Ҳоким ёрдамчилари – халқ орасида ("Шована" маҳалласи)

Ҳоким ёрдамчилари – халқ орасида (

– Касбий фаолиятингиз ҳақида қисқача гапириб берсангиз, бу лавозимга қандай келгансиз? Олдин нима иш билан шуғуллангансиз? Қайси кўникмаларингиз сизга юкланган вазифаларни самарали бажаришга ёрдам бермоқда?

– 2023 йил 28 март санасидан бери Қўшработ тумани Шована маҳалласи ҳоким ёрдамчиси бўлиб ишлаб келмоқдаман. Бундан аввал Пайариқ туман ҳокимиятида ишлаганман. Шунингдек, хусусий бухгалтерия марказида ҳам иш тажрибасига эгаман. Айнан бухгалтерия соҳасида ишлаганим бугунги кунда вазифаларни самарали бажаришимда менга катта ёрдам бермоқда. Чунки ҳисоб-китобларнинг тўғри бўлиши ҳар қандай йўналишдаги ишларнинг самарадорлигига ижобий таъсир қилади. Ҳоким ёрдамчиси лавозимига очиқ танлов асосида тест ва суҳбатлардан ўтган ҳолда ишга қабул қилиндим.

– Маҳаллангизнинг жойлашуви, аҳолини иш билан таъминлаш имкониятлари ҳақида тўлиқроқ гапириб берсангиз? 2022 йилда маҳаллабай ишлаш тизими жорий этилганидан буён ўтказилган сўровлар натижасида аҳолининг ижтимоий таркиби ва фаровонлиги бўйича қандай маълумотлар олинди?

– Бизнинг Шована маҳалламиз Қўшработ туманида жойлашган. Маҳалла иқтисодиётининг асосий драйвери узумчилик ҳисобланади ва аҳолининг 90 фоизининг шахсий томорқасида узум мавжуд бўлиб, асосан, узумни қуритиб майиз ҳолига келтирган ҳолда сотиш билан шуғулланади. Шунингдек, катта йўл ёқасида жойлашганлиги сабабли хизмат кўрсатиш соҳаси ҳам яхши ривожланган. Маҳалламизда 4 та умумтаълим мактаби, 1 та давлат ва 3 та оилавий мактабгача таълим муассасаси, 1 та оилавий шифокорлик пункти ва 3 та саноат корхонаси мавжуд.

– Сўровлар давомида аниқланган маълумотларга кўра, маҳаллангиз ривожининг асосий драйвери ва устувор вазифалари нималардан иборат эди? Бу лавозимда ишлаганингизнинг биринчи йилида аҳолининг турмуш шароити ва фаровонлигини ошириш борасида нималарга эришдингиз?

– Юқорида айтиб ўтилганидек, маҳалланинг асосий ривожланиш драйвери узумчилик ҳисобланади. Уй хўжаликларининг 90 фоизида узумзорлар мавжуд. Ишга келган биринчи йилимда аҳолининг турмуш даражасини ошириш учун яна нималар қилиш мумкинлиги борасида бош қотирдим. Ҳудудни ҳар томонлама атрофлича ўрганиш, маҳалла фаоллари билан, шунингдек, тадбиркорлар билан суҳбатлар натижасида маҳаллага тадбиркорликнинг бошқа турларини ҳам олиб кириш мумкинлигига амин бўлдим. Шу мақсадда йўл бўйида хизмат кўрсатиш шохобчаларини ташкил этиш, мавжудларини замонавий кўринишга келтириш учун ҳаракат қилдик. Шунингдек, ҳудудга паррандачиликнинг гўшт йўналиши ва асаларичиликни ҳам олиб кириб, уни ривожлантиришга эришдим.

– 2024 йилдаги фаолиятингиз натижалари, унинг йўналишлари – ишсизларни иш билан таъминлаш, касбга ўқитиш, тадбиркорликни, аҳолининг кам таъминланган қатламини қўллаб-қувватлаш, маҳаллаларни ободонлаштириш бўйича қандай ютуқларга эришилгани ҳақида батафсил гапириб берсангиз. Ўтган йил маҳалла ва ўзингиз учун қилган қайси ишни энг муҳими деб биласиз?

– 2024 йил бизнинг олис Қўшработ туманидаги Шована маҳалламиз аҳолиси ва шахсан менинг фаолиятим учун унутилмас йил бўлди. Чунки, якунига етган йилда маҳалламиз “Обод маҳалла” дастурига киритилиб, оғир ҳудуд тоифасидан чиқариш, инфратузилмани яхшилаш ва аҳоли турмуш даражасини ошириш мақсадида кенг кўламли ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишлари бажарилди. Дастурни амалга ошириш доирасида 1000 га яқин хонадон таъмирланди, 500 та яроқсиз симёғоч темир бетон устунга алмаштирилди. Шунингдек, 18 км электр симлари тортилди, яроқсиз ҳолга келган 4 та трансформатор янгисига алмаштирилиб, 9 таси қайта мукаммал таъмирланди. Маҳалла ўртасидан ўтувчи 4R-55 Митан-Қўшработ-Нурота йўлининг 9-15 километрлари оралиғига янги асфальт қопламалари ётқизилди. Мана шу йўл четларига тунги ёритиш чироқлари ўрнатилди ва пиёдаларнинг хавфсиз ҳаракатланиши учун 4 км пиёдалар йўлаги қурилди. Шунингдек, эски маҳалла биноси ўрнига замонавий шаклда янгиси қад ростлади ва янги кутубхона ташкил этилди. Қурилиш-бунёдкорлик ишлари давомида маҳалладаги оилавий поликлиника, 12 та мактабгача таълим муассасаси, 8, 9, 16, 35-мактаб бинолари таъмирланди. Нуронийлар маскани, тикувчилик хонаси, шунингдек, маҳалла марказида кичик бозорча ташкил этилди.

Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 8 та энг ночор аҳволдаги оиланинг уй-жойлари тўлиқ қайта таъмирланди. 50 нафар кам таъминланган оиланинг ҳар бирига 50 тадан жами 2500 та тухум йўналишига асосланган товуқ ҳомийлар ҳисобидан тарқатилди.

Маҳаллада истиқомат қилувчи аҳолини доимий даромад манбаи билан таъминлаш мақсадида 20 гектар деҳқон хўжалиги ер майдони 40 нафар ишсиз фуқарога деҳқон хўжалиги сифатида берилиб, у ердан 2 та артезиан қудуқ ҳам қазиб берилди ва 40 та оиланинг деҳқончилик билан шуғулланиши учун шароит яратилди. Катта йўл ёқасида 15 та хизмат кўрсатиш ва савдо шохобчаси барпо этилиб, 30 та янги иш ўрни яратилди. Бундан ташқари, 150 нафар фуқарога чорвачилик, паррандачилик, тикувчилик, хизмат кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги, касаначилик ва бошқа соҳалар бўйича жами 3,5 млрд сўм имтиёзли кредит маблағлари берилиб, уларнинг тадбиркорлик фаолиятларини бошлашларида яқиндан ёрдам берилди.

– 2024 йилда ҳоким ўринбосарлари фаолиятига оид қатор қарорлар қабул қилинди. Маҳаллаларнинг рейтинги жорий этилди, якка тартибдаги дастурлар амалиёти жорий этилди, маҳаллаларнинг фаол аъзолари сони 5 нафардан 7 нафарга оширилди, маҳаллаларни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш бўйича кенгашлар ташкил этилди. Ушбу қарорлар муносабати билан маҳаллангизда қандай ишлар амалга оширилди, янги таркибдаги фаолларнинг иши қандай ва бу қарорлар фаолиятингиз самарадорлигига қандай таъсир кўрсатди?

Албатта, бу қарор ва фармонлар маҳаллага бўлган эътиборни янада кучайтирди, шунингдек, ижтимоий ходим ва солиқ инспекторининг қўшилиши натижасида энди аҳоли билан янада индивидуал ишлаш жараёни кучаяди, деб ўйлайман. Ижтимоий ходим орқали маҳалладаги ижтимоий кўмакка муҳтож оилалар ҳолидан хабар олиш, уларга ёрдам бериш имконияти яратилган бўлса, солиқ инспектори қўшилиши натижасида маҳаллий бюджетга тушумлар кўпайиб, янги-янги тадбиркорлик субъектлари барпо бўлиши, легаллаштириш ишлари амалга оширилиши фаолиятимизга ижобий таъсир кўрсатмоқда.

Жорий йилда маҳаллани ривожлантириш бўйича қандай устувор вазифалар белгиланди? Бу йўналишда яна қандай режаларингиз бор? Ҳозиргача нимага эришилди ва келгусида нималар қилиш керак?

– Бу йилги устувор вазифаларимизнинг асосийси – аҳолини камбағалликдан чиқариш, маҳаллани ишсизликдан холи ҳудудга айлантириш ва тадбиркорликни янада ривожлантириш, тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашдан иборат. Бу борадаги белгилаган мақсад-режаларимизни амалга ошириш учун ҳар бир камбағал оила учун индивидуал режа ишлаб чиққанмиз. Мана шу режа асосида бугунги кунда 61 та камбағал оиланинг 10 тасини доимий иш билан таъминладик, яна 12 тасига имтиёзли кредит маблағлари бердик. 5 нафар оила вакилини касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитишга эришдик ва режа асосида ишларни давом эттиряпмиз.

– Ҳоким ёрдамчиси сифатидаги тажрибангизга таянган ҳолда айтинг-чи, маҳаллангизда камбағаллик ҳолатларини келтириб чиқарувчи асосий сабаб ва омиллар нимада? Ҳудудингиз аҳолиси ўртасида камбағаллик даражасини янада самарали камайтириш учун қўшимча нима ишлар қилиш керак?

– Камбағаллик ҳолатларини келтириб чиқарувчи сабаблар бир нечта бўлиб, улардан бири ҳудудимизда деҳқончилик қилиш учун оқар сувнинг мавжуд эмаслигидир. Кўп оилалар ўзлари учун артезиан қудуқлар қазиб олган бўлишига қарамай, бунга ҳамманинг ҳам молиявий имконияти етмайди, шу сабабли экинлар сувсизликдан кутилган ҳосилни бермайди. Кузатувим натижасида камбағалликни келтириб чиқарувчи яна бир муҳим омил – бу айрим инсонларда учрайдиган дангасалик. Ўша камбағал оилага кириб борганингизда уларнинг катта қисми ҳеч қандай иш, фойдали меҳнат қилишга хоҳиши йўқлигини кўришингиз мумкин. Бундай оилаларни камбағалликдан чиқариш учун, авваламбор, уларнинг фикрлаш доирасини ўзгартириш лозим бўлади, чунки ҳаракат қилган инсон бу маҳаллада, бу шароитда камбағал бўлиши мумкин эмас.

– Ҳоким ёрдамчиси сифатида фаолият юритган даврингизда маҳаллангизда тадбиркорликни ривожлантириш борасида амалга оширилган ишлар ҳақида батафсил маълумот берсангиз. Шу вақт ичида нечта янги корхона барпо этилиб, нечта якка тартибдаги тадбиркор иш билан таъминланди? Қандай қўллаб-қувватлаш чоралари ва инновацион усуллар қўлланилди? Муваффақиятли тадбиркорлик ташаббусларига мисоллар келтирсангиз.

– Ишга келган биринчи кунимданоқ тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммоларини ҳал қилишга катта эътибор бериб келяпман. Тадбиркорларга ер керак бўлса ер, кредит керак бўлса кредит, агар фаолиятида бирор бир тўсиққа учраса уни ҳал қилиш чораларини кўриш устида тизимли ишлаяпмиз. Бугунги кунгача 20 дан зиёд янги корхона, 50 га яқин якка тартибдаги тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган фуқароларга ўз фаолиятларини йўлга қўйишда амалий ёрдам кўрсатдик.

Мисол учун, паррандачиликнинг гўшт йўналиши асосида тадбиркорликни йўлга қўйган Шована Олмоси корхонаси энг муваффақиятли тадбиркорлик субъектларимиздан бири ҳисобланиб, бугунги кунда у ерда 8000 дона жўжа боқилмоқда. Ҳар 40-45 кунда тайёр бўлувчи ушбу жўжаларнинг ҳар партиясидан 50-80 млн сўмгача даромад олиш имконияти мавжуд. Қисқача айтганда, маҳалладаги мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланишга ҳаракат қиляпмиз.

– Сизнинг маҳаллангизда тажрибали тадбиркорлар борми ва улар билан қандай ишлаяпсиз? Бунга мисоллар келтира оласизми?

– Бизнинг маҳаллада тажрибали тадбиркорлар анчагина, улардан бири Сартоқчи мармари ХК ҳисобланади. Фаолияти мармар тошлар ишлаб чиқариш бўлган ушбу корхона билан алоқаларимиз жуда яхши. Кўплаб ишсиз фуқароларни у ерга ишга жойлаштирганмиз, шунингдек, кам таъминланганларга ёрдам кўрсатишда ҳам шу корхона ўзининг муносиб ёрдамини бериб келмоқда.

– Хорижда меҳнат қилаётган фуқароларни қўллаб-қувватлаш, уларни Ватанга қайтишга ундаш борасида маҳаллангизда қандай ишлар амалга оширилмоқда? Бу инсонларга ўз бизнесларини бошлаши ва маҳаллий иқтисодиётга муваффақиятли интеграциялашувига ёрдам бериш учун нима ишлар қилинмоқда?

– Шована маҳалласида 84 нафар хорижга ишлаш мақсадида кетган фуқаро мавжуд бўлиб, биз доимий равишда улар билан алоқада бўлиб, гаплашиб турамиз. Бирор муаммо туғилса, уни ҳал қилиш чораларини кўрамиз. Агарда хорижда яхши даромад топмаётганини сезсак, уларни ватанига қайтариб, шу ердан иш топиб беришга ёки тадбиркорлик билан шуғулланишга шароит яратиб берамиз.

– Ҳоким ёрдамчиси сифатида амалий тажрибангиздан келиб чиқиб, Ўзбекистонда ҳоким ёрдамчилари фаолиятини янада такомиллаштириш ва иш самарадорлигини ошириш бўйича қандай таклифлар бера оласиз? Ҳоким ёрдамчиси сифатида сизга қандай ёрдам керак?

– Барча ҳоким ёрдамчилари етарлича қўллаб-қувватланмоқда, керакли имкониятлар берилмоқда. Биз ушбу имкониятлардан унумли фойдаланишимиз ва тинимсиз ўз устимизда ишлашимиз зарур, деб ҳисоблайман. Ҳоким ёрдамчилари тадбиркорлик асосларини чуқур ўзлаштириб олиши зарур, чунки бошқаларни тадбиркорликка жалб этиш ва ўргатиш учун ўзи мукаммал даражада билим ва тажрибага эга бўлиши лозим. Ўз тажрибамдан келиб чиқиб, Ўзбекистонда ҳоким ёрдамчилари фаолиятини янада такомиллаштириш ва иш самарадорлигини кўтариш учун уларнинг дунёқарашини кенгайтириш, фикрлаш даражасини, дунёвий билим ва тажрибасини ошириш лозим деб ўйлайман. Бундан ташқари, иш жараёнида ҳамон қоғозбозлик, ортиқча расмиятчилик ҳолатлари ҳам учраб туради. Бу ҳам иш самарадорлигига таъсир қилмасдан қолмайди. Шунинг учун ортиқча расмиятчиликдан воз кечиш зарур. Ҳоким ёрдамчиларига бугунги кунда ўзига тегишли ва тегишли бўлмаган топшириқлар ҳаддан зиёд кўп, агар иш фаолияти давомида юкламалар аниқ белгилаб берилса, ҳоким ёрдамчиларининг иш самарадорлиги янада ошган бўлар эди.

Бугунги кунда мамлакатимизда коррупциянинг ҳар қандай кўринишига қарши аёвсиз кураш олиб борилмоқда. Сиз ўз фаолиятингизда коррупция ҳолатларига йўл қўймаслик учун нима ишлар қилмоқдасиз?

– Давлатимиз томонидан берилаётган иш ҳақи ва оиламдаги тўкинчилик коррупцияга ҳожат қолдирмайди. Шунингдек, маҳаллабай иш тизими доирасида амалга ошириладиган барча ишлар жамоатчилик олдида, шаффоф тарзда амалга оширилади. Бу ҳам коррупция ҳолатларининг олдини олишда муҳим рол ўйнайди.

– Маҳаллангиз аҳолисининг амалга оширилаётган ислоҳотларга муносабати қанчалик ўзгарди? Яқин келажакда ўз олдингизга қандай янги мақсад ва режалар қўйгансиз?

– Маҳалламизда амалга оширилган кенг кўламли бунёдкорлик ишларидан кейин инсонларнинг давлатга бўлган муносабати ҳам кескин ўзгарди, ҳамманинг кайфияти яхши, давлат идоралари ходимларидан хурсанд. Демак, инсонларга ҳақиқатдан шароит яратиб берилса ва биз қилаётган ишлар кўзга кўринса, улар, албатта, рози бўлар экан. Яқин келажакда ҳам халқимизга шундай хизмат қилишда давом этиб, унинг оғирини енгил қилиш ишларига муносиб ҳисса қўшиш ниятидаман.

Жамолиддин Турдимов, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

"Иқтисодий шарҳ" журнали №6/2025

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар