2024 йилнинг 6 август куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги статистика агентлиги томонидан “Ўзбекистонда норасмий ва яширин иқтисодиётни баҳолаш натижалари” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.
Матбуот анжуманида Статистика агентлиги раҳбари ва ходимлари, Халқаро валюта жамғармаси эксперти, республика вазирлик ва идоралари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Матбуот анжуманида Статистика агентлиги директори Баҳодир Бегалов “Ўзбекистонда норасмий ва яширин иқтисодиётни баҳолаш натижалари” мавзусида тақдимот қилди.
Унда таъкидланганидек, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг янги босқичида сўнгги йилларда миллий статистика соҳасини ривожлантириш ва статистик маълумотлар қамровини кенгайтириш борасида тизимли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йилнинг 30 октябридаги 6098-сонли Фармони ва 2020 йилнинг 3 августидаги 4796-сонли Қарорининг қабул қилиниши Ўзбекистонда норасмий ва яширин иқтисодиётни статистик баҳолашни такомиллаштириш орқали статистик маълумотлар қамровини кенгайтириш, сифати ва ишончлилигини ошириш учун муҳим пойдевор бўлди.
БМТ, Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки, Евростат каби нуфузли халқаро ташкилотлар томонидан ишлаб чиқилган “Миллий ҳисоблар тизими – 2008” халқаро стандартида макроиқтисодий кўрсаткичларни ҳисоблашда ишлаб чиқариш чегаралари доирасидаги барча иқтисодий фаолият турлари, уларнинг рўйхатдан ўтган ёки ўтмаганлиги, қонуний ёки ноқонунийлиги, маълумотлар манбаи мавжуд ёки мавжуд эмаслигидан қатъий назар, қамраб олиниши лозимлиги белгиланган.
Бунда, статистика бўйича халқаро амалиётда “яширин иқтисодиёт” атамаси ўрнида “кузатилмайдиган иқтисодиёт” атамаси қўлланилади ҳамда мазкур атама иқтисодчилар, сиёсатчилар ва ҳукумат вакиллари томонидан қўлланиладиган “хуфиёна иқтисодиёт” ёки “яширин иқтисодиёт” тушунчаларига мос келади.
Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилотининг “Кузатилмайдиган иқтисодиётни баҳолаш бўйича қўлланма”сига асосан “кузатилмайдиган иқтисодиёт” тушунчаси доимий статистик кузатувларда тўлиқ ёки қисман қамраб олинмаган, шунингдек, статистик кўрсаткичларда акс эттиришда билвосита усуллар орқали баҳоланадиган иқтисодий фаолият сифатида таърифланади. Ўз навбатида, кузатилмайдиган иқтисодиёт норасмий, яширин ва ноқонуний иқтисодий фаолият турлари бўйича гуруҳларга ажратилади.
Хусусан, норасмий иқтисодиёт жисмоний шахсларнинг даромад олиш мақсадида (бозор учун) белгиланган тартибда рўйхатдан ўтмаган ҳолда товарлар ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш ҳамда уй хўжаликларининг ўз истеъмоли учун маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича фаолиятларини қамраб олади.
Яширин иқтисодиёт эса солиққа тортилмаслик ёки қонунчиликда белгиланган талабларга (санитария-гигиена, сертификатлаш ва меҳнат шароитлари бўйича талаблар, кичик корхоналарга ходимлар сони бўйича белгиланган меъёрлар ва бошқалар) риоя қилмаслик мақсадида, статистика ҳисоботларида фаолият кўрсаткичларини тўлиқ ёки қисман яшириб кўрсатувчи корхоналар ва ташкилотлар фаолиятини ўз ичига олади.
Шунингдек, яширин иқтисодиётга белгиланган тартибда рўйхатдан ўтмаган ҳолда фаолият юритувчи корхоналар фаолияти ҳам киритилади.
Ноқонуний иқтисодиёт қонун билан таъқиқланган товарлар ва хизматларни ишлаб чиқариш, сотиш ва сақлаш ҳамда тегишли рухсатномасиз амалга ошириладиган ишлаб чиқариш фаолиятини ўз ичига олади. Уларга қурол-яроғ савдоси, гиёҳванд моддалар етиштириш ва сотиш, фоҳишалик, контрабанда ҳамда махсус рухсатномасиз алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқариш, тиббий хизматлар кўрсатиш, браконьерлик ва бошқа фаолият турлари киритилади.
“Респубилкамиздаги яширин иқтисодиёт фаолиятини баҳолаш борасида жаҳон тажрибасини Халқаро валюта жамғармаси эксперти билан биргаликда ўрганиб чиқдик. Кузатилмайдиган иқтисодиётни учта давлатлар турига бўлдик. Биринчиси, бу МДҲ давлатлари. Эътибор берсак МДҲ давлатларида кузатилмайдиган иқтисодиётги улуши ЯИМ маҳсулотдаги Қирғиз Республикасида 29% бўлиб, Озарбайжон Республикасида 48,6%ни ташкил қилмоқда. Европа мамлакатларида, масалан, Швецария давлатида 5,4%ни ташкил қилган бўлса, Испания давлатида 21,3%га тенг бўлмоқда. Бошқа ривожланган мамлакатларга эътибор берадиган бўлсак, АҚШда 5,7%, Саудия Арабистонида 15,1%ни ташкил қилмоқда.
Статистика агентлиги томонидан норасмий иқтисодиётни баҳолашни такомиллаштириш ва яширин иқтисодиётни тарихимизда илк бор статистик баҳолаш бўйича қуйидаги ишлар амалга оширилди. Биринчидан, Статистика агентлиги таркибида яширин иқтисодиётни статистик баҳолашни мувофиқлаштириш бўлими ташкил этилди. Норасмий яширин иқтисодиётнинг ҳажми ва унинг макроиқтисодий кўрсаткичларига таъсирини баҳолашни такомиллаштириш мақсадида Жаҳон банки ва Халқаро валюта жамғармасининг экспертлари кенг жалб қилинди. Улар билан ҳамкорликда ва масъул вазирлик идораларнинг фикр-мулоҳазасини эътиборга олган ҳолда биз кузатилмайдиган иқтисодиётни статистик баҳолаш услубиятини ишлаб чиқдик. Иккинчидан, юридик ва жисмоний шахсларнинг норасмий-яширин фаолиятини ўрганиш бўйича статистик кузатувларни олиб бордик”, деди Статистика агентлиги директори Баҳодир Бегалов.
Агентлик раҳбари шу даврга қадар олиб борган ҳисоб-китобларининг асосий натижалари билан таништирди.
“2023 йилнинг август ойида республикамизнинг 165 та туманида 7 мингдан ортиқ уй хўжаликларида транспорт, яшаш ва овқатланиш, маданият, таълим ва соғлиқни сақлаш хизматларига кетган харажатларни ўрганиш бўйича махсус статистик кузатувларни амалга оширдик.
Мазкур икки кузатувларнинг фарқли томони шундан иборатки, 2020-2021 йилларда ўтказилган кузатувларда асосан юридик ва жисмоний шахсларнинг ишлаб чиқариш фаолияти кузатилган бўлса, 2023 йилнинг август ойида ўтказилган кузатувда эса фақат уй хўжаликларининг харажатлари кузатилди.
Шунингдек, Солиқ қўмитасидан солиқ текширувлари бўйича ва Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигидан норасмий бандлик бўйича маъмурий маълумотлар олинди ва хорижий тажрибалар асосида улар ҳам таҳлил қилинди.
Йиғилган маълумотлар асосида 2017-2023 йиллар учун иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудлар кесимида норасмий ва яширин иқтисодиёт ҳажми ва унинг ЯИМга таъсири статистик баҳоланди.
Олиб борилган ҳисоб-китоблар асосий натижалари билан таништириб ўтадиган бўлсак, амалга оширилган ҳисоб-китоб натижасида кузатилмайдиган иқтисодиёт ўзгариши республикамизда 2023 йил якунлари бўйича ЯИМнинг 27,9%дан 35,5%га ўзгарди. Саноат тармоғида 3,7%дан 9,6%га, қурилиш соҳасида 20,5%дан 41,4%га, хизматлар 27,2%дан 39,2%га ўзгарганини кўриш мумкин.
Ҳисоб-китоблар натижаларига кўра, норасмий ва яширин иқтисодиётда яратилган ялпи қўшилган қиймат ҳажми 2023 йилда 26 трлн сўм қўшимча аниқлик киритган ҳолда баҳоланди ҳамда амалдаги 297,3 трлн сўмдан 422,9 трлн сўмга ошди. Шундан, саноат тармоғида 9,7 трлн сўмдан 26,9 сўмга, қурилишда 12,8 трлн сўмдан 35,2 трлн сўмга, хизматлар соҳасида 119,3 трлн сўмдан 205,3 трлн сўмга баҳоланди.
Ҳисоб-китобларга кўра, кузатилмайдиган иқтисодиётда яратилган ялпи қўшилган қиймат ҳажми норасмий иқтисодиёт 26 трлн сўмга, яширин иқтисодиёт ҳажми 99,6 трлн сўмни ташкил этди. Шундан, саноат тармоғида норасмий иқтисодиёт 4,9 трлн сўмни, яширин иқтисодиёт 12,3 трлн сўмни, қурилишда норасмий иқтисодиёт 14,3 трлн сўмни, яширин иқтисодиёт 8,1 трлн сўмни, хизматлар соҳасида норасмий иқтисодиёт 6,7 трлн сўмни, яширин иқтисодиёт 79,3 трлн сўм ташкил этди.
2023 йилда норасмий ва яширин иқтисодиёт ҳажмининг тармоқлар бўйича тақсимланишига эътибор берадиган бўлсак, унда хизматлар соҳаси 48,5%га тўғри келмоқда, қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги 36,8%, қурилиш 8,3%, саноат 6,4% ташкил қилмоқда.
Амалга оширилган баҳолаш якуни билан Ўзбекистон Республикаси ЯИМ ҳажми 2023 йилда қўшимча 125,6 трлн сўмга ошди ва жами 1 192,2 трлн сўмни ташкил этди. Шунга мос равишда, аҳоли жон бошига ЯИМ ҳажми қўшимча 3,4 млн сўмга ошиб, 32,7 млн сўмга етди”, деди Статистика агентлиги директори Баҳодир Бегалов.
Матбуот анжуманида ОАВлари вакиллари ўзларини қизиқтирган саволлар билан иштирокчиларга юзланди.
Норасмий ва яширин иқтисодиётни баҳолаш бўйича келгусида қандай ишлар амалга оширилиши режалаштириляпти, айтиб ўтилганидек норасмий ва яширин иқтисодиётни баҳолаш ҳисобига ЯИМга 125,6 трлн сўм қўшилди. Бу уни сунъий ошиб кетишига олиб келмайдими, дея берилган ОАВ вакилининг саволни Статистика агентлиги директори қуйидагича жавоблади:
“Халқаро тажрибадан келиб чиққан ҳолда охирги 2-3 йилда амалга оширилган ишларимизни ҳар 5 йилда давом эттирамиз. Бу кузатувларни олиб бориш, саволномаларни, услубиятимизни такомиллаштирамиз ва умуман олганда кузатувларимизни ўтказиш жараёнини ҳам такомиллаштирамиз. Чунки, бу жараён илк бор ўтказилди, маълум бир бўшлиқлар бўлиши мумкин. ЯИМга 125,6 трлн сўм қўшилиши бу ҳеч қандай сунъий ўсишга олиб келмайди.
Кузатилмайдиган иқтисодиётни бутунлай бартараф этса бўладими ёки бу доимий равишда маълум миқдорда қоладими, деган саволга тўхталадиган бўлсам, норасмий ва яширин иқтисодиёт МДҲ мамлакатларида юқорилигини кузатдик. Бу кузатилмайдиган иқтисодиёт ҳамма давлатларда бор. Кузатилмайдиган иқтисодиётни ечими рақамлаштиришда. Кўп соҳани рақамлаштирсак, тармоқлар ва соҳалардаги иқтисодий муносабатларни, олди-сотди жараёнларини рақамлаштирсак кузатилмайдиган иқтисодиёт ҳажми борган сари камайиб боради. Бутунлай бартараф қилиш қийин масала”.
Норасмий ва яширин иқтисодиётни баҳолашда нима учун айнан уй хўжаликлари харажатларини кузатиш усулидан фойдаланилади, дея берилган саволга эса, қуйидаги жавоб берилди:
“Халқаро ташкилотлар томонидан ишлаб чиқилган тавсияларда уй хўжаликлари харажатларини баҳолаш энг оптимал усул ҳисобланади. Яъни, аҳоли ўртасида сўров ўтказилган вақтда улар харажатларини яширмасикка ҳаракат қилади. Барча харажатларини тўлиқ очиб кўрсатиб беради. Шунинг учун мана шу харжатлар билан корхона-ташкилотлар томонидан тақдим этилган ҳисоботлардаги ишлаб чиқариш ҳажмлари ўзаро солиштирилганда, мана шунда норасмий яширин иқтисодиёт ҳажмлари келиб чиқади. Шу усул биринчи навбатда халқаро тавсияларга асосланади, иккинчидан, хорижий давлатларда бу усул жудаям яхши натижа кўрсатган. Шу сабабли ушбу усулдан кўплаб давлатлар фойдаланиб келади ва кўрсаткичларнинг тўғрироқ чиқишиги, шаффофроқ бўлишига ушбу усул ёрдам беради”.
Ноқонуний фаолиятнинг иқтисодиётдаги улуши, шу жумладан макроиқтисодий кўрсаткичлар шаклланишига таъсири аҳамиятсиз даражада кичик бўлиши сабабли, халқаро тажрибада, ноқонуний иқтисодий фаолиятни статистик баҳолаш амалга оширилмайди.
Бундан ташқари, халқаро тажрибада яширин иқтисодиётни баҳолашда эконометрик моделлаштириш усулларидан ҳам кенг фойдаланилади. Улардан энг кенг тарқалгани MIMIC (Multiple Indicators Multiple Cases) модели ҳисобланади.
Амалиётда қўлланиладиган усулларнинг кўплиги, турличалиги, ўзига хослиги яширин иқтисодиёт ҳажмини баҳолашда ягона умумий услубият мавжуд эмаслигидан далолат беради. Шу сабабдан, мамлакатнинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб, турли усулларни умумлаштирган ҳолда фойдаланиш самарали ҳисобланади.
Изоҳ қолдириш