Бандлик ва камбағалликни қисқартириш бўйича вазифалар
Камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлашга бағишланган йиғилишда 2026 йилда амалга ошириладиган асосий вазифалар белгиланган. Унга мувофиқ жорий йилда тегишли вазирлар, ҳокимлар, банк раҳбарлари маҳалла “еттилиги” билан биргаликда республика бўйича 1 млн аҳолини доимий иш билан таъминлаш, 181 минг оилани камбағалликдан чиқариш, камбағалликдан холи маҳаллалар сонини 2,5 баробар ошириб 3,5 мингтага етказиш ҳамда ишсизлик ва камбағаллик даражасини 4,5 фоизга тушириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш белгиланган.
Самарқанд вилоятида мазкур вазифалар доирасида 97 минг нафар аҳолини доимий иш билан таъминлаш, 22 минг оилани камбағалликдан чиқариш ҳамда камбағалликдан холи маҳаллалар сонини 387 тага етказиш режалаштирилган.
Тадбиркорликни ривожлантириш учун молиявий ресурслар
Белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида зарур молиявий ресурслар ажратилиши белгиланган. Хусусан, маҳаллаларда кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш учун 140 трлн сўм миқдорида кредит ажратилиши белгиланган. 2025 йилда мазкур кўрсаткич 130 трлн сўмни ташкил этган.
“Оилавий тадбиркорлик” дастурлари доирасида 5,6 трлн сўм ресурс йўналтирилиши режалаштирилган. Жумладан, импорт қилинган ва сертификатли насли чорва моллари ҳамда туячиликни ривожлантириш учун 100 млн сўмгача, уй меҳмонхонаси ташкил этиш, кичик ҳажмли музлаткич, маҳсулотни сақлаш ва қайта ишлаш мини технологияси учун 150 млн сўмгача гаровсиз кредит ажратиш назарда тутилган.
Шунингдек, чегара ва анклав ҳудудида жойлашган 563 та маҳалла фуқаролар йиғинида тадбиркорлик лойиҳалари учун кредит миқдори 1 млрд сўмгача оширилади. Айни пайтда бу кўрсаткич 300 млн сўмни ташкил этмоқда.
“Маҳалла еттилиги” институти фаолиятини қўллаб-қувватлаш
“Маҳалла еттилиги” институтининг самарали фаолият кўрсатиши учун зарур шарт-шароитлар яратилмоқда. Жойларда ўтказилган ўрганишларга кўра, ҳоким ёрдамчилари томонидан оилавий тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш учун ажратиладиган 33 млн сўм кредит миқдори камлиги таъкидланган. Шу муносабат билан жорий йилдан бошлаб Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасида ажратиладиган кредитларнинг энг кўп миқдори 50 млн сўмга оширилди. Бу маҳаллаларда тадбиркорлик муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Шунингдек, республиканинг чегара ва анклав ҳудудларидаги тадбиркорлик лойиҳалари учун ажратиладиган кредитлар миқдори 3 баробарга оширилиб, 1 млрд сўмгача етказилди.
“Оғир” туманларда тадбиркорликни ривожлантириш
Самарқанд вилоятидаги “маҳалла еттилиги” фаолияти самарадорлиги таҳлил қилинганда, “оғир” туманлар сирасига кирган Қўшработ ва Пахтачи туманларидаги маҳаллаларда оилавий тадбиркорликни янада ривожлантириш учун имтиёзли шартларда кредитлар ажратиш таклифлари билдирилган.
Ўтказилган таҳлилларга кўра, Қўшработ туманида тадбиркорликнинг яшовчанлик даражаси 57,5 фоизни ташкил этиб, муаммоли кредитлар улуши 3,9 фоизни ташкил этган. Пахтачи туманида эса тадбиркорликнинг яшовчанлик даражаси 65,5 фоиз бўлиб, муаммоли кредитлар улуши 2,9 фоизни ташкил этган.
Эндиликда республикадаги 37 та “оғир” туманларда оилавий тадбиркорлик фаолияти учун 5,5 фоизга пасайтирилган ҳолда 12 фоиз ставкасида кредитлар ажратилиши режалаштирилмоқда.
Муаммоли кредитлар бўйича янги рағбатлантириш тизими
Оилавий тадбиркорлик дастури бўйича муаммоли кредитларни ундириш жараёнида янги тизим жорий этилмоқда. Унга кўра, ҳоким ёрдамчилари томонидан 2022 йилгача ажратилган муаммоли кредитлар ундирилганда қайтарилган сумманинг 20 фоизи, кейинги йилларда ажратилган кредитлар бўйича эса 10 фоизи бонус сифатида қайтариб берилиши амалиёти йўлга қўйилади.
Амалга оширилаётган мазкур чора-тадбирлар оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва оилалар даромадини оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Камолидддин Нурмуродов
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Изоҳ қолдириш