Энергетика вазирлиги электр таъминотидаги узилишларни мамлакатда энергоресурсларга бўлган мавсумий талаб билан бир вақтда уларни етказиб бериш ҳажмининг ўсиши ҳамда ўзаро боғлиқ бўлган қатор омиллар билан изоҳламоқда.
Маълум қилинишича, куз-қиш мавсумида мамлакатда электр энергиясига бўлган талаб 3 баробарга, табиий газга бўлган талаб эса 4 баробарга ортади.
Хусусан, жорий йилги куз-қиш мавсумида истеъмолчиларга ўтган мавсумга нисбатан 12,5 фоизга кўп электр энергияси етказиб бериш кўзда тутилган. Шунингдек, 2021 йил октябрь-декабрь ва 2022 йил январь-марть оралиғида истеъмолчиларга етказиб берилиши мўлжалланган табиий газ ҳажми ўтган мавсумга нисбатан 1,61 млрд куб метрга кўп эканлиги айтиб ўтилган.
Шунингдек, иситиш мавсуми олдидан кенг кўламли тайёргарлик ишларига қарамай, бир-бирига боғлиқ бўлган қатор омиллар таъсирида электр энергиясининг узилишлари билан боғлиқ алоҳида ҳолатлар қайд этилмоқда.
Биринчидан, 4−5 ноябрь кунлари кузатилган кучли шамол ва чанг бўрони оқибатда иккита йирик электр станцияси — Тошкент ва Сирдарё электр станцияларидаги жиҳозларни қалин чанг қоплаган.
Мазкур ИЕСларни чанг қопламидан тозалаш учун зарур ишлар амалга ошириш вақтида, хавфсизлик қоидаларига мувофиқ, станциялар электр узатиш тармоғидан узиб қўйилганлиги натижасида айрим ҳудудларда электр энергияси узилиб қолган.
Иккинчидан, жорий йилда республикада сув ресурслари танқислиги туфайли ГЭСларда йил охирига қадар белгиланган режадан 1,5 млрд кВт/соатга ёки қарийб 23 фоизга кам электр энергияси ишлаб чиқариш режалаштирилган. Маълумот учун, 1,5 млрд кВт/соат ҳажмдаги электр энергияси республика истеъмолчиларининг бир ойлик узлуксиз таъминоти учун етарли бўлиши мумкин.
Учинчидан, ишлаб чиқариш ва таклиф қанчалик оширилмасин, бу ресурслардан оқилона ва тежамкорлик билан фойдаланилмаслиги тармоқдаги узилишларга олиб келади.
Тўртинчидан, электр ва газ тармоқларига ноқонуний уланиш ҳолатлари ҳам тизим фаолиятига кучли салбий таъсир кўрсатади.
Хусусан, ўтган 9 ой давомида мамлакат миқёсида электр энергиясидан фойдаланишда 706 та, газ тармоғига ноқонуний уланиш билан боғлиқ 2535 та ҳолат қайд этилган.
Изоҳ қолдириш