўрсатиш 7,7% (республика кўрсаткичи 8,3% ёки 0,6 пунктга кам)ни ташкил этди.
Бунда, энг юқори ўсиш ресторанлар ва меҳмонхоналар хизматлари 28%га, дам олиш, спорт ва маданият хизматлари 18,4%га, соғлиқни сақлаш хизматлари 15,9%га, озиқ-овқат маҳсулотлари ва спиртсиз ичимликлар 15,5%га ва маиший товарлар ва хизматлар, ижтимоий ва турли товарлар ҳамда бошқа хизматлар 14,2%га ошган.
Шу билан бирга, ўтган даврда Самарқанд вилоятида айрим озиқ-овқат маҳсулотларнинг нархи сезиларли даражада ошган. Жумладан:
- пиёз – 107,1% (республикада ўртача 97,8%)га;
- буханка нони – 46,8% (республикада - 54,8%)га;
- буғдой уни – 45,2% (республикада – 44,5%)га;
- шакар – 42,6% (республикада – 43,6%)га;
- тухум (10 донаси) – 27,6% (республикада – 28,3%)га;
- барча навдаги гуруч – 23,3% (республикада – 24%)га;
- сабзи – 22,2% (республикада – 22,7%)га.
Ўз навбатида, ушбу даврда ўтган йилнинг декабрига нисбатан картошка нархи 6%га арзонлашганлиги кузатилмоқда.
Бундан ташқари, Самарқанд вилоятида 2022 йилнинг декабрь ойида ўтган ноябрь ойга нисбатан истеъмол нархлари индекси 1,2%га, шундан озиқ-овқат маҳсулотлари 1,8%га, ноозиқ-овқат маҳсулотлари 0,7%га ва хизматлар 0,8%га ўсиши кузатилган. Бунда, пиёз нарҳи 6,4%га, тухум (10 донаси) 6,2%га, сабзи 4,7%га, картошка 2,6%га, буханка нони 1,5%га ва барча турдаги гуручлар 1,2%га юқори ўсиш даражаси кўзатилган бўлса, шакар нарҳи 2,7%га, пахта ёғи (1 литр) 1,4%га, товуқ гўшти (бутун) 1,1%га ва кунгабоқар ёғи (1 литр) 0,9%га арзонлашган.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, туман ва шаҳар ҳокимликлари аҳоли эҳтиёжлари учун етишмайдиган асосий турдаги истеъмол товарларини заҳирасини яратиш ва муқобил бозорлардан импорт қилиш (хусусий секторни жалб қилган ҳолда) орқали ички бозорни кафолатли таъминлаш ҳамда инфляция ушлаб туриш ва нарҳ-навони барқарор бўлишини таъминлаш юзасидан зарурий чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадга мувофиқ ҳисобланади.
Изоҳ қолдириш