Ушбу даврда Бухоро вилоят ЯҲМ ҳажми 38 742,4 млрд. сўмни ташкил этган ҳолда ўтган йилги мос даврга нисбатан 6,2%га ўсган, шунингдек, ЯИМ таркибида вилоятнинг ҳиссаси 5,3%ни ташкил этган. Аҳоли жон бошига тўғри келадиган ЯҲМ ҳажми эса 19 746,4 минг сўмни ташкил қилиб, 4,8% га ошган.
ЯҲМ таркибида саноат улуши қурилишни қўшган ҳолда 25,3% (2020 йилда 25,0%), қишлоқ хўжалиги улуши 45,0% (2020 йилда 46,0%) ва хизмат кўрсатиш улуши 29,7%ни (2020 йилда 29,0%) ташкил қилган.
Саноат
Вилоятда ўтган йили ишлаб чиқарилган саноат маҳсулотлари 20 826,9 млрд. сўмни ташкил этиб, 2020 йилга нисбатан 0,1% га ошган. Вилоятда ишлаб чиқарилган саноат маҳсулотларининг республика саноатидаги улуши 4,6% ни ташкил қилган. Аҳоли жон бошига тўғри келадиган саноат маҳсулотлари ҳажми 10 615,2 минг.сўмни ташкил этиб, 2020 йилга нисбатан 98,8% ўсиш кузатилган.
Асосий капиталга инвестициялар ҳажми 18 995,6 млрд. сўмни ташкил этиб, 2020 йилга нисбатан 36,4%га ўсиш қайд этилди.
Истеъмол товарлари
Вилоятда 8 677,6 млрд. сўмлик истеъмол товарлари ишлаб чиқарилган бўлиб, 2020 йилга нисбатан 20,2%га пасайган. Республика истеъмол товарларида вилоятнинг улуши 5,7%ни ташкил қилган.
Қишлоқ хўжалиги
Бухоро вилояти 2021 йилда Республика қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг 9,2 %ини етиштирган бўлиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажми 29 150,0 млрд. сўмни ташкил этган. Бу кўрсаткич 2020 йилга нисбатан 3,7%га ошган. Аҳоли жон бошига тўғри келадиган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ҳажми 14 857,4 минг сўмни ташкил этиб, 2020 йилга нисбатан 2,3%га ўсиш кузатилган.
Қурилиш ишлари
Вилоятда ташкил этилган қурилиш ишлари ҳажми 7 371,2 млрд. сўмга етиб, 2020 йилга нисбатан 11,4% га ошган. Вилоятда қурилиш ишлари ҳажмининг республика кўрсаткичидаги улуши 6,9%ни ташкил қилган.
Чакана савдо
Вилоятда ўтган йилда чакана савдо ҳажми 14 378,9 млрд. сўмни ташкил этиб, 2020 йилга нисбатан 7,6%га ошган. Чакана савдо товар айланмасининг 88,7%и кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари томонидан амалга оширилган. Ушбу кўрсаткич 2020 йил мос даврига нисбатан 11,3%га ўсган.
Хизмат кўрсатиш
Бухоро вилоятида кўрсатилган бозор хизматлари ҳажми 12 722,2 млрд. сўмни ташкил этиб, 2020 йилга нисбатан 19,4%га ошган. Аҳоли жон бошига тўғри келадиган кўрсатилган бозор хизматлари ҳажми 6 484,3 минг сўмни ташкил қилган ҳолда, 2020 йилга нисбатан 17,8% га ошган.
Ўтган йилда янги ташкил этилган кичик тадбиркорлик субъектлари сони 2020 йилга нисбатан 8,3%га пасайиб, 6418 тани ташкил этди. ЯҲМда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг улуши 75,4% (2020 йилда 75,6%) ни ташкил қилган.
Ташқи савдо айланмаси
Ташқи савдо айланмаси ҳажми 1 086,9 млн. долларни ташкил қилган ҳолда, 2020 йилга нисбатан 30,8%га ошган. Вилоят ташқи савдо айланмасининг республика жами ташқи савдо айланмасидаги улуши 2,6%ини ташкил қилган.
2021 йилда жами амалга оширилган экспорт ҳажми – 311,3 млн. долларни ташкил қилиб, 2020 йилга нисбатан 34,7%га ортгани кузатилган. Импорт ҳажмида эса 2020 йилга нисбатан 29,2% га ўсиш кузатилиб, 775,6 млн. долларни ташкил этган.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Самарқанд филиали ходимлари
Изоҳ қолдириш