Олмалиқ давлат техника институтида дуал таълим: кончилик муҳандисларини тайёрлашда янги ҳамкорлик

Олмалиқ давлат техника институтида дуал таълим: кончилик муҳандисларини тайёрлашда янги ҳамкорлик

Назарий билимдан ишлаб чиқариш амалиётига

Саноат корхоналарида замонавий ускуналар ва автоматлаштирилган бошқарув тизимларининг жорий этилиши улар билан ишлай оладиган муҳандисларга эҳтиёжни оширмоқда. Дуал таълим талабаларга институтда олган назарий билимларини корхонада қўллаш ва ўқиш давридаёқ касбий тажриба орттириш имконини беради.

Ўзбекистонда дуал таълимнинг ҳуқуқий асослари 2020 йил 23 сентябрдаги «Таълим тўғрисида»ги ЎРҚ–637-сон Қонунда белгиланган. Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 29 мартдаги 163-сон ва 2025 йил 16 январдаги 14-сон қарорлари ҳам мазкур таълим шаклини ривожлантиришга қаратилган.

Олмалиқ давлат техника институтининг «Нишбош» кўмир кони билан ҳамкорлиги талабаларни замонавий кончилик технологиялари билан бевосита корхонада таништиришга қаратилган. Конда Хитой технологиялари асосида ер ости усулида кўмир қазиб олиш, замонавий кон ускуналари, конвейерлар, автоматлаштирилган бошқарув ва саноат хавфсизлиги тизимларини жорий этиш бўйича лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Кўмир ресурсларини ўрганиш учун қўшма лаборатория

Институтда Хэнань политехника университети (Henan Polytechnic University) профессор-ўқитувчилари ва «Нишбош» кўмир кони вакиллари иштирокида учрашув ўтказилди. Учрашув якунида имзоланган меморандумда «Кўмир ресурсларини ўзлаштириш ва улардан фойдаланиш бўйича Хитой–Ўзбекистон қўшма лабораторияси»ни ташкил этиш кўзда тутилган.

Томонлар қўшма илмий тадқиқотлар ўтказиш ва уларнинг натижаларини ишлаб чиқаришга татбиқ этишни режалаштирган. Ҳамкорлик кончилик, саноат хавфсизлиги ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳалари учун мутахассислар тайёрлашни ҳам қамраб олади.

«Нишбош» кони ҳудудида кампус ташкил этиш режаси

Ҳамкорлик доирасида «Нишбош» кўмир кони ҳудудида институт кампусини ташкил этиш ташаббуси ҳам илгари сурилган. Кампусда ўқув хоналари ва лабораторияларни жиҳозлаш, амалий машғулотлар учун махсус майдонлар ташкил этиш режалаштирилган.

Кампус ташкил этилса, талабалар кон ускуналарининг ишлаш тартибини корхона мутахассислари билан бирга ўрганиши ва саноат хавфсизлиги талаблари амалда қандай бажарилиши билан танишиши мумкин бўлади. Профессор-ўқитувчилар эса конда юзага келадиган техник масалаларни ўрганиб, муҳандислар билан биргаликда амалий ечимлар ишлаб чиқиш имконига эга бўлади.


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар