Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Қорақалпоғистон Республикасида маҳаллаларда камбағаллик ва ишсизликни қисқартириш ҳамда ҳудудларни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар самарасини таҳлил қилди. Натижалар ҳудуд иқтисодиётида барқарор ўсиш ва аҳоли бандлигида ижобий ўзгаришлар кузатилаётганини кўрсатмоқда.
Бугунги кунда Ўзбекистон Республикасининг барча ҳудудларида, жумладан Қорақалпоғистон Республикасида маҳаллаларда камбағаллик ва ишсизликни қисқартириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ҳамда оғир туманларни жадал ривожлантириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Олиб борилаётган чора-тадбирлар натижасида 2025 йилда Қорақалпоғистон иқтисодиётида барқарор ўсиш суръатлари кузатилди. Жумладан, ялпи ҳудудий маҳсулот ўтган йилга нисбатан 7,2 фоизга ўсиб, 54,1 трлн сўмга етди. Аҳоли жон бошига ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 26,5 млн сўмни ташкил этди. Шунингдек, ҳудуд иқтисодиётига жалб этилган инвестициялар 27 трлн сўмга, экспорт ҳажми эса 435,2 млн долларга етди.
Иқтисодий ўсишнинг ижтимоий самараси ҳам сезиларли бўлди. 176 минг нафар аҳоли учун даромад манбаи яратилди, натижада ишсизлик даражаси 5,8 фоиздан 5 фоизга туширилди. Шу билан бирга, 110,3 минг нафар аҳоли камбағалликдан чиқарилиб, камбағаллик даражаси 2025 йил бошидаги 10,8 фоиздан 6,6 фоизга туширилди. Натижада 27 та маҳалла “камбағалликдан ҳоли” ҳудудга айлантирилди.
Ушбу натижаларга эришишда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан амалга оширилган таҳлилий ишлар ҳам муҳим аҳамият касб этди. Хусусан, 2024–2025 йилларда Марказ томонидан Қорақалпоғистон Республикасининг шаҳар ва туманларида мавжуд иқтисодий захира ва имкониятлар ўрганилиб, қўшилган қиймат занжирини шакллантириш бўйича таҳлиллар олиб борилди ва 60 дан ортиқ асосли таклифлар ишлаб чиқилди.
Ушбу таклифларга мувофиқ, шаҳар ва туманларда озиқ-овқат, тўқимачилик, қурилиш материаллари ва кимё саноати, хизмат кўрсатиш ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳаларида қатор лойиҳалар ишга туширилмоқда.
Шу билан бирга, 2026 йил – “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” доирасида Қорақалпоғистон Республикасида аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш бўйича аниқ вазифалар белгиланган.
Жумладан, жорий йилда 45 минга яқин фуқаронинг бандлигини таъминлаш, 7 639 та оиладаги қарийб 33 минг нафар аҳолини камбағалликдан чиқариш ҳамда 164 та маҳаллани “камбағалликдан ҳоли” ҳудудга айлантириш режалаштирилган. Бу эса республикадаги 452 та маҳалланинг 36,3 фоизини ташкил этади.
Мазкур чора-тадбирлар натижасида ишсизлик даражасини 5 фоиздан 4,6 фоизга, камбағаллик даражасини эса 6,6 фоиздан 3,2 фоизгача қисқартириш кўзда тутилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, 20 та мезон асосида Қорақалпоғистон Республикаси бўйича 4 та туман — Бўзатов, Қонликўл, Мўйноқ ва Шуманай алоҳида эътибор талаб этувчи ҳудудлар сифатида белгиланган.
Ушбу туманларни жадал ривожлантириш мақсадида қатор иқтисодий лойиҳалар амалга оширилиши режалаштирилган. Жумладан:
- жами қиймати 571 млрд сўмлик 31 та саноат лойиҳаси ишга туширилади;
- кичик саноат зоналарида бўш турган 4 гектар майдонда 14 та лойиҳа амалга оширилади;
- 1000 гектар майдонда саноатлашган плантациялар ташкил этилади;
- маҳаллаларда 100 га яқин савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари ишга туширилади.
Шунингдек, Қўнғирот ва Чимбой туманларида “Янги Ўзбекистон” қиёфасини шакллантириш бўйича инфратузилмавий ва шаҳарсозлик лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилган.
Муҳим жиҳати шундаки, мазкур ҳудудлар ижтимоий ёрдам объекти сифатида эмас, балки иқтисодий трансформация нуқталари сифатида қаралмоқда. Ҳар бир туман ва маҳалланинг аграр, саноат, хизмат кўрсатиш ёки логистика соҳасидаги солиштирма устунликлари аниқланиб, шу асосда уларнинг индивидуал ривожланиш йўналишлари белгилаб берилмоқда.
Бундай ёндашув ҳар бир ҳудуднинг ички иқтисодий салоҳиятидан самарали фойдаланиш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Юсуп Жумабаев
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Изоҳ қолдириш