75 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда жами 302 та коррупциявий омиллар аниқланган

75 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда жами 302 та коррупциявий омиллар аниқланган

Коррупциянинг олдини олиш ва аҳоли орасида коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш ҳамда коррупцияга қарши курашиш тизимини яратишда инсон омилини қисқартиришга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилиб, қуйидаги йўналишларда коррупцияга қарши курашиш ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш борасида самарали тизим йўлга қўйиб келинмоқда.

Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ахборот хизмати раҳбари Дурдона Очилова маълум қилди:

Биринчидан, давлат органлари ва ташкилотлари томонидан очиқ эълон қилиб бориладиган маълумотларнинг аниқ рўйхати шакллантирилди.

Бунда, давлат органлари фаолиятининг етарли даражада очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш ва жамоатчилик назоратини амалга оширишга етарлича шарт-шароитлар яратиш мақсадида Агентлик томонидан вазирлик ва идораларнинг очиқлик соҳасидаги мажбуриятларга тўлиқ риоя этилиши ҳамда амалдаги қонун ҳужжатларининг ижро ҳолати мунтазам ўрганилиб, мониторинг қилиб бориш тизими йўлга қўйилди.

"Очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотларни эълон қилишда сусткашликка йўл қўйган 72 та давлат органи ва ташкилотларга огоҳлантириш хатлари юборилиб, ушбу камчиликларни бартараф этиш этиш бўйича уларга амалий ёрдам кўрсатилди", дейди Дурдона Очилова.

Иккинчидан, коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари хатловдан ўтказилиб, коррупциявий омиллар ва ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф қилиш чоралари кўриб борилмоқда.

Хусусан, қурилиш, соғлиқни сақлаш, олий таълим ва давлат харидлари соҳаларига оид 226 та амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар коррупцияга қарши экспертизадан ўтказилганида 75 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда жами 302 та коррупциявий омиллар аниқланган.

Ўз навбатида, таҳлиллар уларнинг 124 таси қурилиш, 41 таси соғлиқни сақлаш, 91 таси олий таълим, 46 таси давлат харидлари соҳаларига тўғри келишлигини кўрсатган.

"Аниқланган коррупциявий омилларнинг таҳлили, мазкур ҳужжатларда “норматив ҳуқуқий ҳужжатлар ўртасида зиддиятларнинг мавжудлиги” (86 та), “дискрецион ваколатларнинг кенглиги” (55 та), “маъмурий тартиб-таомилларнинг мавжуд эмаслиги ёки тўлиқ эмаслиги” (27 та) билан боғлиқ коррупциявий омиллар энг кўп учраётганлигини кўрсатди", дея таъкидлади Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ахборот хизмати раҳбари.

Шунга кўра, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардаги коррупциявий омилларни бартараф этиш бўйича қонунчиликка тегишли ўзгартиришлар киритиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилмоқда.

Учинчидан, давлат харидлари соҳасида қонунчиликда коррупциянинг олдини олиш ва ошкораликни таъминлаш бўйича бир қатор ўзгартиришлар киритилди:

- Харид қилиш тартиб-таомиллари иштирокчиси ва унинг аффилланган шахси бир савдода иштирок этиши, харид комиссияси аъзосининг иштирокчилар билан аффилланганлик ҳолатида овоз бериши чекланди;

- Ҳисоб палатаси давлат харидларини аудитдан ўтказиши ва натижаларини ҳар йили Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритиши ҳамда очиқ ахборот манбаларида эълон қилиб бориши белгиланди.

- Молия вазирлиги ва бошқа иштирокчиларга савдо натижалари, қонун бузилиш ҳолатлари ва таҳлилий маълумотларни очиқ ахборот манбаларида эълон қилиб бориш вазифаси юклатилди;

- Махсус ахборот порталида давлат харидларини режалаштириш, харид қилиш тартиб-таомилларини амалга ошириш, шартнома тузиш, давлат харидлари мониторингини олиб бориш ва назорат қилиш жараёнлари тизимлаштирилди;

Давлат харидлари соҳасидани қонунчиликни бузганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланди.

Давлат харидлари ва хўжалик юритувчи субъектлар ўртасидаги шартномавий муносабатларда контрагентларни текшириш амалиётини механизми босқичма-босқич жорий этиб борилмоқда.

Бундан ташқари, келгусида давлат харидлари ижрочисини танлашни тўғридан-тўғри амалга оширишнинг аниқ ҳуқуқий асосларини яратиш ва нормаларни фақат қонун ҳужжатида белгилаш, давлат харидларида манфаатлар тўқнашуви ва аффилланганлик ҳолатлари давлат харидлари махсус ахборот порталида ахборот технологияларини жорий қилиш орқали олдиндан аниқлаш юзасидан технологияларни жорий этишда кўзда тутилмоқда.

Тўртинчидан, бюджет маблағларидан мақсадли фойдаланилиши борасида тизимли мониторинг тадбирлари амалга ошириб келинмоқда.

2021 йилда Агентлик томонидан “Коррупциясиз соҳа”, “Коррупциясиз ҳудуд” лойиҳалари, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида ҳудудлар ва соҳалар кесимида 50 дан ортиқ ўрганишлар ўтказилди.

Ушбу тадбирлар давомида аниқланган коррупция ҳолатлари юзасидан тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим қилиниши орқали жами 49 та жиноят иши ва 24 та маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишлар қўзғатилди.

Ўрганишлар натижасида 500 млрд. сўмга яқин миқдордаги маблағларнинг мақсадсиз фойддаланишининг олди олинди.

Бешинчидан, бюджет харажатларини тартибга солиш бўйича жамоатчилик назоратини амалга ошириш, бюджет қонунчилигининг бузилиши фактлари тўғрисида хабардор қилиш ва бюджет жараёнини такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритиш тартиб-таомилини ташкил этиш мақсадида “Оpenbudget” – “Очиқ бюджет” портали фаолият юритмоқда.

Олтинчидан, яширин иқтисодиёт ҳамда коррупцияга қарши «комплаенс-назорат» тизимини жорий этиш мақсадида барча вазирлик ва идоралар, шунингдек маҳаллий ҳокимликларда коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолияти йўлга қўйилмоқда.

Ходимларнинг коррупцияга қарши курашиш дастури доирасида малакасини ошириш тизими йўлга қўйилди. Шунингдек, аҳоли ва давлат хизматчиларининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги билимларини узлуксиз ошириш тизимини жорий қилиш мақсадида «Коррупцияга қарши курашиш виртуал академия»сини ташкил этиш ҳамда Давлат хизматчиларини коррупцияга қарши миллий сертификациялаш тартибини татбиқ этиш устида иш олиб борилмоқда.

Еттинчидан, коррупцияга қарши курашиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши кескин чоралар кўриш мақсадида “Коррупцияга оид жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган шахсларнинг очиқ электрон реестри тўғрисида”ги, “Охирги бенефициар мулкдорлар ягона давлат реестри тўғрисида”ги, «Давлат хизматчиларининг даромадлари ва мол-мулкини декларация қилиш тўғрисида»ги ҳамда «Манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш тўғрисида»ги қонун лойиҳалари ишлаб чиқилди.

Мазкур ҳужжатларнинг қабул қилиниши ҳамда амалиётга татбиқ этилиши орқали манфаатлар тўқнашуви ҳолатлари ва жиноий даромадларни легаллаштиришнинг олди олинади ва энг асосийси – жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муҳит яратиш кўлами кенгаяди.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар