Февраль ойи якунларига кўра, барча турдаги автотранспорт воситалари савдосининг умумий ҳажми 84,2 минг донани ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 6,4 фоизга ошди.
Автомобил бозоридаги фаоллик ўтган ойга нисбатан ҳам ижобий динамикани намоён этди. Савдо ҳажми 2 фоизга ўсди, бу эса январь ойига нисбатан тахминан 1,6 минг донага кўпайганини англатади.
Энг катта ўсиш Самарқанд вилоятида кузатилиб, бу ерда савдо ҳажми 65 фоизга ошди. Шунингдек, фаоллик Сирдарё вилоятида – 7,2 фоизга, Тошкент вилоятида эса 12 фоизга ўсди.
Янги автомобиллар сегменти
2026 йил февраль ойида маҳаллий ишлаб чиқарилган янги автомобиллар савдоси тахминан 24 минг донани ташкил этиб, жорий йилнинг январь ойи даражасига мос келди. Шу билан бирга, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан савдо ҳажми 10,7 фоизга ошди.
Хорижда ишлаб чиқарилган янги автомобиллар сегментида эса янада юқори ўсиш суръати қайд этилди. Савдо ҳажми ўтган йилнинг февраль ойига нисбатан 1,5 баробарга ошиб, тахминан 3 минг донани ташкил этди.
Электромобиллар сегменти
Енгил электромобиллар сегментида фаоллик барқарор ўсишни давом эттирмоқда. Февраль ойида савдо ҳажми 6,9 минг донани ташкил этиб, бу ўтган ойга нисбатан 14 фоизга кўп демакдир.
Йиллик ҳисобда электромобиллар савдоси 1,5 баробарга ошди. Бу эса ушбу бозор сегментининг изчил кенгайиб бораётганини кўрсатади.

Ҳудудий тақсимот шуни кўрсатадики, электромобиллар савдосининг асосий қисми Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келади. Февраль ойида пойтахтда тахминан 4,5 мингта электромобил сотилган бўлиб, бу ушбу сегментдаги умумий савдо ҳажмининг қарийб 65 фоизини ташкил этади.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими
Изоҳ қолдириш