Беҳзод Мусаев нарх-наво ошмаслигини асослаб берди

Беҳзод Мусаев нарх-наво ошмаслигини асослаб берди

Жорий йил 19 март куни “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент фармони имзоланди.

Мазкур ҳужжатда Давлат солиқ қўмитаси томонидан мамлакатда коронавирус (COVID – 19) эпидемиясининг тарқалишига қарши карантин муносабати билан жисмоний шахслар ва корхоналар учун бир қатор солиқ имтиёзлари ва енгилликлар тасдиқланди.

Хусусан, 2020 йил 1 апрелдан 1 октябргача якка тартибдаги тадбиркорлар учун ижтимоий солиқнинг минимал базавий суммаси (223 минг сўм) 50 фоизгача камайтирилди. Бу 239 минг якка тартибдаги тадбиркорга 155 миллиард сўм маблағини тежаш имкониятини беради.

Туман, шаҳар халқ депутатлари Кенгашларига фаолияти тўғридан-тўғри ёки билвосита туризм соҳасига боғлиқ бўлган 3 минг 167 якка тартибдаги тадбиркор учун даромад солиғининг қатъий белгиланган миқдорини 30 фоизга камайтириш тавсия этилди. Шу тариқа бу тадбиркорлар ҳисобида 2,3 миллиард сўм қолади.

Жисмоний шахсларнинг 2019 йил учун жами йиллик даромади тўғрисидаги декларацияни топшириш муддати 2020 йил 1 августгача ҳамда жисмоний шахсларнинг мол-мулк ва ер солиғини тўлаш муддати 2020 йил 15 октябргача узайтирилди.

Жисмоний шахсларнинг мол-мулк ва ер солиқлари бўйича 7,3 миллион фуқарога 2020 йил учун 2 триллион сўм солиқлар ҳисобланган эди. Бу солиқларнинг 15 апрелгача тўланиши керак бўлган 1 триллион сўмга тенг қисми муддати ҳам 15 октябрга қадар узайтирилди.

2020 йил 1 апрелдан хайрия ташкилотларидан моддий наф тарзида олинадиган жисмоний шахсларнинг даромадлари солиқдан озод қилинди. Бу ўртача 28,4 миллиард сўмни ташкил этади.

Жорий йил 1 апрелдан 1 октябргача алкоголь маҳсулотларининг улгуржи савдоси билан шуғулланувчи корхоналарнинг ажратмалари 5 фоиздан 3 фоизга пасайтирилди. Шу билан бирга, умумий овқатланиш корхоналари учун алкоголь маҳсулотларини чакана сотиш ҳуқуқи учун йиғимлар миқдори белгиланган миқдорлардан 25 фоизга камайтирилди. Ушбу имтиёзлардан 7 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъекти фойдаланиб, улар ихтиёрида 17,1 миллиард сўм қолади.

Мазкур ҳужжатга мувофиқ қишлоқ хўжалиги ерларини суғориш учун фойдаланиладиган ҳажмлар бўйича сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари 2020 йилда ўрнатилган ставкалардан 50 фоизга пасайтирилди. Бу имтиёздан 83 мингта фермер хўжалиги фойдаланиб, уларга сув солиғидан белгиланган 300 миллиард сўмлик тўловлар ўрнига 150 миллиард сўм тўлаш ёки ихтиёрида шунча маблағларни тежаб қолиш имкониятини беради. Бу мамлакатимизда келгусида етиштириладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг нархи ошмаслиги учун замин бўлади, албатта.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари тадбиркорлик субъектларига мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқни тўлаш бўйича фоизларни ундирмасдан 6 ойга кечиктириш имкониятини (бўлиб-бўлиб тўлаш) тақдим этди. Бундан 14 минг 828 субъект фойдаланиши мумкин.

Бундан ташқари, баъзи тадбиркорлар товар, турли ускуналар олиш учун чет элдаги ҳамкорларига маблағ йўналтирган, лекин коронавирус билан боғлиқ вазият туфайли маҳсулот ўз вақтида етиб келмаган бўлиши мумкин. Эндиликда Президент фармони билан бундай вазиятда қўлланиладиган молиявий санкциялар бекор қилинади. Бу дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 813 субъектга 717,2 миллиард сўм молиявий жарималар қўлланилмайди, дегани.

Давлат солиқ органлари вақтинча қийинчиликларни бошдан кечираётган хўжалик юритувчи субъектларга мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ бўйича пеняларни ҳисоблашни тўхтатиб туради, шунингдек, солиқ қарзини мажбурий ундириш чоралари кўрилмайди.

Президентимизнинг 2018 йил 27 июлдаги “Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига биноан 2018-2019 йилларда тадбиркорлик субъектларида ҳужжатли текширишларни ўтказмаслик тўғрисида мораторий эълон қилинган эди. Шу мораторий бир йилга – жорий йил якунига қадар узайтирилди. Шунингдек ҳозирги кунда тадбиркорлик субъекти қийинчиликка учраётган бўлса, уларга солиқлар ва асосий тўловларни узайтириш ҳуқуқи берилди. Шу билан бирга ҳеч қандай жарима чоралари қўлланилмайди.

Президентимизнинг топшириғига кўра ҳар бир тадбиркор билан янгича тизим асосида ишлаймиз. Токи тадбиркорлик субъекти бугунги вазиятда бизнес қилишдан қўрқмаслиги, Президент ҳимоясида эканини сезиши керак.

Шунингдек, солиқ органлари солиқ тўловчиларга мажбуриятларини уйларидан чиқмаган ҳолда бажаришлари учун масофадан туриб хизмат кўрсатишни кўпайтирмоқда. Мавжуд 45 та интерактив хизматнинг зудлик билан мобиль иловалари яратилди ва солиқ ҳисоботларини топширишдан тортиб, тўловларни амалга оширишгача имконият мавжуд.

Бугунги оғир шароитда давлат ўқитувчилар, тиббиёт ходимлари, мактабгача тарбия, ички ишлар ва бошқа давлат идоралари ходимларининг ўз вақтида маошларини тўлаб бериши, нафақалар ҳамда пенсия тўловларини амалга ошириши учун солиқ тушумларининг ўрни катта ва фуқароларимиз, тадбиркорларимизни уйидан туриб, яратилган қулайликлардан фойдаланган ҳолда солиқ мажбуриятларини вақтида бажаришга чақириб қоламиз.

Беҳзод МУСАЕВ,

Ўзбекистон Республикаси

Давлат солиқ қўмитаси раиси

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар