Афғонистон бўйича конференцияда энергетика лойиҳалари тақдим этилди

Афғонистон бўйича конференцияда энергетика лойиҳалари тақдим этилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан жорий йилнинг 25-26 июль кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилган “Афғонистон: хавфсизлик ва иқтисодий ривожланиш” мавзусидаги халқаро конференцияда Ўзбекистон ва Афғонистоннинг энергетика соҳасидаги ҳамкорлиги муҳокама қилинди.

Ўзбекистон энергетика вазири ўринбосари Шерзод Ходжаев “Афғонистонни қайта тиклаш – Афғонистонда мустаҳкам тинчлик асоси” сессияси доирасида бу борадаги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳақида маълумот берди.

Хусусан, Афғонистонда “Сурхон-Пули-Хумри” 500 кВ электр узатиш тармоғини қуриш” инвестиция лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишлар қайд этилди. Мазкур лойиҳани амалга ошириш натижасида Афғонистонга суткалик 24 миллион кВт.соат ёки йилига 6 миллиард кВт.соат электр энергия етказиб бериш имконияти яратилади.

“Сурхон-Пули-Хумри” (Хўжа-Алвон) 500 кВ электр узатиш тармоғининг умумий узунлиги 245,6 км бўлиб, шундан 45 км Ўзбекистон Республикаси ва 200,6 км Афғонистон Ислом Республикаси ҳудудига тўғри келади.

Афғонистондаги “Сурхон-Пули-Хумри” лойиҳасини лойиҳалаш, қуриш ва ишлатиш (ДБО) бўйича шартноманинг умумий қиймати 100,1 миллион долларни ташкил этади.

2020 йил декабрь ойида “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ ва “Da Afghanistan Breshna Sherkat” ўртасида Афғонистонда электр узатиш тармоғини лойиҳалаш, қуриш ва улардан фойдаланиш бўйича шартнома (ДБО) имзоланган эди.

2021 йил июлдан бошлаб Афғонистондаги вазият туфайли лойиҳани амалга ошириш имкони бўлмади.

Ҳозирги вақтда лойиҳа доирасида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида (Сурхон подстанциясидан Афғонистон билан чегарагача 45 км) 500 кВ электр узатиш тармоғи қурилиши якунланди.

Лойиҳа доирасида Афғонистонда қурилиш ишларини бошлаш муддатини 2022 йил 31 августгача узайтиришга келишиб олинди.

“Da Afghanistan Breshna Sherkat” ҳозирда лойиҳа учун Осиё тараққиёт банки томонидан молиялаштирилишини кутмоқда.

Сессияда Афғонистонни ривожлантиришга қаратилган ушбу ва бошқа иқтисодий лойиҳалар муҳокама қилинди.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар