Тошкентда “TUMO” креатив технологиялар маркази очилади

Тошкентда “TUMO” креатив технологиялар маркази очилади

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва “TUMO” креатив технологиялар маркази ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар қилди.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Э.Мухитдиновқуйидагиларни таъкидлади:

“Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги олдида жорий йил давомида 70 минг ёшларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга ўқитишдан иборат катта вазифа турибди. “TUMO” марказининг ушбу лойиҳаси ҳар йили 12 ёшдан 18 ёшгача бўлган 1200 та ижодий технологиялар соҳасидаги ёш мутахассисларни тайёрлаш бўйича асосий вазифани ҳал қилади. Дарслар бепул бўлиб, ушбу курсларда ўқиш даври учун стипендия берилади.

Бундан ташқари, биз ҳозирда “TUMO” марказида 18 ёшдан юкори бўлган ўқувчиларни жалб қилиш орқали талабалар аудиториясини кенгайтириш бўйича миллий ҳамкорларимиз билан музокаралар олиб бормоқдамиз”.

Ўз навбатида, Еревандаги “TUMO” креатив технологиялар марказининг франчайзинг бўйича директори С.Хескок қуйидагиларни таъкидлади:

“Бутун дунёда бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам истеъдодли мутахассисларга талаб юқори, шу билан бирга, талаб ва таклиф ўртасидаги фарқ жуда катта. Сўнгги икки кун ичида бўлиб ўтган музокараларимизда биз ушбу масалани ҳал қилиш учун Ўзбекистон ҳукумати амалга ошираётган кенг кўламли тадбирлардан жуда ҳайратландик. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ўз олдига жуда улкан мақсадларни қўймоқда, биз уларни олқишлаймиз ва уларнинг бир қисми бўлишдан фахрланамиз.

Бугун биз бу ерда қилаётган ишларимиз узоқ йиллар давом этадиган ва натижада рақамли технологияларни яхши ўрганадиган, ижодий соҳага ва охир-оқибат, товарларни, хизматларни ёки одамларни бошқа мамлакатларга олиб ўтишга эмас, балки Интернетга асосланган глобал иқтисодиётга кириш имкониятига эга бўлган минглаб ўзбекистонлик ёшларга таъсир кўрсатадиган муносабатларнинг бошланишидир. Биз буни бутун дунё иқтисодиёти учун ҳам олға силжиган қадам деб биламиз ва шу мақсадда Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишдан мамнунмиз”.

Мазкур ташаббус давлат раҳбарининг жорий йил январь ойида Юнусобод туманига ташрифи давомида берган топшириғи ижросини таъминлаш юзасидан амалга оширилмоқда. Ушбу ташриф чоғида етакчи халқаро команиялар талаби ва стандартларига мувофиқ, ахборот технологиялари соҳасида ёшларни тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига Юнусобод машинасозлар касбий коллежи базасида ахборот технологиялари бозорида талаб юқори бўлган касбларга ҳар йили 1200 нафардан ортиқ ёшларни ўқитадиган ва кейинчалик улрани ишга жойлаштиришга ихтисослашган “TUMO” креатив технологиялар марказини очиш топширилган эди.

Тадбир якунида С. Хескок самимий қабул учун миннатдорчилик билдирди ва:

“Мен Ереван, Бейрут, Париж, Берлин, Тираны ва Москвадан ташқари навбатдаги “TUMO” Маркази Тошкентда ҳам бўлишидан жуда хурсандман. Бу Марказий Осиёдаги биринчи “TUMO” маркази бўлади”, – деди.

Маълумот учун: “TUMO” маркази креатив технологиялар соҳасида ёшларни амалий фаолиятга тайёрлайдиган инновацион таълим платформаси ҳисобланади. Ихтисослашган курслар, маъруза ва тадбирлар талабаларга ўз билим ва кўникмаларини кундалик ҳаётда қўллаш имкониятини беради.

Марказнинг асосий мақсади ёшларнинг дунёқарашини кенгайтириш ва ИТ соҳасидаги ижодий салоҳиятларини тўлақонли юзага чиқариш саналади.

Марказга 2011 йил Ереванда, Арманистонда асос солинган. Арманистондан ташқари “TUMO” марказлари Париж, Бейрут, Москва, Тирана ва Берлинда ҳам фаолият юритади. Ёшларни ўқитиш бугунги глобал меҳнат бозорида талаб юқори бўлган график дизайн, 3Д моделлаштириш, дастурлаш, робототехника, веб-дастурлаш, кино ишлаб чиқариш сингари 14 та йўналиш бўйича амалга оширилади.

2016 йилда “TUMO” креатив технологиялар маркази Силикон водийсидаги “AltSchool”, Токиодаги “Kindergarten” ва Нидерландиядаги “Steve Jobs School” мактабларини ортда қолдириб, “We demain” француз журнали томонидан тузилган дунёнинг инновацион мактаблари рейтингида етакчиликни қўлга киритди.

Марказ 2018 йил Хайдаробод, Ҳиндистонда бўлиб ўтган Ахборот технологиялари бутунжаҳон конгресси (WCIT)да топширилган “Implementation of the Digital Century” (Рақамли юз йилликни жорий этиш) мукофоти совриндоридир.

Шунингдек, Марказ таълим, ўқитиш ва оммалаштириш соҳасида 2019 йил Europa Nostra Award мукофотига эга бўлган. Ушбу мукофот табиат муҳофазаси, илмий тадқиқотлар ва фидокорона хизматлар соҳасига муносиб ҳисса қўшган ташкилотлар ва алоҳида шахсларга берилади.

Марказнинг Консультатив кенгашига Майкл Арам (“Michael Aram” асосчиси), Рэв Лебаредиян (“NVIDIA” вице-президенти), Раффи Крикорян (“Emerson Collective”, “Uber”, “Twitter”), Роджер Купелян (“VFX Artist”, “Fugitive Studios”), Пегор Папазян (“Bazillion Beings” бош директори), Кэтрин Сарафян (“Pixar” продюсери), Алекс Серопян (“Industrial toys” бош директори), Серж Танкян (“System of a Down” солисти) сингари нуфузли одамлар киради.


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар