Амерсфорт концлагеридаги 101 нафар ўзбекистонлик асир ҳақида ҳужжатли фильм ишланмоқда

Амерсфорт концлагеридаги 101 нафар ўзбекистонлик асир ҳақида ҳужжатли фильм ишланмоқда

Самарқандда Иккинчи жаҳон уруши даврида юз берган тарихий воқеалар ҳақида ҳикоя қилувчи ҳужжатли киноасарни суратга олиш ишлари бошланди. Бу ҳақда "Ўзбеккино" миллий агентлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Фильм жаҳон уруши вақтида аср тушган 101 нафар ўзбеклар ҳақида

Мазкур фильм 1941 йилда Смоленск остонасида асир тушган ва Нидерландиянинг Амерсфорт концлагерига жўнатилган 101 нафар ўзбек ўғлони ҳақида ҳикоя қилади. Йигитларни нацистларнинг ғоявий раҳнамоларидан бири Геббельснинг шахсий топшириғига биноан, немис аскарлари "ёввойи халқлар" билан қандай курашаётгани ҳақидаги тарғибот фильмини суратга олиш учун тайёрлайди. Гитлернинг Совет Иттифоқини яшин тезлигида босиб олишга қаратилган режаси барбод бўлгач, ушбу асар немис аскарларининг тушкун руҳини кўтариши, рақибларнинг "қанчалик ночор ва инсонийликдан йироқ" эканини кўрсатиши лозим эди.

"Буханка" асрларни бир-бирини ғажиши учун ташланади

Ана шу мақсадда нацистлар 101 нафар ўзбекистонлик асирни танлаб олади ва уларга маълум вақт мобайнида овқат бермайди. Немисларнинг суратга олиш гуруҳи етиб келганида очликдан силласи қуриган ўзбек асирларининг олдига битта "буханка"ни отади. Уларнинг назарида асирлар бир бурда нон учун бир-бирини ғажишга тайёр туриши керак эди. Аммо ҳаммаси бошқача тус олди. Ўзбеклар нонни тенг бўлакларга тақсимлаб, бир-бирига узатади.

Нацистлар бундан ғазабга минади. Асирларни роса тепкилайди, кейин эса отиб ташлайди. Шу тариқа Геббельснинг ваҳшиёна режаси йўққа чиқади.

Лойиҳани Самарқанд вилояти ҳокимлиги молиялаштиради

Амерсфорт лагерида ҳалок бўлган 101 йигит фронтга Самарқанд вилоятидан боргани тахмин қилинади. Шу боис, "Ўзбеккино" Миллий агентлиги томонидан нидерландиялик кинематографлар билан ҳамкорликда амалга оширилаётган ушбу лойиҳа Самарқанд вилояти ҳокимлиги томонидан молиялаштирилмоқда.

Нидерландиялик журналист бу воқеани 20 йилдан бери тадқиқ қилади

Бу тарихий воқеани нидерландиялик журналист Ремко Рейдинг 20 йилдан бери тадқиқ қилиб келади. У айни пайтда Ўзбекистонга келиб, инсонпарварлик ва қаҳрамонликни тасвирловчи ушбу киноасарни суратга олиш жараёнида иштирок этмоқда.

Мазкур ҳужжатли фильм Разика Мергенбаева сценарийси асосида режиссёр Шуҳрат Маҳмудов томонидан суратга олинмоқда.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар

Сўнгги янгиликлар