Давлат хизматчиларига ҳар йили даромад, мол-мулк ва катта харажатлар тўғрисида декларацияни тақдим этиш мажбурияти қўйилади

Давлат хизматчиларига ҳар йили даромад, мол-мулк ва катта харажатлар тўғрисида декларацияни тақдим этиш мажбурияти қўйилади

Ўзбекистон Республикасининг давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги муносабатларини тартибга солишни назарда тутувчи “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Лойиҳада давлат хизматчилари ҳар йили ўзининг даромадлар, мол-мулк ва катта миқдордаги харажатлар тўғрисидаги, шунингдек, оила аъзоларининг даромадлар, мол-мулк ва катта миқдордаги харажатлари тўғрисидаги декларациясини тақдим қилишлари белгилаб қўйилган.

Шунингдек, Ҳужжат лойиҳаси билан Давлат фуқаролик хизматчисига яна қуйидаги мажбуриятлар ҳам юкланмоқда:

  • Ўзбекистон Республикаси Конститутцияси, меҳнат қонунчилиги талабларига, давлат фуқаролик хизмати тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ва бошқа қонун ҳужжатларига риоя этишга, унга юклатилган хизмат вазифаларини виждонан бажаришга, давлат органлари ва ташкилотларида ўрнатилган меҳнат интизомига, хизмат маълумотлари билан ишлаш ва давлат органида ўрнатилган бошқа ички меҳнат тартиб қоидаларига, шунингдек, Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этишга;
  • ўз ваколатларини амалга оширишда ҳам, хизматдан ташқари муносабатларда ҳам манфаатлар тўқнашувини олдини олиш, холис ва беғараз бўлиш, миллат ва элатларнинг тиллари ва урф-одатларига ҳурмат кўрсатиш;
  • давлат фуқаролик хизматининг нуфузини туширишга олиб келувчи ёки давлат фуқаролик хизматчиси ўз хизмат вазифаларини виждонан бажаришга шубҳа туғдирадиган ҳар қандай ҳаракатлардан ўзини тийишга, шу жумладан, дискриминация (камситиш)нинг ҳар қандай шаклидан, нохолислик ёхуд ўз хизмат вазифаларини бажариш жараёнида бирор кимга бошқалардан фарқли равишда алоҳида муносабатда бўлишга, бегона шахсларнинг ўзининг хизмат фаолиятига таъсир этиш имкониятига йўл қўймасликка;
  • ўзининг хизмат мавқеини шахсий ёки бошқа ноқонуний мақсадларда ишлатмасликка, шунингдек, давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига ва унинг манфаатдор шахслари ва фуқароларига таъсир ўтказмасликка;
  • раҳбарият ва юқори турувчи органлар ва ташкилотларнинг ўз ваколати доирасидаги буйруқлари, фармойишлари, қарорлари, кўрсатмаларини бажаришга, ушбу буйруқ, фармойиш, қарор ва кўрсатмалар қонун ҳужжатларига яққол зид бўлган ҳолатлар бундан мустасно;
  • давлат сирларини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ўзида акс эттирган маълумотларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этишига, шунингдек хизмат фаолияти тугаганидан сўнг ҳам хизмат фаолияти пайтида олинган маълумотларни ошкор қилишга;
  • давлат мулкини бут сақлашга, топширилган давлат мулкини фақатгина хизмат мақсадида ишлатишга;
  • ўз касбий фаолиятини доимий равишда такомиллаштириш ҳамда малакасини оширишга;
  • давлат фуқаролик хизматчисининг психологик портретини тузиш мақсадида психодиагностик кўрикдан ўтишга;
  • давлат фуқаролик хизматчиларининг базавий билимларини ҳамда дунёқарашини аниқлаш бўйича тест синовларида қатнашишга.

Қонун ҳужжатлари билан давлат фуқаролик хизматчиларининг бошқа мажбуриятлари белгиланиши мумкин.

Ушбу қонун Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Олий Мажлис Сенати аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва давлат ҳокимияти вакиллик органлари депутатлари ҳамда судялардан ташқари барча Ўзбекистон Республикаси давлат фуқаролик хизматчиларига татбиқ этилиши назарда тутилмоқда.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар

Сўнгги янгиликлар