Энергетика вазирлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, Президент ва Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорларига мувофиқ мамлакатимизда иқтисодиётни либераллаштириш ва маъмурий тартибга солишни қисқартириш, товарлар ва хизматлар бозорларида самарали рақобат муҳитини яратиш ҳамда нархларни бозор тамойиллари асосида шакллантиришга босқичма-босқич ўтиш бўйича қабул қилинаётган изчил чоралар натижасида:
Автомобиль бензини чакана нархларини давлат томонидан тартибга солиш бекор қилинди ва ушбу маҳсулотларни нефтни қайта ишлаш заводлари томонидан сотиш фақат биржа савдолари орқали амалга оширилиши белгиланди.
Жумладан:
– 2017 йил 15 ноябрдан бошлаб Аи-92, Аи-93, Аи-95 ва Аи-98 маркали;
– 2019 йил 15 августдан бошлаб Аи-91 маркали;
– 2020 йил 1 майдан бошлаб Аи-80 маркали.
Мазкур автобензин нархларини Ҳукумат қарорлари билан белгилаш амалиётидан воз кечилди. Натижада соғлом рақобат муҳити шаклланди ва истеъмолчиларга мақбул нархларда сифатли маҳсулотлар етказиб бериш йўлга қўйилди.
Республикада Бухоро нефтни қайта ишлаш заводидан ташқари биржа савдоларида 10 дан ортиқ сотувчилар автобензин маҳсулотини таклиф этмоқда.
Ҳозирда автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларида (АЁҚШ) маҳаллий нефть маҳсулотлари билан бир қаторда импорт қилинаётган автобензинларнинг ички бозорда реализацияси тобора ортиб бормоқда.
Шу билан бирга, аҳоли қатламини ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан ишлаб чиқарилаётган автобензиннинг асосий қисми, яъни 78 фоизидан ортиғи Аи-80 маркали автобензини ҳисобланади.
Жаҳонда нефтнинг котировкаси 15-20 фоизга ошишига қарамасдан “Ўзбекнефтгаз” АЖ Аи-80 автобензиннинг нархини маҳсулотни ички бозорга катта ҳажмда реализация (интервенция) қилиш ҳисобига бир маромда ушлаб турилмоқда.
Таҳлиларга кўра, бугунги кунда Brent маркали нефтнинг жаҳон биржаларидаги котировка нархлари ошиб, 1 баррели учун 80-81 АҚШ долларни ташкил этган бир вақтда, АЁҚШ ларда 1 литр асосий ишлаб чиқариладиган Аи-80 автобензини 5 800 – 6 100 сўм чакана нархларда сотилмоқда.
Маълумот учун: 1 баррель = 80 АҚШ доллар бўлганда, 1 литр юқори октанли (91-95) автобензини ўртача 8 900 сўмни ташкил қилади.
Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, бозор тамойилларига ўтиш юзасидан қабул қилинган қатор қарорлар ўз самарасини кўрсатмоқда ҳамда республикада автобензин тақчиллиги муаммоси ҳал этилишига ва ички бозорни тайёр нефть маҳсулотлари билан таъминлашга эришилмоқда.
Шу билан бирга, Аи-91, Аи-92, Аи-95 маркали автобензинларнинг асосий ҳажми импорт хом ашёсидан ишлаб чиқарилади ёки тайёр ҳолда бозор конъюнктурасидан келиб чиқиб жаҳон котировкаларига боғланган ҳолда импорт қилинади. Шунинг ҳисобига ушбу маркали автобензинларнинг нархи бозор иқтисодиёти тамойиллари ҳамда жаҳон котировкаларига боғланган ҳолда эркин шакллантирилади.
Изоҳ қолдириш