ДСҚ: Бозорлардаги маҳсулотларга тақчиллик бўлмайди, нархлар ҳам кўтарилмайди

ДСҚ: Бозорлардаги маҳсулотларга тақчиллик бўлмайди, нархлар ҳам кўтарилмайди

Мамлакатимизда коронавирус пандемияси натижасида карантин эълон қилинганлиги муносабати билан Давлат солиқ қўмитаси, Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент билан ҳамкорликда озиқ-овқат ва зарур тиббий воситалар нархларини қатъий назоратга олди.

Ҳар бир туман (шаҳар) солиқ инспекциялари (ДСИ), вилоят солиқ бошқармалари (ДСБ) ва Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси (ДСҚ) Марказий аппартида махсус ишчи гуруҳлар ташкил этилди.

Барча йирик савдо марказлари, бозорлар, товар ишлаб чиқарувчилар, улгуржи етказиб берувчилар ва дорихоналарнинг батафсил рўйхати тузилиб, ҳар бирига давлат солиқ хизмати органларининг масъул ходимлари бириктирилди. Улар нархлар барқарорлиги сақланишини диққат билан назорат қилиб бормоқда.

Шунингдек, ДСҚ раҳбарияти ва унинг барча ўринбосарлари 16 март куни маҳсулотларга талаб ва таклифни ўрганиш ҳамда нархлар барқарорлигини сақлашни назоратга олиш учун пойтахтимиздаги бозор ва йирик савдо марказларига борди.

Тадбиркорлик субъектлари томонидан сотилаётган маҳсулотлар нархини кўтармаслик ва бозорларда нархлар барқарорлигини сақлаш тўғрисида давлат солиқ хизмати органларига кафолат хатлари берилмоқда.

Ҳозирда Давлат солиқ қўмитасининг “Ишонч телефони” (71 244-98-98) ва қисқа 1198 рақамли Сall-маркази ишлаб турибди. Мурожаатлар сони кўплиги сабабли бугунги кунда “Ишонч телефони” операторлари сони 7 тага, Сall-маркази операторлари эса 20 нафаргача оширилди.

Мамлакатда карантин эълон қилинганидан сўнг 16 март куни соат 13:00 ҳолатига ДСҚ ишонч телефони ва Сall-марказига фуқаролар томонидан нархларнинг асоссиз кўтарилиши тўғрисида 247 та мурожаат келиб тушди. Уларнинг 80 фоизи тезда ижобий ҳал қилинди. Қолган 20 фоизи юзасидан профилактика чоралари кўриляпти. Қўнғироқлар келиши давом этмоқда.

"Барча ватандошларга эслатиб ўтамиз, тинчликни сақланг, мамлакатда озиқ-овқат захираси етарли. Ҳар бир савдо нуқтасида давлат солиқ хизмати ходимлари нархларни қатъий кузатиб бормоқда", дейилади хабарда.

Aгар сиз зарур бўлган маҳсулотлар нархининг асоссиз кўтарилганига гувоҳ бўлсангиз ДСҚнинг (71) 244-98-98 рақамли “ишонч телефони” ёки Сall-марказининг қисқа 1198 рақамига қўнғироқ қилишингизни сўраймиз.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар