Осиёдаги нефтни қайта ишлаш заводлари Яқин Шарқдан нефть етказиб бериш тикланиши ҳисобига қайта ишлаш ҳажмини оширади (Reuters)
Kpler таҳлилий компанияси маълумотларига кўра, сентябрь ойида Яқин Шарқдан (Эрондан ташқари) хом нефть ва газ конденсати экспорти ҳафтасига 18,11 млн тоннагача тикланиб, 2026 йил февраль ойида можаро бошланишидан олдинги даражага (18,22 млн тонна) яқинлашди.
Шу билан бирга, нефтни қайта ишлаш корхоналари фаолиятидаги муаммолар сабабли Яқин Шарқ мамлакатларидан нефть маҳсулотлари экспорти можародан олдинги ҳажмнинг ярмидан ҳам камлигича қолмоқда. Осиёдаги нефтни қайта ишлаш заводлари қайта ишлаш ҳажмини ва ёқилғи экспортини ошириш орқали ушбу камайишнинг ўрнини қоплаши мумкин.
Энергетика институти маълумотларига кўра, жаҳондаги нефтни қайта ишлаш қувватларининг 37 фоизи Осиё ҳиссасига тўғри келади. 2025 йилда Осиёга импорт қилинган хом нефтнинг 60 фоизиЯқин Шарқ мамлакатларидан етказиб берилган.
Халқаро энергетика агентлиги баҳолашича, нефть етказиб бериш қисқариши сабабли 2026 йил апрель ойида Осиёдаги заводлар нефтни қайта ишлаш ҳажмини суткасига 6 млн баррелга камайтирган. Етказиб беришнинг тикланиши заводларга ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш даражасини ошириш имконини беради.
Ҳиндистонда нефтни қайта ишлаш қуввати суткасига 5,1 млн баррелни ташкил этади. Хитой эса дунёдаги энг йирик нефтни қайта ишлаш қувватига эга бўлиб, бу кўрсаткич суткасига 18,8 млн баррелга етади. Жанубий Корея ва Сингапур ҳам нефть маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажмини ошириш имкониятига эга.
Ёқилғи нархларининг юқорилиги нефтни қайта ишлаш корхоналари даромадлилигини оширмоқда. Яқин Шарқдан нефть етказиб бериш тикланиши Осиёдаги заводларга ёқилғи ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва Европа, Африка ҳамда Осиёнинг бошқа мамлакатларига экспорт ҳажмини ошириш имконини беради.
Технологик маҳсулотларга юқори талаб Хитой экспортининг ўсишига хизмат қилди (Financial Times)
Хитой божхона статистикасига кўра, 2026 йил сентябрь ойида мамлакат экспорти йиллик ҳисобда 36,3 фоизга ўсиб (августда 25 фоиз), прогноздан (25,5 фоиз) юқори бўлди. Бу февраль ойидан (39,6 фоиз) буён энг юқори ўсиш кўрсаткичидир. Импорт эса 31 фоизга ошиб (августда 28,2 фоиз), прогноз қилинган 24,5 фоизлик ўсишдан юқори натижа қайд этди.
Хитойда ишлаб чиқарилган яримўтказгичлар ва сунъий интеллект учун мўлжалланган технологик маҳсулотларга юқори талаб экспорт ўсишини қўллаб-қувватламоқда. Ички истеъмол ва инвестиция фаоллиги суст бўлган шароитда экспорт ҳажмининг ошишиХитой саноат ишлаб чиқаришини қўллаб-қувватламоқда.
Сентябрь ойида Хитойнинг нодир ер металлари экспорти йиллик ҳисобда 6,7 фоизга ўсиб, 4,27 минг тоннани ташкил этди. Бироқ августга нисбатан экспорт 9,8 фоизга камайди. 2026 йил январь-сентябрь ойларида эса экспорт ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 9,6 фоизга қисқариб, 43,7 минг тоннани ташкил этди.
2026 йил январь-сентябрь ойларида Хитой ташқи савдосининг ижобий сальдоси 938,11 млрд долларни ташкил этди. Экспортнинг ҳозирги ўсиш суръатлари сақланса, яқин ойларда ушбу кўрсаткич 1 трлн доллардан ошиши мумкин.
Экспортнинг барқарор ўсиши Хитой иқтисодий ўсишини қўллаб-қувватлаб, иқтисодиётни рағбатлантириш бўйича қўшимча давлат чораларига эҳтиёжни камайтирмоқда. 2026 йил учун мамлакат ЯИМ ўсишининг мақсадли кўрсаткичи 4,5–5 фоиз этиб белгиланган. АҚШ ва Европа Иттифоқи томонидан янги савдо чекловлари жорий этилиши эҳтимоли асосий хавфлардан бири бўлиб қолмоқда.
ХВЖ: сунъий интеллект жаҳон иқтисодиёти ўсишини қўллаб-қувватламоқда, бироқ молиявий хавфлар кучаймоқда (NewsMarket)
Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) 2026 йил учун жаҳон иқтисодиётининг ўсиш прогнозини 3,0 фоиздан 3,1 фоизга оширди. 2027 йил учун прогноз эса 3,4 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирилди.
Шу билан бирга, ХВЖ прогнозларига кўра, 2026 йилда жаҳонда инфляция 4,7 фоизни ташкил этади. Сунъий интеллект соҳасига йўналтирилаётган инвестициялар иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлаётган бўлса, энергия ресурслари нархларининг юқорилиги, давлат қарзининг ортиши ва геосиёсий хавфлар ўсишни чекловчи омиллар бўлиб қолмоқда.
Прогнозга кўра, жаҳон иқтисодиёти ўсишининг 95 фоизи 32 та мамлакат ҳиссасига тўғри келади. Бу иқтисодий фаоллик технологик инвестициялар ўсиши ва қулай ташқи иқтисодий шароитлардан фойда кўраётган мамлакатларда тобора кўпроқ жамланаётганини кўрсатади.
ХВЖ глобал молиявий барқарорлик тўғрисидаги ҳисоботида учта асосий хавфни қайд этди: сунъий интеллект билан боғлиқ компанияларнинг бозор қиймати пасайиши эҳтимоли, давлат облигациялари даромадлилигининг ошиши ҳамда молия тизими фаолиятини издан чиқариши мумкин бўлган йирик киберҳужумлар.
Жаҳон иқтисодиётида янги технологик ишлаб чиқариш занжирларида иштирок этаётган мамлакатлар билан технологиялардан фақат фойдаланувчи мамлакатлар ўртасидаги тафовут тобора ортиб бормоқда.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими
Изоҳ қолдириш