Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази маълумотларига кўра, 2025 йил июль ойида Ўзбекистон автомобиль бозорида савдолар сезиларли даражада ошган.
Сотилган автотранспорт воситалари ҳажми 116,8 минг дона бўлиб, бу жорий йил июнь ойига нисбатан 27 фоизга кўп ва 2024 йил январидан бери (144,5 минг дона) энг юқори кўрсаткичдир. Бундай динамика мавсумий пасайиш давридан кейин бозор фаоллигининг тикланишини кўрсатади.
Енгил автомобиллар бозоридаги вазият
Енгил автомобиллар сегментида июль ойида савдо ҳажми сезиларли даражада ошди. Бу ҳолат истеъмолчилар фаоллигининг тикланиши ва талабнинг ҳудудлар бўйича диверсификацияланганини кўрсатади. Енгил автомобилларнинг умумий савдоси деярли 100 000 донани ташкил этди, бу ўтган ойга нисбатан 25 фоизга кўп.
Энг юқори ижобий динамика Тошкент (ўсиш 51 фоиз), Наманган (49 фоиз) ва Хоразм (40 фоиз) вилоятларида қайд этилди.
Таққослаш учун, июнь ойида енгил автомобиллар савдоси ҳажми 3 % га ошган бўлса, июлдаги ўсиш суръатлари сезиларли тезлашганини кўрсатмоқда.
Бирламчи автомобиль бозоридаги вазият
Июль ойида янги енгил автомобиллар сегментида фаоллик сезиларли ошди. Енгил автомобиллар умумий савдоси июнь ойига нисбатан 38,2% га кўпайиб, 38,4 минг дона бўлди.
Маҳаллий ишлаб чиқарилган янги енгил автомобиллар етакчи позицияни сақлаб қолди ва 38,6 фоиз ўсиш билан 32,9 минг дона сотув ҳажмига эришди.
Хорижда ишлаб чиқарилган янги енгил автомобиллар савдоси ҳам ижобий динамикани кўрсатиб, 5,4 минг донани ташкил этди, бу июнь ойидаги кўрсаткичдан 35,8 фоизга юқори.
Иккиламчи автомобил бозори нисбатан барқарорликни кўрсатди
Июль ойида енгил автомобиллар бозорининг иккиламчи сегменти фаолликнинг сезиларли ошишини кўрсатди. Савдо ҳажми 61,5 минг донани ташкил этди, бу июнь ойига нисбатан 18 фоизга кўпдир.
Таққослаш учун, июнь ойида савдо ҳажми май ойига нисбатан 0,4 фоизга кам бўлган. Шу боис, июль ойидаги кескин ўсиш ушбу сегментда умумий фаоллашувни акс эттиради.
Электромобиллар бозоридаги вазият
Июнь ойида енгил электромобиллар савдосининг ўсиш суръати май ойига нисбатан 1,7 фоизга пасайган бўлса, июль ойида бозор тез суръатларда ўсишни кўрсатди. Савдо ҳажми рекорд даражадаги 6,5 минг донани ташкил этди, бу аввалги ойга нисбатан 28,2 фоизга кўпдир.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Изоҳ қолдириш