Миллий статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, 2025 йил январь–июнь ойларида ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) 807,9 трлн сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 7,2 % га ошди.
Асосий ташқи савдо ҳамкорлари бўлган давлатларда ижобий тенденциялар сақланмоқда. Қозоғистонда ЯИМ 2025 йил январь–июнь ойлари якунлари бўйича 6,2%ни ташкил этди, Қирғизистонда – 11,7 %, Хитойда – 5,3%, Россия Федерацияси Иқтисодий ривожланиш вазирлиги маълумотларига кўра, Россияда 1,4%га етди.
Инфляция. Истеъмол нархлари индекси 2024 йил декабрь ойига нисбатан 104,2%ни ташкил этди, бу эса нархлар ўсиш суръатлари секинлашаётганини кўрсатади. Озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат товарлари сегментларида нархлар ўртача даражада ўсмоқда, шу билан бирга, хизматлар инфляциянинг асосий драйвери бўлиб қолмоқда ва умумий истеъмол нархлари даражасига энг катта таъсирни кўрсатмоқда.
Инвестиция. Асосий капиталга инвестициялар ҳажми 5,5%га ошиб, 273,4 трлн сўмга етди. Ўтган йил бошидаги юқори ўсиш суръатларига нисбатан секинлашганига қарамасдан, инвестиция фаоллиги барқарор қолмоқда. Инвестиция манбаларида марказлашмаган маблағлар, жумладан корхоналар ва аҳоли маблағлари, шунингдек, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар устунлик қилмоқда.
Ишлаб чиқариш саноати барқарор ўсишни кўрсатмоқда. Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 6,6%га (488,5 триллион сўм), қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалигида 4,0%га (194,9 триллион сўм), қурилиш ишлари ҳажми 10,7%га (137,6 триллион сўм) ўсди.
Хизматлар соҳаси ҳам фаол ўсишни намоён этмоқда: кўрсатилган хизматлар ҳажми 13,3%га ошиб, 458,2 трлн сўмни ташкил этди, чакана савдо айланмаси эса 9,7%га ўсиб, 198,7 трлн сўмга етди. Хизматлар ва савдо соҳасида юқори ўсиш суръатлари аҳоли даромадларининг ортиши, рақамлаштиришнинг давом этиши, онлайн тўловлар ва рақамли сервисларга ўтишнинг ортиши билан изоҳланади, бу эса хизматлар секторини янада динамик қилмоқда.
Ташқи иқтисодий фаолият. Ташқи савдо айланмаси 37 млрд долларга етиб, 16,1%га ошди. Экспорт 16,9 млрд долларни (+29,1 %) ташкил этди, импорт эса 7,0%га ўсиб, 20,1 млрд долларга етди. Экспортнинг тезлашиши хизматлар, хомашё ва энергетика ресурслари етказиб беришнинг ортиши билан боғлиқ.
Умуман олганда, 2025 йилнинг биринчи ярим йиллигида Ўзбекистон иқтисодиёти ишончли тикланиш ва тузилмавий барқарорликни намоён этмоқда. Фаол инвестиция ва ташқи иқтисодий сиёсат, реал секторни қўллаб-қувватлаш ҳамда инфляциявий босимнинг камайиши ижобий макроиқтисодий динамикани таъминламоқда.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими
Изоҳ қолдириш