2016-2021 йилларда Меҳнат бозорида амалга оширилган ишлар ва эришилган натижалар шарҳи

2016-2021 йилларда Меҳнат бозорида амалга оширилган ишлар ва эришилган натижалар шарҳи

Ўзбекистонда амалга оширилаётган барча ислоҳотларнинг туб мақсади – бу инсон фаровонлиги, унинг муносиб турмуш даражасини таъминлаш ҳисобланади. Бу эса, ўз навбатида давлат томонидан аҳолининг самарали иш билан банд бўлишига барча шарт-шароитларни яратиб бериши, шу жумладан, тадбиркорлар учун қулай бизнес юритиш муҳити, инвестиция, солиқ сиёсати, шаффофлик, суд-ҳуқуқ тизимининг адолатли бўлиши каби омилларга боғлиқ. Чунки мамлакатмизда яратилаётган иш ўринларининг 90 фоизи хусусий сектор ҳиссасига тўғри келади ва айнан иқтисодиётнинг тараққиёти кичик ва ўрта бизнеснинг ривожланиши билан боғлиқ.

Мамлакатимизда бошланган туб ислоҳотларнинг асосини 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ташкил этади ва унда аҳолининг иш билан бандлиги масаласи алоҳида ўрин тутади.

Ўзбекистонда демографик ҳолатнинг кескинлиги, аҳоли сонининг юқори суръатларда ўсиши ва ҳар йили 500 мингдан ортиқ ёшларнинг меҳнат бозорига кириб келиши аҳолининг барқарор иш билан бандлиги масаласини ўта долзарб қилиб қолмоқда.

Ўзбекистонда 2021 йил 1 январь ҳолатига меҳнат ресурслари 19,1 млн. киши, иқтисодий фаол аҳоли 14,8 млн. киши, жами иш билан бандлар 13,2 млн. киши, шундан иқтисодиётнинг расмий секторида 5,7 млн. киши (43,3%), иқтисодиётнинг норасмий секторида 5,6 млн. киши (42,8%), ишга жойлаштиришга муҳтож шахслар 1,6 млн. киши (10,5%) ва чет элда ишлаш учун кетганлар 1,8 млн. кишини ташкил қилди.

Ўтган 5 йил ичида меҳнат соҳасида ҳам аксарият жараёнларни рақамлаштириш, меҳнат статистикасини Халқаро меҳнат ташкилоти стандартларига мослаш, унинг реал кўрсаткичларини таъминлаш, иш билан бандликнинг янги шаклларини ривожлантириш ва кенг фойдаланиш, шаффофликни таъминлаш ва мумкин қадар аҳолига барча хизматларни электрон платформалар орқали қулай ва тезкор амалга оширишга эришилди.

«Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги Қонуннинг янги таҳрири 2020 йилда қабул қилинди ва у тўғридан-тўғри амал қилиш кучига эга Қонун бўлди. Унда давлатнинг бандлик соҳасидаги асосий тамойиллари акс этиб, ҳозирги замон меҳнат ҳуқуқ нормаларига асосланган. Жумладан, меҳнат бозорини тартибга солишнинг янги воситалари хусусан, тадбиркорликни рағбатлантириш, ўзини ўзи банд қилиш, ишсизларни касб-ҳунарга ўқитиш, малакасини ошириш, иш стажини ҳисобга олиш, ишсизлик нафақасини тўлаш, ишга жойлаштириш бўйича агентликлар, республикадан ташқарида вақтинчалик меҳнат фаолияти амалга ошираётган фуқаролар ва бошқа муҳим йўналишлардаги масалалар қамраб олинди.

Шунингдек, Меҳнат кодекси ҳам илғор мамлакатлар тажрибаси асосида қайта ишланди ва турли муҳокамалардан ўтиб, 2021 йилда қабул қилиниши белгиланган. Унда меҳнат муносабатларини тартибга солишнинг замонавий усуллари, иш берувчи ва ёлланган ходим ўртасида, ижтимоий шерикчилик, якка тартибдаги меҳнат муносабатлар ва бошқа масалалар ўз ечимини топган.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги пассив чоралардан (ишсизлик нафақаларини тўлаш) фаол бандлик сиёсатига ўтмоқда (айниқса, ёшлар, аёллар, ногиронлиги бўлган шахслар) ва ишсизларни касбга, тадбиркорликка ўқитиш, микрокредитлар ва субсидиялар ажратиш орқали уларнинг иш билан бандлигига кўмак беришни кенг йўлга қўйди.

Илк бор мамлакатимизда норасмий меҳнат билан бандлик ва яширин иқтисодиёт муаммолари очиқ муҳокама қила бошланди ва давлатимиз томонидан унинг кўламини камайтириш бўйича кенг чора-тадбирлар қабул қилинди. Аҳолининг норасмий меҳнат билан бандлиги ҳатто энг ривожланган мамлакатларда ҳам мавжуд бўлиб, у нафақат салбий балки баъзи муҳим ижтимоий ва иқтисодий вазифаларни бажаради.

Биринчидан, иқтисодиётнинг расмий секторида иш топа олмаган инсон ресурсларини иш билан ва натижада даромад олишларини таъминлаб, ишсизликни камайтиради (ночор қолганлар учун ҳақиқий ижтимоий ҳимоя воситаси), қашшоқликни олдини олади ҳамда ўз даромадларини расмий секторда сарфлаб, ички талабни ошиши ва ЯИМнинг ўсишига туртки бўлади.

Иккинчидан, норасмийлик кўп ҳолларда бизнес бошлашнинг бир усули сифатида расмий секторга ўтишга қадам ҳисобланади.

Норасмий меҳнат билан бандлик бутун дунёда кенг тус олган ҳодиса бўлиб, унинг кўламини камайтириш давлатнинг бу соҳада тизимли комплекс сиёсат олиб боришини талаб қилади. Халқаро меҳнат ташкилотининг ҳисоботига кўра, дунёда 10 та ишчидан 6 та (иш билан бандларнинг 61%) ва 5 та корхонадан 4 таси яширин иқтисодиётда норасмий фаолият юритади.

Норасмий меҳнат билан бандликнинг шаклланишини иқтисодий, ҳуқуқий, ижтимоий ва маданий омилларга эга бўлган ҳамда пировард мақсади иқтисодий фойда олишга қаратилган ва аксарият ҳолларда мажбурий кўринишдаги иқтисодий фаолият ҳисобланади (1–расм).

1–расм. Норасмий меҳнат билан бандликнинг келиб чиқиш омиллари

Норасмий меҳнат билан бандлик яширин иқтисодиётнинг таркибий қисми сифатида унинг даражасини камайтириш тўғридан-тўғри яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш билан узвий боғлиқликни ва давлатнинг самарали кенг комплекс чора-тадбирлар орқали ҳал этиш заруратини кўрсатади.

Норасмий меҳнат билан бандликнинг юқори даражаси мамлакатнинг барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланиш учун турли хавфларга сабаб бўлиши туфайли уни иқтисодий хавфсизлик тизими мезонларига киритиш муҳимлиги илмий асосланди. Унинг юқори даражаси мамлакат тараққиёти, ижтимоий зиддият, тенг рақобат муҳити, тенгсизлик, табақаланишнинг кучайиши, аҳолининг расмий ижтимоий тизимида тўлиқ қамраб олинмаслиги, жамиятда ҳуқуқ тартиботига амал қилмаслик, молиявий йўқотишлар ва бошқа ижтимоий–иқтисодий оқибатларга олиб келади (2-расм).

Мамлакатимизда Ўзбекистон Республикасининг Президентининг 2020 йил 30 октябрдаги ПФ-6098-сон “Яширин иқтисодиётни қисқартириш ва солиқ органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони, 2020 йил 8 июндаги “Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4742-сон ва 2020 йил 11 августдаги “Камбағал ва ишсиз фуқароларни тадбиркорликка жалб қилиш, уларнинг меҳнат фаоллигини ошириш ва касб-ҳунарга ўқитишга қаратилган ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4804-сон қарорлари яширин иқтисодиёт ва норасмий бандлик даражасини камайтиришга қаратилган.

2–расм. Норасмий меҳнат билан бандликнинг ижтимоий–иқтисодий оқибатлари

Ушбу ҳужжатлар яширин иқтисодиёт ва норасмий меҳнат билан бандлик фаолиятига маъмурий усуллар, тақиқлаш орқали бартараф этишга эмас, балки унинг қонун доирасида иқтисодий жиҳатдан афзал бўлган институционал муҳит ва шароитларни яратиш орқали шаффоф фаолият юритишини назарда тутади.

Янги технологиялар электрон рўйхатга олиш, интеграциялашган ва автоматлашган ҳолда хизмат кўрсатиш сифатида инсон омили, унинг иштирокини имкон даражада камайтириб, иқтисодий бирликларнинг трансакцион харажатларини камайтиришга, иқтисодий фаолиятни расмийлаштириш имконини беради.

Рақамли иқтисодиёт юқори малакали кадрларни тайёрлаш, касбий малака ва билимларнинг мослашувчан, изчил ва узлуксиз ривожланишини талаб қилади ҳамда аҳолининг иш билан бандлигини, хусусан меҳнат муносабатларини рақамли электрон платформалар ёрдамида рўйхатга олиш ва қулай расмийлаштириш имкониятларини яратмоқда.

Рақамли иқтисодиётнинг жамият ҳаётига кенг кириб келиши барча соҳаларда меҳнат фаолиятида интернетдан фойдаланиш “ҳақиқий” ва “виртуал” дунё билан узвий боғланиш шароитида бўлишни тақозо этмоқда. Ўзбекистонда иқтисодиётни рақамлаштиришнинг меҳнат бозорига таъсирини 2020 йилда “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплексини жорий этилишида кўриш мумкин. Ушбу электрон ахборот тизимида идора ва ташкилотларда банд бўлганлар, шахсга оид, вакант иш жойлари, тўғрисидаги маълумотлар тўпланган.

Шу билан бирга, иш изловчилар http://ish.mehnat.uz/ сайтида вилоят, туман (шаҳар), соҳа йўналишлари, касб, таълим даражаси кесимида ва исталган маош ҳажми доирасида вакант иш жойлари ҳақидаги маълумотлардан фойдаланишлари расмий иш билан бандлик даражасини ошириш имкониятини бермоқда.

Янги технологиялар электрон рўйхатга олиш, интеграциялашган ва автоматлашган ҳолда хизмат кўрсатиш сифатида инсон омили, унинг иштирокини имкон даражада камайтириб, иқтисодий бирликларнинг трансакцион харажатларини камайтиришга, иқтисодий фаолиятни расмийлаштириш имконини беради.

Ўзбекистонда 2020 йилда норасмий меҳнат билан бандлик даражаси 2001 йилга нисбатан 52,6 фоизга ошган, иқтисодиётнинг расмий секторида бандлик 3,3 фоизга камайган. Ҳисобот даврида республикадан чет элда ишлаш учун кетганлар сони 8 мартага, ишсизлик даражаси 42 мартага, иқтисодий фаол аҳоли эса 62 фоизга ошган. Иқтисодий фаол аҳолининг жами меҳнат ресурсларига нисбати 2001 йилда 71,6 фоиз ва 2020 йилда 77,3 фоизни ташкил қилган (1–жадвал).

Норасмий меҳнат билан бандлик даражасига иқтисодий, ҳуқуқий омиллар билан бир қаторда ижтимоий-демографик омиллар ҳам таъсир қилади. Аксарият ҳолларда меҳнат бозорида аҳолининг ҳуқуқий саводхонлиги бўлмаган, ўрта ва ўрта махсус маълумотли, ўз касби ва малакаси бўйича иқтисодиётнинг расмий секторида иш топа олмаган гуруҳлари норасмий меҳнат муносабатларига киришадилар.

Ўзбекистонда норасмий меҳнат билан бандларнинг ижтимоий-демографик ҳолатини таҳлили уларнинг 32,1 фоизи – умумий ўрта, 61,1 фоизи – ўрта–махсус ва 6,8 фоизини – олий маълумотли шахслар ташкил қилиши аҳолининг маълумот ва малака даражаси қанчалик юқори бўлса, меҳнат бозорида норасмий меҳнат билан бандлик даражаси мос ҳолда кам бўлишини кўрсатмоқда.

1–жадвал Ўзбекистон Республикасида норасмий меҳнат билан бандлик динамикаси, (минг киши)

Кўрсаткичлар

2001 й.

2005 й.

2010 й.

2015 й.

2020 й.

2020 й. 2001 й.га нисбатан, % (+/-)

Иқтисодий фаол аҳоли

9173,5

10224,1

12286,6

13767,7

14797,9

+62

Иш билан бандлар, жами

9136

10196,2

11628,4

13058,3

13239,6

+69

Шундан:

Иқтисодиётнинг расмий секторида

5920,2

6370,4

5348,9

5294,9

5732,4

-3,3

Иқтисодиётнинг расмий секторида улуши, %

64,8

65,5

45,9

40,5

43,3

- 21,5

Иқтисодиётнинг норасмий секторида

2985,1

3559,7

5990,3

5209,1

5668,9

+52,6

Иқтисодиётнинг норасмий секторида улуши, %

32,7

34,9

51,5

37,8

42,8

10,1

Ишсизлар

37,5

320,2

658,2

709,4

1558,4

42 марта

Ишсизлик даражаси, %

0,4

3,1

5,7

5,2

10,5

10,1

Иқтисодий нофаол аҳоли

3643,9

4229,2

4424,9

4508,4

4344,4

+19,2

Чет элда ишлаш учун кетганлар

230,7

266,1

289,2

2284,7

1838,2

8 марта

Меҳнат ресурслари

12817,4

14453,2

16509,7

18276,1

19142,3

+49,3

Меҳнат соҳасидаги кенг ислоҳотлар натижасида 2016-2020 йилларда меҳнат органлари томонидан касб-ҳунарга ўқитишга йўналтирилган фуқаролар сони 8,8 баробар ошган. Ишсизларни жамоат ишларига жалб этиш кўрсаткичи 65 баробар ортган.

Шу даврда олий таълимга қабул параметрлари 2016 йилга нисбатан 2,5 баробарга ўсди, ёшларимизни олий таълим билан қамраб олиш даражаси 9 фоиздан 25 фоизга етди.

Таъкидлаш лозимки, норасмий меҳнат билан бандликни келтириб чиқарувчи омилларни аниқлаш ва уни бартараф этишга қаратилган ечимларни ҳал этиш давлатнинг бандлик сиёсатида муҳим аҳамиятга эга.

Ҳозирги замонда аҳоли бандлигини таъминлашда бандликнинг ностандарт шакллари, жумладан, аҳолининг ўзини ўзи банд қилишининг ўсиши меҳнат бозори мослашувчанлигининг ўзига хос хусусиятларидан биридир. Иқтисодий инқирозлар, айниқса, COVID-19 пандемияси даврида ва ундан сўнг барқарор бўлмаган иш билан банд ходимларга кўпроқ таъсир қилиши ҳамда камбағалликни қисқартириш мақсадида бандликнинг ностандарт шаклларидан кенг фойдаланиш муҳим аҳамиятга эга. Жумладан, Европа Иттифоқида бандликнинг ностандарт шаклида банд бўлган ходимлар жами иш билан бандликнинг деярли 40 фоизини жумладан, Нидерландияда деярли 50 фоизини ташкил қилади.

Аҳолининг норасмий меҳнат билан бандлигини камайтиришнинг муҳим воситаларидан бири сифатида ностандарт иш билан бандлик шаклларидан кенг фойдаланиш (масофавий иш усулида, мослашувчан иш жадвалида, ўзини ўзи банд қилиш, фриланс, аутсорсинг, вақтинчалик, мавсумий бандлик, уйда бандлик) ва хусусан ўзини ўзи банд қилишни ривожлантириш муҳим аҳамиятга эга.

Масалан, ўзини ўзи банд қилган шахсларни рўйхатга олиш хабар бериш тартибида махсус мобиль илова ёки солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали амалга оширилиши, базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баравари миқдорида (245 минг сўм) ижтимоий солиқ тўлаш орқали уларнинг меҳнат фаолияти натижасида олинган даромадлари жисмоний шахслар жами даромадлари таркибига киритилмаслиги белгиланган.

Ҳозирги кунда ўзини ўзи банд қиладиган шахслар учун 68 та фаолият (ишлар, хизматлар) турлари тасдиқланган бўлиб, уларни янада кенгайтириш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Натижада, 2021 йил 1 июль ҳолатига 852,4 минг нафар фуқаро ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтказилди. Шундан 310,1 минг нафарини 30 ёшгача бўлган ўғил-қизлар ташкил этади.

ХМТнинг маълумотига кўра, дунёда жами иш билан бандликда ўзини ўзи банд қилганлар улуши 42,5 фоизни ташкил қилади. Масалан, Европа Иттифоқи мамлакатлари ва АҚШда ўзини ўзи банд қилганлар аҳолига кенг хизмат турларини, 400 дан ортиқ фаолият (тадбиркорлик, ижтимоий, риэлтор, воситачилик, консультатив хизматлар, реклама, чакана савдо ва бошқалар) кўрсатадилар ва Ўзбекистонда ушбу фаолият турларида ўзини ўзи банд қилишнинг имкониятлари ҳали анча кенгдир.

Бизнинг фикримизча, ўзини ўзи банд қилишни инсон ресурсларини бошқариш ва аҳоли бандлигини таъминлашнинг устувор йўналиши сифатида ривожлантириш лозим. Ўзини ўзи банд қилишнинг ёлланма ходимга нисбатан афзалликларини қуйидагиларда кўриш мумкин:

– ўзига раҳбар бўлиш ва ўз иш фаолиятини тўлиқ назорат қилиш ҳамда якуний маҳсулот учун ўз овозига эга бўлиш;

– кўпроқ даромад олиш имкониятига эга бўлиш, фрилансерлар ёлланиб ишлайдиганларга нисбатан кўпроқ пул топадилар ва йўл харажатларини тежаган ҳолда уйда ўтириб, бола парвариши билан ҳам шуғулланиш имконияти пайдо бўлиши;

– ишнинг турли-туманлиги билан баҳраманд бўлиш, доимий ишга мослашиш, ўз маҳоратини ошириш ва янгилаш, ҳар бир янги мижоз билан янги чақириқ, даъват туфайли ижодкор бўлиши ва ўз бизнесини очиши;

– ўзи учун кун тартибини ўрнатиш, белгиланган иш жадвалининг мавжуд эмаслиги ва иш соатларининг мослашувчанлиги;

– ўз мижозларини танлаши ва кимга хизмат кўрсатиш ҳуқуқига тўлиқ эгалик қилиши.

Меҳнат бозорида инклюзивликни таъминлаш, ёшлар, аёллар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг иш билан бандлигига кўмаклашиш мақсадида улар учун алоҳида дастур ва чора-дастурлар қабул қилиниши натижасида аҳолининг ушбу гуруҳларини меҳнат фаолиятига фаол жалб этишга эришилмоқда.

2017-2020 йилларда Ўзбекистон иқтисодиётига 33,3 млрд.долл. хорижий инвестициялар, шу жумладан, 22,7 млрд.долл тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар киритилиши натижасида мамлакатимизда барқарор янги иш ўринларининг яратилиши ва ўсиши кузатилмоқда.

Натижада, 2016 йил 339,4 минг, 2017 йил 389,3 минг, 2018 йил 372,1 минг, 2019 йил 388,5 минг, 2020 йил 427,8 минг янги иш ўринлари яратилган.

Шунингдек, мамлакатимизда меҳнат бозорига кириб келаётган ёшларни иш билан бандлиги масаласининг ўта долзарблигини ҳисобга олган ҳолда, 2021 йил бошидан қишлоқ хўжалиги учун 1 гектардан ер ажратиш орқали уларнинг бандлигини таъминлаш йўлга қўйилди.

COVID-19 пандемиясининг иқтисодиётга салбий таъсирига қарамай, иқтисодиётнинг барқарор фаолият юритиши, аҳолининг даромад манбаи бўлган иш билан бандлигини сақлаб туриш, оммавий ишдан бўшатилишларни олдини олиш, ходимларни масофавий иш усулида бандлигини таъминлаш ва бошқа кенг чора-тадбирлар асосида ишсизлик даражасининг ошиб кетмаслигига эришилди

XXI асрда иқтисодий тараққиёт учун инсон капитали муҳим омил бўлиб, уни ривожлантириш, олий ва профессионал таълимнинг сифатини ошириш ҳар қандай мамлакат олдида турган долзарб вазифа ҳисобланади. Барча етакчи, илғор давлатлар тажрибаси фақат инсон капиталини тўлақонли ривожлантириш орқали иқтисодий ривожланишга эришиш мумкинлигини кўрсатмоқда.

Шу сабабли, 2020 йилда меҳнат бозорини юқори малакали, рақобатбардош мутахассислар билан таъминлаш, профессионал стандартлар, тармоқ малакалар рамкалари ва малака талабларининг ишлаб чиқилиши ҳамда янгилаб борилиши, малака ва билимларни баҳолаш миллий тизимининг халқаро миқёсда тан олинишини таъминлаш мақсадида Касбий малака ва билимларни ривожлантириш бўйича тармоқ ва ҳудудий кенгашлар ташкил этилди.

Аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш ва қайта тайёрлашнинг уч босқичли тизими:

1) банд бўлмаган аҳолига хизмат кўрсатувчи ҳудудий «Ишга марҳамат» мономарказлари;

2) мамлакатнинг барча ҳудудларида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тасарруфида туман ва шаҳар касб-ҳунарга ўқитиш марказлари;

3) маҳалла аҳолисини касб-ҳунарга ўқитиш масканлари ташкил этилди.

Меҳнат бозори, бандлик, демография, меҳнат миграцияси, малака тизими ва касбий стандартларни такомиллаштириш ва меҳнатни муҳофаза қилиш йўналишларида илмий-амалий ишлар, тадқиқотларни амалга ошириш ҳамда эришилган илмий натижаларни амалиётга кенг жорий этиш ва соҳада илмий салоҳиятни ошириш мақсадида, Республика бандлик ва меҳнат муҳофазаси илмий маркази Меҳнат бозори тадқиқотлари институти этиб қайта ташкил этилди.

Жаҳондаги глобаллашув, мамлакатларнинг ўзаро интеграциялашуви меҳнат бозорида ишчи кучининг эркин ҳаракатланиши ва уларнинг ўз меҳнат потенциалидан самарали фойдаланиш имкониятини яратди. 2000 йилдан бошлаб, Ўзбекистондан чет элга меҳнат фаолияти юритиш учун чиқиш доимий хусусиятга айланди ва бу жараёнга анча вақт етарли эътибор қаратилмади.

Мамлакатимизда ишчи кучининг профицити меҳнат бозоридаги вазиятни юмшатиш, иқтисодий ривожланишнинг дастлабки даврида ташқи меҳнат миграциясининг муҳим аҳамиятга эга эканлиги ва ушбу жараёнларни тартибга солиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 июлда “Ўзбекистон Республикасининг ташқи меҳнат миграция тизимини янада ПҚ-3839-сон ва 2020 йил 15 сентябрда такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги “Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4829-сон қарорлари қабул қилинди.

Натижада, хорижда ишлаётган мамлакатмиз фуқароларига нисбатан муносабат тубдан ўзгарди, уларни қўллаб-қувватлаш ҳамда ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар қабул қилинди.

2020 йилда COVID-19 пандемиясига қарамай, меҳнат мигрантлари томонидан Ўзбекистонга 6 млрд. АҚШ доллардан ортиқ пул жўнатмалари ўтказилди ва шундан 4,3 млрд. АҚШ доллар Россия Федерацияси ҳиссасига тўғри келди.

Бундан ташқари меҳнат мигрантлари Қозоғистон Республикаси, Туркия Республикаси, Корея Республикаси ва Европа мамлакатларида меҳнат фаолиятларини амалга ошириб, уларни мамлакатимиз иқтисодиёти учун потенциал инвестор, малакали мутахассис, янги иш жойлари яратувчи тадбиркор сифатида қабул қилиш лозим. Сўровларга кўра, меҳнат мигрантларининг 20 фоизи чет элга ишга кетиш сабаби деб, ўз бизнесини очишга, тадбиркорлик учун дастлабки сармояни жамғариш деб маълум қилган.

Ўзбекистон 2020 йилда WorldSkills International – халқаро нотижорат ассоциациясига аъзо бўлди ва бу стандартлари асосида ишчи касбларни оммалаштириш ва касб малакаларини баҳолаш, касбга тайёрлаш ҳамда жаҳон меҳнат бозорига малакали, профессионал стандартларни олган рақобатбардош ишчи кучини экспорт қилиш имкониятини ва ташқи меҳнат миграциясидан келадиган Россиядан тушумни икки баравардан кўпроқ бўлиши (10 млрд. АҚШ доллари) имконини беради.

Инсон ресурсларининг мамлакат ичида самарали меҳнат мобиллигини таъминлаш аҳолини иш билан бандлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга. Ҳозирги кунда мамлакатимизда вилоятлараро ички меҳнат миграциясининг кўлами иқтисодий фаол аҳолининг 14,1 фоизини 2 млн. киши, (вилоят ичида эса 6,6 фоизини (969 минг кишини) ташкил этиб, уларни расмий бандлиги, ижтимоий ҳимоясини таъминлаш ва қўллаб-қувватлашнинг ташкилий- маъмурий механизмларини яратишни талаб қилади.

Аҳолининг муносиб ва расмий иш билан бандлигини таъминлаш мақсадида “Ўзбекистон Республикасининг 2021-2030 йилларда аҳоли бандлигига кўмаклашиш стратегияси” ишлаб чиқилди. Ушбу стратегияни амалга ошириш натижасида эришиладиган мақсадли кўрсаткич ва индикаторлар 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифалар самарали ва муносиб иш билан бандликни ошириш асосида барқарор ва умумқамровли иқтисодий ўсишга хизмат қилади.

Рақамли иқтисодиётнинг жамият ҳаётига кенг кириб келиши барча соҳаларда меҳнат фаолиятида АКТдан фойдаланиш натижасида “ҳақиқий” ва “виртуал” дунё билан узвий боғланиш шароитида бўлишни тақозо этмоқда. Кенг қамровли уланиш туфайли ҳатто масофа ҳам иш билан бандликни таъминлашда муаммо бўлмай қолди. Рақамли иқтисодиёт нафақат билимга асосланган иқтисодиётни шакллантириш, меҳнат бозорида интеллектуал, юқори малакали, билимли кадрларга бўлган талабнинг ортиши балки, меҳнат муносабатларини расмийлаштиришдаги аҳамияти ва асосларини Ўзбекистонда қабул қилинган қуйидаги ҳужжатларда кўриш мумкин. (3-расм).

3-расм. Рақамли иқтисодиёт шароитида меҳнат муносабатларини расмийлаштириш асослари

Янгиланаётган Ўзбекистоннинг истиқболини белгилаб берувчи ҳужжатларда рақамли ва билимга асосланган иқтисодиётни шакллантириш, юқори малакали кадрларни тайёрлаш, касбий малака ва билимларнинг мослашувчан, изчил ва узлуксиз ривожланишини ҳамда аҳолининг самарали иш билан бандлигини, аҳоли ва давлат органлари ўртасидаги муносабатларни, жумладан меҳнат муносабатларини рақамли электрон платформалар ёрдамида амалга оширишни назарда тутади.

Сўнгги йилларда давлат томонидан қулай бизнес юритиш муҳитини яратиш, солиқ юкини камайтириш ва Ўзбекистоннинг "Doing business” рейтингини яхшилаш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Жумладан, иш берувчилар учун ижтимоий солиқ ставкасини пасайтириш ҳамда жисмоний шахслар учун ижтимоий солиқни бекор қилиш, шахсий даромадларга солиқ солишнинг прогрессив ўлчовидан ягона солиқ ставкасига ўтилди. Ўзини ўзи банд қилган фуқароларга рўйхатдан ўтишнинг соддалаштирилган тартиби жорий этилди ва 68 турдаги меҳнат фаолиятини юритувчи тоифалари учун даромад солиғидан озод қилиниши каби чоралар норасмий меҳнат муносабатларини расмийлаштиришда катта аҳамиятга эга.

Меҳнатга лаёқатли аҳоли сонининг жадал ўсиб бориши яқин истиқболда меҳнат бозорида ишчи кучи таклифининг кескин ўсишини ва аҳоли бандлигини таъминлаш масаласи мамлакат олдида турган энг долзарб муаммога айлантиради. Республикамизда 2020 йилда иш билан банд аҳоли сони 13,2 млн. кишини ва шундан иқтисодиётнинг расмий секторида 5,7 миллион киши (43,3%) ташкил қилган.

Таҳлил натижаларига кўра, республикада 2030 йилга келиб, аҳоли сони 2020 йилга нисбатан 20,7% ёки 7017,9 минг кишига, меҳнат ресурслари 21,9% ёки 4192,1 минг кишига, иш билан банд аҳоли 16% ёки 2125,5 кишига ошиши ва норасмий меҳнат билан бандлар улуши 20%га тушиши кутилмоқда. Бу кўрсаткичлар истиқболлаштириш даврида банд аҳолининг йилига ўртача 1,15%дан ошиши ва кенг қамровли комплекс тадбирларни амалга ошириш натижасида норасмий меҳнат билан бандлар сонининг йилига ўртача 5%га камайиши натижасида рўй беради (4-расм).

4–расм. Ўзбекистонда норасмий меҳнат билан бандликнинг 2021-2030 йиллардаги мақсадли прогноз параметрлари (минг киши)

Меҳнат бозоридаги ҳолат турли омилларга боғлиқ ва авваламбор доим миллий иқтисодиёт ва инсон ресурсларининг рақобатбардош бўлишлигини, хусусий мулкнинг дахлсизлигини ҳимоя қиладиган, таркибий ўзгаришларни қатъий қўллаб–қувватлайдиган, сифатли таълим, солиқ ва ижтимоий таъминотнинг самарали тизимини таклиф қилувчи институционал муҳитни яратишни тақозо этади.

Давлатнинг макроиқтисодий сиёсати иш ўринларини ва қулай бизнес муҳитини яратиш, солиқ ва пенсия тизимининг рағбатлантирувчи, жозибадор шаклини яратиш, ялпи талабни, самарали инвестицияларни ва таркибий иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш, эркин рақобат ва меҳнат бозорида бандлик сиёсатининг фаол тадбирлар тури ва кўламини кенгайтиришга қаратилиши лозим.

Тадқиқот натижалари норасмий меҳнат билан бандликни бутунлай бартараф этиб бўлмаслигини, балки уни иқтисодий хавфсизлик даражасида ушлаб туриш муҳимлиги ҳамда ушбу соҳада давлатнинг самарали механизмларини қўллаш лозимлигини кўрсатмоқда (5–расм).

5-расм. Норасмий меҳнат билан бандлик даражасини камайтириш механизмлари

Юқоридагилар асосида хулоса қилиш мумкинки, рақамли иқтисодиётга ўтиш нафақат давлат бошқарувида, балки янги укладли иқтисодиётнинг шаклланишида, ахборотлашган жамиятнинг пайдо бўлишида ва яширин иқтисодиёт ва аҳолининг норасмий бандлигини камайтиришда муҳим роль ўйнайди.

Норасмий меҳнат билан бандлик даражасини тартибга солиш ва уни иқтисодий хавфсизлик даражасида ушлаб туриш учун уни келтириб чиқарувчи ва сабаб бўлувчи институционал тузилмани такомиллаштириш бўйича қуйидаги йўналишдаги тадбирларни амалга ошириш мақсадга мувофиқ:

  1. Ижтимоий-демографик омилларни мувофиқлаштириш: аҳоли соғлиғини ҳимоя қилиш ва соғлом, юқори малака ва билимли авлодни вояга етказиш мақсадида демографик вазиятни барқарорлаштириш; аёлларнинг меҳнат бозорида гендер тенглигини таъминлаш, уларнинг олий таълим билан қамровини кескин ошириш; инсон капиталини ривожлантириш.
  2. Норасмий меҳнат билан бандлик даражасини камайтиришнинг иқтисодий-молиявий асосларини такомиллаштириш: давлатнинг макроиқтисодий сиёсати иш ўринларини ва қулай бизнес муҳитини яратиш; солиқ сиёсатида бизнес субъектларини, айниқса товар ишлаб чиқарувчиларни рағбатлантирувчи тамойилга асосланган эгилувчан тизимини яратиш; ялпи талабни, самарали инвестицияларни ва таркибий иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш; эркин рақобат ва меҳнат бозорида бандлик сиёсатининг фаол тадбирлар тури ва кўламини кенгайтириш; тадбиркорлик субъектларига кредит ресурсларини тақдим этиш жараёнини соддалаштириш; пенсия тизимини ислоҳ қилиш ва унинг жозибадорлигини таъминлаш; миллий малака тизимини жорий қилиш ва олий таълим билан қамраб олиниш даражасини ошириш.
  3. Қонунчилик-ҳуқуқий асосларни такомиллаштириш: бандлик ва меҳнат муносабатлари соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларини либераллаштириш; иш берувчининг ходим билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш имкониятларини кенгайтириш; яширин иқтисодиёт улушини қисқартиш доирасида норасмий меҳнат билан бандларни легаллаштиришга қаратилган қонунчилик ҳужжатларини ишлаб чиқиш; “норасмийликка” ўтишга ундовчи омилларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича меъёрий–ҳуқуқий ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш.
  4. Маъмурий-ташкилий: қонунчилик инфорсментини таъминлаш; “норасмий”дан кўра, “расмий” меҳнат билан банд бўлишнинг фойдали бўлган шарт-шароитларини яратиш; меҳнат бозори субъектларининг норасмий схемалар бўйича ёллаш, норасмий меҳнатни иқтисодий жиҳатдан фойдали бўлишини бартараф этиш; норасмий меҳнатни ташкил қилган иш берувчиларга нисбатан прогрессив жарималарни қўллаш.
  5. Ҳуқуқий-ахборот: аҳоли орасида коррупция, яширин иқтисодиёт ва норасмий меҳнат билан бандлик ҳақида салбий имижни шакллантириш, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлиги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш; норасмий фаолиятга қарши тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш.

Жаҳон иқтисодиётида рақамли иқтисодиёт моделига ўтиш давлат даражасида ҳам, бизнес тузилмалари даражасида ҳам ижтимоий-иқтисодий муносабатлардаги тубдан янги, сифат жиҳатидан ўзгаришлар билан бирга содир бўлмоқда. Иқтисодий бирликларни рўйхатга олиш ва норасмий бандликни расмийлаштириш муносиб ва самарали иш билан бандлик таъминлашга хизмат қилади.

Тагаев Беҳзод и.ф.н

Меҳнат бозори тадқиқотлари институти

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар