Андижон вилоятининг 2022 йилнинг биринчи ярим йиллигидаги инвестиция кўрсаткичлари таҳлили

Андижон вилоятининг 2022 йилнинг биринчи ярим йиллигидаги инвестиция кўрсаткичлари таҳлили

Андижон вилоятида 2022 йил январь-июнь ойларида асосий капиталга киритилган инвестициялар ҳажми 6412,5 млрд. сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 135,1% ортгани қайд этилган.

Aсосий капиталга ўзлаштирилган инвестициялар ҳажми бўйича шаҳар ва туманлар кесимида тафовутлар мавжуд бўлиб, асосий капиталга бўлган инвестицияларнинг 50,05 % вилоятдаги 3 ҳудудга тўғри келган. Хусусан, вилоятдаги энг юқори кўрсаткичлар Aндижон шаҳри (1 358,6 млрд.сўм), Aсака (1 137,4 млрд.сўм) ва Олтинкўл (713,2 млрд.сўм) туманларида қайд этилган.

Балиқчи (190,7 млрд.сўм), Пахтаобод (154,0 млрд.сўм), Жалақудуқ (152,3 млрд.сўм), Улуғнор (132,6 млрд.сўм) ва Бўстон (96,6 млрд.сўм) туманларида асосий капиталга бўлган инвестициялар ҳажми паст улушни кўрсатган.

Энг юқори кўрсаткич қайд қилинган Aндижон шаҳрида асосий капиталга ўзлаштирилган инвестициялар ҳажми Бўстон туманига нисбатан 14,1 бараварга кўп эканлиги қайд этилган.

Aндижон вилояти бўйича аҳоли жон бошига асосий капиталга ўзлаштирилган инвестициялар ҳажми 1961,7 минг сўмни ташкил қилган. Aҳоли жон бошига асосий капиталга ўзлаштирилган инвестиция ҳажмининг энг юқори кўрсаткичи Хонобод шаҳрига тўғри келиб, 5061,8 минг сўм (вилоятдаги ўртача кўрсаткичдан 2,6 баравар кўп) ни ташкил этган.

Олтинкўл (3253,3 минг сўм), Хўжаобод (3 591,0 (минг сўм) ва Aсака (3 329,6 минг сўм) туманларида ҳам жон бошига асосий капиталга бўлган инвестициялар ҳажми юқори эканлиги кузатилган. Избоскан (877,8 минг сўм), Жалақудуқ тумани (792,1 минг сўм) ва Пахтаобод (767,3 минг сўм) туманларида эса мазкур кўрсаткичнинг паст даражаси қайд этилган.

2022 йил январь-июнь ойларида вилоятнинг деярли барча шаҳар ва ҳудудларида асосий капиталга ўзлаштирилган инвестициялар ҳажмида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан сезиларли ўсиш кузатилган. Лекин Aндижон ( -1,5 %), Пахтаобод (-16,2%)ва Балиқчи (-25,0%) туманларида асосий капиталга ўзлаштирилган инвестициялар ҳажмида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан пасайган.

Вилоятда асосий капиталга киритилган инвестицияларнинг 45,6% чет эл инвестициялари ҳисобидан, 37,3% корхона ва аҳолининг ўз воситалари ҳисобидан, 8,7% банк кредитлари ва бошқа қарз маблағлари ҳисобидан, 6,1% давлат бюджети ҳисобидан молиялаштирилган.

Нурдинова Шоирахон,
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Наманган филиали бош илмий ходими
Сайфиддинов Самандар, НамДУ 2-курс талабаси

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар