“Бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитларини ажратиш орқали аҳолини уй-жой билан таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Фармони (ПФ–6186-сон, 11.03.2021 й.) қабул қилинди.
Фармонга кўра, 2021 йил 1 июндан бошлаб ипотека кредити бўйича дастлабки бадал ва фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар тўлашнинг соддалаштирилган тартиби жорий қилинади.
Унга мувофиқ:
– фуқаролар томонидан субсидия олиш учун аризалар йил давомида топширилиши мумкин;
– субсидия олиш учун мурожаат қилган ариза берувчининг даромадларига у билан бирга яшамаётган яқин қариндошларининг даромадлари ҳам киритилиши мумкин;
– субсидия олиш учун мурожаат қилган ариза берувчидан “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали олиш мумкин бўлган ҳужжатларни (маълумотларни) талаб қилиш ман этилади;
– уй-жой сотиб олиш учун субсидия тақдим этиш тўғрисидаги хабарнома улар берилган вақтдан бошлаб 12 ой давомида амал қилади.
Уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож фуқаролар, шу жумладан, хотин-қизларни ижара ҳуқуқи асосида вақтинчалик жойлаштириш учун уй-жойлар сотиб олинади (1 000 та квартира).
2021 йил 1 июндан Тошкент шаҳрида тажриба тариқасида бошпанасиз, оғир турмуш шароитига тушиб қолган ҳамда “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимида рўйхатга олинган фуқароларга ижара харажатларининг бир қисмини қоплаш учун 6 ой давомида ойлик ижара тўловининг 50 фоизи миқдорида, бироқ БҲМнинг икки ярим бараваридан ошмаган ҳолда ойлик пул компенсациясини тўлаш тартиби жорий қилинади.
Фармонга кўра, ижтимоий ҳамкорликни янада кучайтириш, компенсация, субсидиялар ва давлат томонидан тақдим этиладиган бошқа имтиёзларни адолатли тақсимлаш ҳамда улардан самарали фойдаланиш мақсадида “Халқпарвар” комиссиялари ташкил этилади.
2021 йил 1 майгача аҳолига қулай шаклда маълумотларни тақдим этувчи ипотека бозори веб-портали ишга туширилади.
Изоҳ қолдириш