Хитойда қарз юкининг ортиши иқтисодиётни рағбатлантириш имкониятларини чекламоқда (Financial Times)
Financial Times маълумотига кўра, Хитойда давлат қарзи бўйича фоиз тўловларининг ортиши иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлаш ва ички талабни жонлантириш учун бюджет имкониятларини чекламоқда.
The Conference Board тадқиқот маркази ҳисоб-китобларига кўра, 2026 йилда қарзга хизмат кўрсатиш тўловлари давлат бюджетининг 19,2 фоизни ташкил этиши кутилмоқда. 2014 йилда бу кўрсаткич 12 фоиз бўлган.
Қарз юки маҳаллий ҳокимиятлар молиясига ҳам босим ўтказмоқда. Уларнинг фоиз тўловлари 2014 йилдан буён йилига ўртача 16 фоизга ошган. Марказий ва маҳаллий ҳукуматларнинг жами фоиз тўловлари 2014 йилдаги 348 млрд юандан 2026 йилда 1,4 трлн юанга, яъни тахминан 209 млрд долларга етиши кутилмоқда.
Morgan Stanley’нинг Хитой бўйича бош иқтисодчиси Робин Син яқин муддатда асосий эътибор йил бошида тасдиқланган бюджет ижросини жадаллаштиришга қаратилишини кутмоқда.
Сунъий интеллектга инвестициялар жаҳон иқтисодий ўсишини қўллаб-қувватламоқда (Reuters)
ХВЖ бошқарувчи директори Кристалина Георгиева сунъий интеллект (СИ) инфратузилмасига йўналтирилаётган йирик инвестициялар жаҳон иқтисодий ўсишини қарийб 3 фоиз даражасида сақлашга ёрдам бераётганини билдирди. Ускуна ва технологик маҳсулотлар етказиб берувчи Осиё мамлакатлари, жумладан, Таиланд бундан катта фойда кўрмоқда.
Георгиеванинг айтишича, СИ инфратузилмасига инвестициялар ўсиши Осиёнинг ривожланган иқтисодиётларида иқтисодий ўсишни 0,5–1 фоиз бандга, ривожланаётган мамлакатларида эса 0,2–0,8 фоиз бандга ошириши мумкин.
Шу билан бирга, СИ меҳнат бозоридаги вазифалар ва кўникмаларга талабни ўзгартирмоқда. ХВЖ баҳосига кўра, СИ вақт ўтиши билан жаҳондаги иш ўринларининг 40 фоизига таъсир қилиши мумкин: айримларида ходимлар имкониятлари кенгаяди, бошқаларининг аҳамияти пасаяди ёки улар йўқолиши мумкин.
Дастлабки тадқиқотларга кўра, АҚШда иш ўринларининг 10 фоизи аллақачон СИ билан ишлаш кўникмаларини талаб қилмоқда. Бир хил ва такрорланувчи вазифалар билан боғлиқ иш ўринлари сони қисқараётган бир пайтда, нисбатан кам ҳақ тўланадиган икки соҳада - қурилиш ва дата марказларда иш ўринлари сони ортиб бормоқда.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими
Изоҳ қолдириш