2021 йил I ярим йиллида жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи тушумлари 8,8 трлн. сўмни ташкил этди

2021 йил I ярим йиллида жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи тушумлари 8,8 трлн. сўмни ташкил этди

Молия вазирлиги 2021 йил I ярим йиллик учун давлат бюджети даромадлар қисмининг дастлабки натижаларини эълон қилди.

Ҳисобот даврида жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи тушумлари 8,8 трлн. сўмни (ўсиш 1,5 трлн. сўм), жумладан иш берувчилар томонидан тўлов манбаида ушлаб қолинадиган солиқ 8,1 трлн. сўмни (ўсиш 1,3 трлн. сўм) ташкил этди.

Тушумларнинг ўсишига қуйидаги омиллар таъсир қилди:

  • ўтган йилнинг II чорагида жорий этилган карантин чекловларининг юмшатилиши;
  • иқтисодий фаолликнинг тикланиши;
  • 2021 йил 1 февралдан бошлаб меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори 10% га ошгани;
  • 2021 йилдан бошлаб бюджет ташкилотлари ходимларини моддий рағбатлантириш тўловлари тиклангани (2020 йилда вақтинча тўхтатиб қўйилган эди).

Қайд этилишича, ҳисобот даврида даромади ошган ходимлар сони кўпайган. Хусусан, май ойида 2−4 млн. сўм олганлар 1,073 млн нафарни (умумий тўловчилар сонидаги салмоғи 21,3% дан 23,1% гача ошган), 4−5,5 млн сўм олганлар 293 минг нафарни (салмоғи 4,7% дан 6,3% гача ошган), 5,5 млн. сўмдан юқори олганлар 387 минг нафарни ташкил қилган (салмоғи 5,8% дан 8,3% гача ошган).

Молия вазирлиги маълумотларига кўра, ойлик маошидан солиқ тўлайдиганлар сони 4,64 млн нафарга етди. Бу 2020 йил май ойига нисбатан (4,1 миллион) 486,6 минг кишига кўпдир.

Шунингдек, 1 млн сўмгача миқдорда ойлик оладиганлар ҳалигача кўпчиликни ташкил этмоқда — 1,778 млн киши ёки иш ҳақидан солиқ тўловчилар умумий сонининг 38,3 фоизи. 1−2 млн сўм иш ҳақи олувчилар сони эса 1,117 млн нафардан кўпроқ (24%). 2−4 млн сўм ойлик оладиганлар сони ўтган йилдаги 887,9 минг (21,3%) кишидан 1,072 млн (23,1%) кишига кўпайди.

4−5,5 млн сўм ва 5,5 млн сўмдан кўп ойлик оладиган солиқ тўловчилар сони ҳам ошган.

Иш ҳақи даражаси динамикаси

Бунда солиқ тўловчилар умумий сонининг қарийб 42% ини аёллар ташкил қилиб, уларнинг жами меҳнатга ҳақ тўлаш фонди 34,7%ни ташкил этди (жорий йилнинг январь-май ойларидаги маълумотларга кўра).

ЖШДС тўловчилари сони 4,6 миллион киши ёки умумий аҳоли (34,8 миллионга яқин) сонининг 13,3, иқтисодий фаол аҳолининг (15 миллион кишига яқин) 30,9 фоизини ташкил этмоқда.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар