Самарқанд вилоятидаги “Ишга марҳамат” мономаркази фаолиятини ўрганиш натижалари

Самарқанд вилоятидаги “Ишга марҳамат” мономаркази фаолиятини ўрганиш натижалари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 11 августдаги ПҚ-4804-сонли қарорига асосан Самарқанд вилояти “Ишга марҳамат” мономаркази (кейинги ўринда – “Мономарказ”) фаолияти йўлга қўйилди.

Мономарказ ҳудуди 2,4 гектарни, шундан бино ва иншоотлар майдони 0,13 гектарни ташкил этади. Мономарказда 1 525 нафар ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга ўқитиш имконияти мавжуд. Ҳозирги кунда мономарказда 23 турдаги хизмат кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги, техника, ҳунармандчилик, рақамли технологиялар соҳалари таркибига кирувчи замонавий касблар ва тадбиркорлик бўйича курслар ташкил этилган.

Шу билан бирга, Мономарказ томонидан хорижда ишлаш истагини билдирган ишсиз фуқароларга хорижий корхоналарнинг талабларига мувофиқ хорижда ишлашга оид дастлабки кўникма ва мослашув бўйича тайёрлов ишларини ташкиллаштиради ҳамда ўз мутахассислиги бўйича хорижий тилларга ўқиш таклиф қилинади. 4 та (инглиз, рус, корейс ва немес) хорижий тиллар бўйича қисқа муддатли курслар фаолият юритади. Бунда, меҳнат мигрантлари рўйхатга олиниб, ишсизлик нафақаси тайинлангандан сўнг, улар психологик хизматлардан фойдаланади. Шунингдек, ишсизлар тадбиркорлик фаолияти асослари бўйича қисқа муддатли курсларга ўқитилади. Муассасада жойлашган банк филиалида барча турдаги банк хизматлари кўрсатилади.

Мономарказда ҳозирги кунга қадар жами 2955 нафар битирувчилардан 84,5% битирувчилар бандлиги таъминланган, жумладан 2021 йилда 720 нафар (453 нафар аёл, 267 нафар эркак), 2022-йилда 2235 (1528 нафар аёллар, 707 нафар эркаклар) нафар ишсиз ва банд бўлмаган фуқаролар мономарказда мавжуд касб-ҳунар, хорижий тиллар ва тадбиркорлик сирларига ўқитилган.

Марказда жами ногиронлиги бўлган битирувчилар сони 113 нафар бўлиб, шундан, гапиришида ва эшитишида нуқсони бўлган битирувчилар сони 32 нафарни ташкил қилади.

Шунингдек, 2021 йилда 87 нафар аёллар дафтари, 91 нафар ёшлар дафтари, 39 нафар темир дафтарда рўйхатда турувчи фуқаролар касб-ҳунарга ўқитилди ва 2022 йилда 50 нафар аёллар дафтари, 28 нафар ёшлар дафтари ва 5 нафар темир дафтарда рўйхатда турувчи фуқароларга касб-ҳунар, хорижий тиллар ва тадбиркорлик сирлари ўргатилди.

Бугунги кунда Самарқанд мономарказида мавжуд 23 турдаги касбларда 663 нафар ишсиз фуқаролар ўқитилмоқда, шундан 422 нафари аёллар ва 241 нафар эркакларни ташкил қилади. Шундан 11 нафар аёллар дафтари, 15 нафар ёшлар дафтари ва 2 нафар темир дафтарда рўйхатда турувчи фуқаролар ўқитилмоқда.

Бундан ташқари, ҳозирда ногиронлиги бўлган фуқаролар сони 24 нафарни ташкил қилмоқда. 2022 йилда мономарказда меҳнат бозори талабларидан келиб чиққан ҳолда “Ёш болалар учун энага, тарбиячи-ёрдамчиси”, “1C Бухгалтерияси”, “Қарияларни парваришлар”, “Қишлоқ хўжалиги ишчиси” ва “Кичик меҳр-шавқат ҳамшираси” касблари бўйича янги курслар ташкил этилди. Жорий йилда, “Дастурловчи”, “Автоэлектрик”, “Флористика”, “СММ бўйича мутахассис” каби замонавий касб-ҳунар йўналишларини очиш режалаштирилган.

2023 йил январь ҳолатига кўра Самарқанд вилоятида фаолият юритувчи 200 дан ортиқ энг йирик ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш, қурилиш корхоналари билан ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган ва мономарказ битирувчилари айнан ушбу ҳамкор корхоналарда амалий дарс жараёнларига эга бўлишмоқда ва иш билан таъминланмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 8 июндаги “Ишчи касблар бўйича кадрларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-5140-сонли қарорига мувофиқ, Жаҳон банкининг “Аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш тизимини мустаҳкамлаш” лойиҳаси доирасида 2021-2022 йилларда мономарказда мавжуд касб-ҳунар йўналишлари бўйича 10 дан ортиқ хорижлик малакали мутахассисларни жалб қилган ҳолда амалий дарс жараёнлари ташкил этилган.

Ўрганишлар натижасида соҳада қатор тизимли камчиликлар аниқланди, хусусан, меҳнат мигрантлари бораётган асосий ҳамкор давлатлар билан икки томонлама шартномалар мавжудлигига қарамасдан ишчиларни уюшган ҳолда ёллаш даражаси паст ҳисобланади. Бу йўналишда хорижий давлатлар билан меҳнат миграцияси соҳасида ҳамкорликнинг шартнома-ҳуқуқий асосини янада такомиллаштириш зарур. Амалдаги касб-ҳунарга ўқитиш бўйича дастурлар маҳаллий ва хорижий меҳнат бозорининг талабларига тўлиқ жавоб бермайди ҳамда уларни янгилаш ҳамда ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлашга кўмаклашадиган, меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга тайёрлаш тизимини такомиллаштириш талаб этилади.

Ардашер Муртазаев
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар